Кўрилди

Бугунги суд-ҳуқуқ  ислоҳотлари

Мамлакатимиз мустақиллика эришганидан сўнг 29 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасида катта ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, замон билан ҳамнафас яшаб келаётган халқимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бир қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиб келинмоқда.

Дастлаб, Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 4850-сонли, 2017 йил 21 февралда “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4966-сонли,  2018 йил 13 июлда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  5482-сонли Фармонлари қабул қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган суд-ҳуқуқ соҳасидаги вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида 2020 йил 24 июль куни қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 6034-сонли Фармони суд тизимининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқ қайта кўриб чиқишни таъминлайди.

Ушбу Фармонга кўра, суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади;

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади, Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади;

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш;

суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади;

жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади;

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарлари протестига асосан кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина суддан чақириб олиб ўрганиш;

қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш тартиби жорий этилади.

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби тузилади ва унга инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилади.

Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши;

қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига ҳисобдор бўлган, Олий суд раисининг тақдимномасига асосан Олий суд Пленуми томонидан лавозимига тайинланадиган ҳамда лавозимидан озод этиладиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозими, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматлари ташкил этилади.

Ушбу Фармон келгусида чинакам мустақил суд тизимини шакллантириш, судга иши тушган ҳар бир инсоннинг суддан рози бўлишига, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўла таъминланишига мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб қолади.

М.ТУЛАНОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *