Кўрилди

“Бир суд-бир инстанция” тамойили судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томондан 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон сўнги йилларда суд тизимидаамалга оширилаётган ислоҳатларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти, мавжуд суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш, унинг фаолияти самарадорлигини ошириш, судлар томондан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш,соҳани халқаро стандартларга мос тарзда қайтадан кўриб чиқишга қаратилган.

Жумладан, фармонга мувофиқ суд тизимида 2021 йил 1 январдан қатор ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланган бўлиб, булар вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда иқтисодий судлар бирлашиб, судьяларнинг ихтисослашуви ва алоҳида судлов ҳайъатлари мавжуд бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилиши, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилиб, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар маркази ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиши, жойлардаги аҳоли ва ишлар юкламасидан келиб чиққан ҳолда айрим туманлардаги иқтисодий судлар тугатилиб, бошқа бир туманларда фуқаролик ва жиноий ишлар бўйича судлар ташкил этилиши ҳамда яна бир қатор соҳага таалуқли долзарб масалалар ҳал этилган. Илғор ҳорижий давлатлар суд тизимида мавжуд бўлган, ишларни тез фурсатларда кўриб чиқиш,фуқароларни сарсон қилмай, ишлар бўйича қонуний ва асосли қарорлар қабул қилишда самарадорлиги исботланган “бир суд-бир инстанция” тамойилининг 2021 йил 1 январдан бошлаб давлатимизда жорий этилиши ҳам юқоридаги фармонда белгиланган.

Ҳозирданоқ, ҳуқуқ илмининг етакчи олимлари, тажрибали ҳуқуқшунослар ва халқаро экспертлар ушбу тамойилнинг юртимизда жорий этилишифақат ижобий ҳолат экани, бунинг натижасида судлар мустақиллиги янада мустаҳкамланиши, бир судда фақат бир босқичнинг бўлиши ишларни холис кўриб чиқишга замин яратиши, суд қарорларини кейинги босқичларда сифатли ва қисқа муддатларда кўриб чиқиш, йўл қўйилган хатоларни тез фурсатда бартараф этиш имкониятлари вужудга келишини таъкидлашмоқда.

 

“Бир суд-бир инстанция” тамойилини жиноят ишлари бўйича судлар тизимида жорий этилишини кўриб чиқсак, унга мувофиқ ҳар қандай турдаги жиноятларнинг квалификацияси, ижтимоий хавфлилигидан қатъий назардастлаб биринчи инстанция судларида, хусусан туман (шаҳар) судларида мазмунан кўриб чиқилиши белгиланмоқда. Бу тамойилнинг амалга киритилиши мазкур судларнинг масъулиятини янада оширади, илгари юқори босқич судларида кўрилган айрим тоифадаги ишларни биринчи босқичда мазмунан кўриб чиқилиб, асосли ва адолатли қарор қабул қилиш учун туман (шаҳар) суди судьялари чуқур билимга ва тажрибага эга бўлишлари талаб этилади, зероки инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муносиб ҳимоя қилишда, ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсларга тегишли жазо тайинлаб, уларнинг ҳуқуқларини чеклашда хатога йўл қўйиш жамиятимизда шаклланиб келаётган судга бўлган ҳурмат ва ишончни сусайтиради. Шу сабаб, биз – биринчи босқич суди судьялари юқоридаги фармон талабларидан келиб чиқиб, билим ва кўникмаларни мунтазам ошириб боришимиз, соҳага доир қонун ва қонун ости нормаларини чуқур тушуниш ҳамда уларни таҳлил қила олишимиз, мураккаб ва кўп шахслар иштирокида содир этилган бир қанча эпизодли жиноят ишларини кўриб чиқиш тажрибасини ўрганиб, ижобий амалиётни ўз фаолиятимизга жорий этмоғимиз лозимдир.

Президентимиз Ш.Мирзиёев 2020 йил 24 январь кунги мурожаатномада“Олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради”-деб айтиб, судьяларни ҳам ўз устида янада кўпроқ изланишлари, уларга топширилган ишларни белгиланган муддатларда, фақат қонунга асосланиб, холисона кўриб чиқиб, адолатли қарорлар қабул қилишда адашмаслик лозимлигини таъкидлаб,сўнги йилларда суд тизимида олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар фуқароларнинг судга бўлган ишончини ортганини айтиб, судларга юқори баҳо берган.

Биз, судьялар юқоридаги фармон мазмун-моҳиятини чуқур англаган ҳолда, ўз вазифаларимизни виждонан ва ҳалол бажариб, давлат раҳбари, жамоатчилик вакиллари ва аҳолининг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга, судларни жамиятдаги ҳар қандай низони ҳуқуқий ҳал қилиш ва уни якунлаш компетентига эга бўлган адолат масканига айланишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз даркордир.

 

Зафаржон Омонов, Жиноят ишлари бўйича Қува туман судининг раиси.               

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *