Кўрилди

БОШ ПРОКУРАТУРА ПРОТЕСТИ:

Яна бир бор такрорлайман, тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига ҳиёнат деб қабул қиламиз.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти.

қонун бузилиш ҳолатлари нима сабабдан Олтиариқ тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан бартараф этилмаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Ўзбекистон Республикасининг суд ҳокимияти” деб номланган XXII бобини 114-моддасида “Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир” деб белгилаб қўйилган. Зеро, сиз билан биз ҳуқуқий-демократик жамият қуриш йўлида сай-ҳаракат қилиб, муҳтарам Президентимиз, Ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган барча Фармону қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан тайёрланиб, Сенат томонидан маъқулланаётган қонунлар айнан юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини назарда тутган ҳолда қабул қилинаётган экан, ҳуқуқий-демократик жамиятимизда судлар Конституциямизда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритишини (106-модда) сира унутмаслигимиз лозим.

“Қонун ва ижро” газетасига келиб тушган ариза-шикоятлардан бирида эса Олтиариқ туманида фаолият олиб борган “Валижон Ваҳобжон Юсуфжон” фермер хўжалиги раҳбари Валижон Набиев Олтиариқ тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан суд қарорлари сабабсиз бажарилмай келинаётганини афсус билан билдирган.

Бу ўринда Фарғона вилоят прокуратураси томонидан фермер хўжалиги раҳбари В.Набиевга йўлланган мурожаат жавобига эътиборни қаратайлик:

“2019 йил 30 май №10.2/1960м-19-1892

Олтиариқ туман ҳокимлиги мансабдор шахсларини ҳаракатларидан норозилиги ва бошқалар ҳақидаги ёзган мурожаатингиз кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Олтиариқ туман ҳокимлигининг “Валижон Ваҳобжон Юсуфжон” фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги даъво аризаси вилоят хўжалик суди томонидан кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг 06.01.2016 йилги ҳал қилув қарори билан даъво талаби қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 16.02.2016 йилдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг 20.04.2016 йилдаги қарори билан биринчи инстанцияси судининг ҳал қилув қарори ва апелляция инстанциясининг қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Суднинг қарорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан назорат тартибида  келтирилган протестга асосан Олий суднинг 17.01.2018 йилдаги қарори билан суднинг юқоридаги қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун Риштон туманлараро иқтисодий судига юборилган.

Олий суд раиси ўринбосарининг 16.03.2018 йилдаги ИСҲ-1290-сонли хатига асосан мазкур иш Андижон вилоят иқтисодий суди томонидан кўрилиб, суднинг 01.05.2018 йилдаги ажрими билан даъвогар туман ҳокимлигининг даъвоси кўрмасдан қолдирилган.

Суднинг мазкур ажримидан норози бўлиб Олтиариқ туман ҳокимлигининг кассация тартибида келтирган шикояти Наманган вилоят иқтисодий суди кассация инстанцияси судининг 15.01.2019 йилдаги қарори билан қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Сизнинг Олтиариқ туман ҳокимлиги мансабдор шахслари томонидан суднинг қарори ижроси таъминланмаётганлиги ва фермер хўжалигига ер майдонлари ажратиб берилмаётганлигидан норози бўлиб қолган мурожаатингиз кўриб чиқилиб, Фарғона вилоят прокуратураси томонидан 17.05.2019 йилда Олтиариқ туман ҳокими номига суд қарорлари ижросини таъминлаш бўйича қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган.

Аризангизнинг туман ҳокимлиги мансабдор шахсларини хатти-ҳаракатлари бўйича қисми қонуний ҳал қилиш учун туман прокуратурасига юборилди.

Мазкур жавобдан норози бўлсангиз, юқори турувчи прокурорга шикоят қилиш ҳуқуқингиз борлиги тушунтирилмоқда.

Вилоят прокурорининг ўринбосари С.А.Ҳасанов”.

Хўш, Фарғона вилоят прокуратураси томонидан “Валижон Ваҳобжон Юсуфжон” фермер хўжалигининг фаолияти бўйича Олтиариқ тумани ҳокимлиги мутасаддилари томонидан ноқонуний қарорлар чиқарилиб, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш қандай сабабларга биноан талаб этилмоқда?

Бунга асосий сабаб қилиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатига 2017 йил 6 декабрь куни назорат тартибида протест киритган*и бўлди.

Протестда, жумладан, биринчи инстанция судининг 2016 йил 6 январь кунги қарори асосида Олтиариқ туман ҳокимлигининг даъво аризаси қаноатлантирилганида ва апелляция инстанциясининг 2016 йил 16 февраль кунги қарори  билан мазкур ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилганида “Суд томонидан иш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган… Суд тарафлар ўртасида тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш учун жавобгар томонидан уч йил давомида давлатга пахта ва ғалла топшириш режаси бажарилмаганлиги ва нормативдаги кадастр баҳосидан кам миқдорда ҳосил олинганлигини асос қилиб, ноқонуний қарор қабул қилган.

Жумладан, жавобгар томонидан давлатга пахта топшириш режаси 2013 йилда ҳамда ғалла топшириш режаси 2014 йилда бажарилган.

Бундан ташқари, жавобгар томонидан пахтадан кадастр баҳосига нисбатан 2012 йил 4,5 тонна, 2013 йил 9,5 тонна ва 2015 йил 0,7 тонна кўп ҳосил олинган бўлса, ғалладан кадастр баҳосига нисбатан 2012 йил 5,6 тонна, 2014 йил 6,2 тонна ва 2015 йил 0,5 тонна кўп ҳосил олинган.

Мазкур ҳолатда суднинг жавобгар томонидан белгиланган давлатга пахта ва ғалла топшириш режаларини мунтазам уч йил давомида бажарилмаганлиги ҳамда нормативдаги кадастр баҳосидан кам миқдорда ҳосил олинганлиги ҳақидаги хулосалари асоссиз ҳисобланади… даъвогар мазкур қонун талабига риоя этмасдан, яъни жавобгарни олдиндан огоҳлантирмаган ҳамда ер участкасини олиб қўйиш ҳақида тақдимнома киритилмаган ҳолда тарафлар ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида даъво ариза киритган.

Суд томонидан даъво ариза киритишда юқоридаги қонун бузилишларга йўл қўйилганлигига тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаган”.

Протестдаги яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, “Мазкур иш бўйича даъвогар юқоридаги Низом (Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 январь кунги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тўғрисидаги Низом”) талаби асосида жавобгарнинг шартнома мажбуриятлари бажарилишини ўрганиш натижаси бўйича далолатнома расмийлаштирилганлиги ҳамда фермерлар кенгашининг ушбу далолатномани кўриб чиқиш натижалари бўйича хулосаси мавжудлиги исботланмаган”.

Албатта, фермер хўжалиги раҳбари В.Набиев адолатни қарор топтириш учун барча ваколатли идора ва ташкилотларга бирин-кетин ёзма мурожаат этмоқда. Бироқ ҳалигача на Олтиариқ туман ҳокимлиги томонидан, на Олтиариқ туман прокуратураси томонидан қонун устуворлигини таъминлаш учун дадил қадам ташлангани йўқ.

Албатта, Олтиариқ туман Ер ресурслари ва Давлат кадастр бўлими бошлиғи У.Аҳмадалиев томонидан фермер хўжалиги бошлиғи В.Набиевга 2019 йил 4 июнь куни №2965/7-сонли хат билан мурожаат қилиб, “…Наманган вилоят Иқтисодий судининг 2019 йил 15 январь кунги “Ҳал қилув қарори” бўйича ҳозирги кунда тумандаги “Валижон Ваҳобжон Юсуфжон” фермер хўжалигига ажратилиши керак бўлган 49,80 га ер майдони, Олтиариқ туман ҳокимининг 2017 йил 1 март кунги №385-сонли “Тендер ғолиби деб топилган “Хайрулло Бахром Бойматов” номли пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалигига туман давлат заҳирасидаги ер майдонларидан қўшимча ижарага ер майдони ажратиб бериш тўғрисида”ги қарорига асосан тумандаги “Хайрулло Бахром Бойматов” номли фермер хўжалигига ижарада фойдаланиш учун бириктириб берилганлиги ҳамда ушбу 49,80 га ер майдонига 2019 йил ҳосили учун бошоқли дон экилиб, буғдой ҳосили етиштириш учун контрактация шартномаси тузилганлигини инобатга олиб, сизга туман давлат заҳира ер майдонлари ҳисобида турган туманнинг Тонг массиви ҳудудидаги жами 56,38 га, шундан экин ери 54,71 га ер майдонини бириктириб бериш бўйича ёзма равишда таклиф берилганлигини маълум қиламиз” деган жавоб берилди, холос.

Фермер хўжалиги раҳбари В.Набиев эса жавобан “Бу хатингизда кўрсатилган Олтиариқ туманининг Тонг массивидаги 56,38 гектар ер майдонига мен рози эмасман. Менга ўзимни аввалги ер майдонларимни суд қарорларига асосан қайтариб беришингизни сўрайман” деган қатъий жавоб берган.

Энг қизиғи, фермер хўжалиги раҳбари В.Набиев Фарғона вилояти прокурори номига 2019 йил 17 июль куни қилган ёзма мурожаатида “Мен сизга суд қарорларига асосан мен бошқарган “Валижон Ваҳобжон Юсуфжон” фермер хўжалиги фаолиятини тиклаб беришингизни сўраб ариза ёзган эдим.

Аризамга асосан 2019 йил 17 май куни Фарғона вилояти прокуратураси томонидан Олтиариқ тумани ҳокими Х.Ниёзов номига суд қарорлари ижросини таъминлаш бўйича, қонун бузилиш ҳолатларини дарҳол бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилган эди. Минг афсуски, мана орадан 2 ой ўтса ҳам Олтиариқ туманидаги ҳоким бошчилигидаги мансабдор шахслар суд қарорларини ва вилоят прокурори тақдимномаси ижросини бажармай келишмоқда.

Аризамнинг Олтиариқ туман ҳокимлиги мансабдор шахсларини хатти-ҳаракатлари бўйича қисми қонуний ҳал қилиш учун туман прокуратурасига юборилди деган жавобини ижросини билиш мақсадида туман прокуратурасига бир неча бор киришимга қарамасдан Олтиариқ туман прокуратураси томонидан Олтиариқ тумани мансабдор шахсларга ҳеч қандай қонуний чоралар кўрилгани йўқ” деб шикоят қилди.

Афсуски, ушбу ёзма мурожаатга ҳам ҳалигача жавоб берилгани йўқ.

Энг ёмони, у ёки бу масалада тегишли идораларга ёзма мурожаат қилаётган фуқароларнинг барчасини масаласи ҳам адолатли ҳал этилмаяпти. Бунга яққол мисол эса “Валижон Ваҳобжон Юсуфжон” фермер хўжалиги раҳбари Валижон Набиевнинг ҳалигача сарсону саргардон бўлиб юрганидир.

Қодирали АҲМАДАЛИЕВ, “Қонун ва ижро” газетасининг махсус мухбири.    

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *