Кўрилди

Бир суд – бир инстанция

Мамалакатимизда кун тартибига қўйилган адолатли жамият барпо этиш, барча соҳаларда адолатни қарор топтириш тамойили бугун ҳар бир юртдошимиз ҳаётида ўз ифодасини топмоқда.

Бу жараёнда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлатларини  ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш, судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этади.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида 2017 йил 13 июнда судьялар билан ўтказилган тарихий йиғилишда судлардаги йиллар давомида бартараф этилмаётган муаммолар танқидий муҳокама қилиниб, уларни бартараф қилиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиши мустақил Ўзбекистонимизда суд-ҳуқуқ соҳасида янги даврни бошлаб берди.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва тартибга солишга оид муҳим Фармон, қарор ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиндики, соҳанинг ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.

Амалга оширилаётган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини янги босқичга олиб чиқди.

Бироқ бу борадаги изланиш ва ислоҳотлар тўхтаганича йўқ хали. Чунки, ҳаётнинг ўзи суд-ҳуқуқ тизимини дунё андозаларига янада яқинлаштириш, уни турли бюрократик тўсиқлардан ҳоли қилишни кун тартибига қўймоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги навбатдаги муҳим қадам  бўлди.

Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис,  адолатли  ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглигини ва тортишувчанлигини  амалда таъминлаш механизмларини кенгайтиришга қаратилган мазкур Фармон соҳада ечимини кутаётган кўплаб масалаларга ойдинлик киритди.

Жумладан, Фармонга биноан вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган холда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилади.

Хўш, бу нима дегани? Туманлараро судларининг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти жорий қилинади.

Апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш амалиёти жорий қилиниб, суд қарорларининг сифатини ошириш ва барқарорлигини таъминлаш, судда ҳар бир иш бўйича якуний тўхтамга келиш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорларнинг сарсон бўлишини  олдини олишга  қаратилган  суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади.

Бир сўз билан айтганда, бир судда ишларни икки босқичда (биринчи ҳамда апелляция ёки кассация) кўриш амалиётига барҳам берилади.

Шунингдек, Фармонга биноан вилоятимизда фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди фаолият юритади.

Маълумки, Сўх тумани анклав ҳудуд бўлиб, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига бириктирилган.

Сўх туманида яшовчи фуқаролар ўзларининг фуқаролик низоларини ҳал қилиш учун қўшни Қирғизистон Республикаси чегара постидан ўтиб, 150 километр йўл босиб, вилоят маркази орқали Риштон туманлараро судига келар эдилар.

Бу муаммо бир неча йиллардан буён ҳал этилмасдан мазкур туманда яшовчи фуқароларга ноқулайликлар келтириб чиқариш билан бирга, уларни ортиқча сарсон бўлишларига сабаб бўлаётган эди.

Бу масала айниқса, бошқа давлатларда ўхшашлиги йўқ халқни турли масалалардаги мурожаатларини ўрганиб, уларнинг ечимини топишга, оддий қилиб айтганда, халқни дарди билан яшашга хизмат қиладиган янги демократик институт сифатида шаклланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойларда ташкил этилган Халқ қабулхоналарида фуқароларни қабул қилишда ҳамда судга оид масалалар бўйича келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилишда судларда ҳам муаммо ва қийинчилик келтириб чиқараётган эди.

Фармон билан фуқаролик ишлари бўйича Сўх туманини ташкил қилиниши бу борадаги барча муаммоларга барҳам берди.

Жорий йилнинг 12 август куни вилоят телерадиокомпаниясида Фармон ижроси юзасидан депутатлар ва сенаторлар томонидан судьялар корпуси, сектор раҳбарлари билан биргаликда Фармоннинг мазмун-моҳиятини, жумладан, “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида суд қарори устидан шикоят қилишнинг янги тартиби амалга киритилаётганлиги ҳамда янги судлар ташкил этилаётганлиги ҳақида ўтказилган “Очиқ мулоқот”да маълумотлар кенг оммага етказилди.

Фармон Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ соҳасида  белгилаб берилган вазифаларини изчил амалга оширишга, судлар шаффофлигини таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга, ишларни судда кўриш сифатини  ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний  суд қарорларини қабул қилишга, суд ҳокимиятини мустақиллигини таъминлаш ҳамда аҳолининг судга бўлган ишончини ортишига хизмат қилади.

Алишер АБДУЛЛАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг бўлим бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *