Кўрилди

Чиқиндихона бартараф этилди

Адлия кўмаги билан

Риштон туман адлия бўлимига тумандаги Уйрат ММТПга қарашли пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги “Агронов Алиев” фермер хўжалиги раҳбари Н.Алиева мурожаат этиб, фермер хўжалигига чегарадош  бўлган 17, 18-контурларда жойлашган Сўхобод қишлоғидаги 1,21 гектар ер майдонида жойлашган марказий “Ахлатхона”ни аҳоли соғлиғи учун хавф-хатар туғдираётганлиги, ахлатларни ўз вақтида дорилаш, кўмиш ва зарарсизлантириш қоидаларига умуман риоя этилмасдан келинаётганлиги сабабли, чиқиндихонани бошқа ҳудудга кўчирилишида амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат этган.

Бўлим томонидан туман Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази ва вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси туман инспекциясидан мутахассислар жалб қилиб ўрганилганда, ушбу чиқиндихона туман ҳокимининг 2015 йил 26 декабрдаги 1357-сонли “Риштон тумани ободонлаштириш бошқармасига марказий “Ахлатхона” сифатида фойдаланиш учун ер майдони танлаш ва ажратиш ҳақида”ги қарорига асосан Сўхобод қишлоғида жойлашган 17, 18-контурлардаги 1,21 гектар ер майдонида ташкил этилганлиги аниқланди.

Бироқ, чиқиндихона учун ер майдонини ажратишдан олдин танланган ер майдони фуқаролар соғлиғи ва ҳаёти, атроф муҳит, ер ости сизот сувларига таъсирини баҳолаш учун Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси  ҳамда Фарғона Гидрогеология экспедицияси хулосалари олиб ўрганилмаганлиги, ҳоким қарори қабул қилингач эса, вилоят Архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан меъморий режалаштириш талаблари тўплами тайёрлатилмаганлиги, чиқиндихона ташкил этиш жараёнида ва кейинчалик “Тоза ҳудуд” ДУК Риштон туман филиали томонидан фойдаланиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Жумладан, 2019 йилнинг 11, 16 декабрь кунлари жойига чиқиб юқоридаги чиқиндихонани ўрганиш жараёнида, ушбу 1,2 гектар ер майдонида жойлашган чиқиндихонада “Тоза ҳудуд” ДУК Риштон туман филиали томонидан 1,8-2 метр баландликдаги сим тўр билан ўраб қўйиш билан чекланилганлиги, полигон ташкил қилинишида чиқинди турлари бўйича алоҳида-алоҳида ташлаб зарарсизлантириш мақсадида жойлар ташкил қилинмаганлиги, компост усулида кўмиб, чиритиш учун алоҳида, қурилиш материаллари полиэтилен-пластмасса, шиша, темир, суюқ чиқиндилар, ўлган ҳайвонларни ўликлари учун алоҳида махсус ажратилган жойлар, ҳар бир жой орасида автомашина, бульдозер, трактор юриши учун йўлаклар, чиқинди ташувчи автомашиналарни чиқиндидан бўшагач, тозалаш, ювиш, зарарсизлантириш майдони, шу жойда юқори босим билан ишловчи сув крани, ювинди сувлар йиғилиши учун бетонли ўра, ишчи ходимлар учун  кийим алмаштириш хонаси, ювиниш хонаси, овқатланиш хонаси, дам олиш хонаси, зарарсизлантирувчи воситаларни сақлаш учун жиҳозланган омбор ташкил этилмаганлиги. Унинг ўрнига 3х5 ўлчамдаги бир хонали уй ва ҳожатхона қуриш билан чекланилганлиги, чиқиндихонага келтирилаётганн чиқиндиларни тартибсиз ташланганлиги оқибатида майдон ичида чиқиндилар чиқиндихона атрофини ўраб турган сим тўр девор баланлигигача етиб бориб, хатто кириш йўли ҳам чиқинди билан тўлиб кетганлиги. Чиқиндихона ташкарисида “буфер зона” ажратилмаганлиги оқибатида, чиқиндилар шамолда сим тўр девордан ошиб ўтиб, фермер хўжалиги ерларини ифлослантираётганлиги. Полигон қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилганлиги оқибатида полигон ёнида жойлашган тик артезиан қудуғидан чиқаётган давлат андозаси 950-2011 талабига тўлиқ жавоб берувчи аҳоли истеъмолига яроқли ҳолдаги ҳамда атрофдаги “Агроном Алиев” фермер хўжалигининг ва “Иномов Иқболжон” МЧЖ га қарашли хом ва пишган ғишт ишлаб чиқариш цехида ишловчи 20 нафар доимий ишчилар фойдаланувчи ичимлик суви чиқиндилар билан ифлосланиши оқибатида ошқозон ичак касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлувчи ифлос сувга айланаётганлиги аниқланди.

Туман адлия бўлими томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 2020 йил 4 январь куни туман ҳокими номига туманнинг Сўхобод қишлоғида жойлашган марказий “Ахлатхона”ни ташкил этиш бўйича чиқарилган ҳоким қарорларини бекор қилиш ва чиқиндихонани бартараф этиш юзасидан “Қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида” тақдимнома ва Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Риштон туман инспекциясига “Тоза ҳудуд” ДУК Риштон туман филиали раҳбари Ш.Абдуллаевни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан маъмурий таклиф киритилиб, мурожаатчининг мурожаати қаноатлантирилди.

Риштон туман адлия бўлимининг тақдимномасига асосан туман ҳокими томонидан 2020 йил 28 январдаги “Туман ҳокимининг 2015 йил 26 декабрдаги 1357-сонли, 2017 йил 31 августдаги 1619-сонли ва 2017 йил 18 ноябрдаги 1992-сонли қарорларини бекор қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Риштон туман инспекцияси томонидан 2020 йил 24 январдаги “Маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида”ги қарори билан “Тоза ҳудуд” ДУК Риштон туман филиали раҳбари Ш.Абдуллаевга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида маъмурий жарима тайинланди.

Баҳодир ТОҲИРЖОНОВ, Фарғона вилояти, Риштон туман адлия бўлим бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *