Кўрилди

Бола психологияси ва келажак

Бугуннинг гапи

Бола оиланинг эртаси бўлса, жамиятнинг келажаги демакдир. Унинг ҳар жиҳатдан соғлом улғайиши эса ҳар бир масъул шахснинг биринчи галдаги бурчидир. 

Болалар ўртасида ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолатининг юз бериши нафақат оила учун, балки бутун жамият учун ҳам фожеадир. Бу борада маълум даражада ўсиш кузатилган бир пайтлар бўлди-ки, ҳеч бир идора вакиллари ҳотиржам ухлай олишмади. Бу сир эмас. Маҳалла, мактаб, тиббиёт, диний, ҳуқуқий идоралар вакиллари…

 Демакки, бу фожеанинг зудлик билан олдини олиш зарур эди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, шукрки, ижобийликка эришилди. Аммо бу ҳотиржамликка асос бўла олмайди, албатта. Зотан, ўсиб келаётган авлод руҳиятида ҳар қандай унсур фикрлар, психологик танглик бор-йўқлигини билиш осон эмас.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 13 февралда имзоланган “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарордан кўзланган мақсад ҳам барчамизни янада ҳушёрликка чорлаш ва бу борадаги масъулликни янада жонлантириш, оширишни тақозо этади.

Наманган шаҳар прокуратураси ташаббуси билан шаҳар Халқ таълими бўлимида ташкил этилган “Вояга етмаган ўқувчи-ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш маркази”  болалар ўртасида ўз жонига қасд ёки суиқасд қилиш ҳолати юз беришининг олдини олишга қаратилган мақсадни ўз олдига қўйган.

Марказнинг фаолият юритиши учун лозим бўлган барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, зарур мебель, компьютер жиҳозлари билан таъминланган. Марказ томонидан ташкил этилган “Ўсмирлар ва болалардаги танлик ҳолати психологияси”, “Аниқ вазиятларни таҳлил қилиш, муаммоли вазиятлар, “Стресс профилактикаси”, “Ота-оналарга тавсия бериш, фарзанд тарбияси, одоби” каби мавзуларда кўплаб семинар-тренинглар ўтказиб келинаётир.

Шунингдек, болаларда вужудга келиши мумкин бўлган руҳий муаммоларни аниқлаш, улар табиатида салбий ўзгариш пайдо бўлганда қандай чора-тадбирлар қўллаш лозимлиги борасида доимий марказ билан ҳамкорликда бўлиш ва узвий боғлиқликни таъминлаш юзасидан суҳбатларга кенг ўрин берилган.

Яна шуни айтиш мумкинки, шаҳримиздаги барча мактабларда таълим олаётган ўқувчиларнинг кундалик дафтарига визитка шаклидаги муҳим карточка ёпиштирилган бўлиб, унга қўйидаги сўзлар ёзилган: “Агар сизда ота-онангиз, мактабдаги дўстларингиз билан муаммо бўлса ёки ўзингизни ёлғиз ҳис қилиб, суҳбатдош топа олмасангиз, бизга қўнғироқ қилинг”. Шунингдек, ёзув давомида марказнинг ишонч телефони рақами кўрсатилган. Мактаб раҳбарияти, психологлари томонидан бу борада ўқувчиларга лозим тарзда тушунтиришлар берилган.

Марказга ўртача икки ойда қарийб 300 нафар ўқувчи мурожаат қилган. Уларнинг 49 нафари психологик танглик ҳолатига тушган вояга етмаганларни ташкил этган.

Олиб борилаётган амалий жараёнларга кўра, мурожаатларнинг барчаси тоифаларга ажратилиб, тегишли китобларга қайд этилган ва реаблитацион ишлар тизимли равишда олиб борилган.

Хулоса ўрнида келтириш жоизки, марказнинг бугунги мақсадли фаолияти ўзини оқлаб келмоқда ва уни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадга мувофиқдир. Зотан, келажак фарзандларимиз билан экан, уларнинг бугунги жисмоний, руҳий ва, албатта, ақлий нуқсонсиз камол топишлари йўлидаги ҳар қандай чоралар ўринлидир.

Мирзоҳид ТЎЙЧИЕВ, Наманган вилояти, Наманган шаҳар прокурори. 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *