Кўрилди

Бепарволик ва лоқайдлик

натижасида Андижон вилоятида 12 минг 123 нафар фуқаро жаримага тортилди. Лекин қўлланилган жарима жазолари озлик қиляпти, чамаси.

Бугунги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, карантин қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Вилоят давлат санитария-эпидемиолгия назорат бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, 12 минг 123 нафар фуқарога  тиббий ниқоб тақмаганлиги боис 3 миллиард 502 минг 888 сўм жарима солинди. Бу озми ёки кўп? Асосийси, бундан етарли хулоса чиқаряпмизми?

Саволларга жавоб топиш мақсадида маҳаллалар, савдо ва умумий овқатланиш  жойларида бўлдик. Ишни талаб даражасида ташкил этиб, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишга масъулият билан ёндашаётган тадбиркорларга раҳмат айтгинг келади. Бироқ, 2020 йил 15 июндан ўрнатилган тартибга амал қилмай, ўзи ва атрофидагиларнинг саломатлигини хавф остига қўяётганлар оз эмас.

Андижон тумани, “Толмозор” МФЙ идорасига кириб борганимизда, котиба Мавлудахон Қўчқорова ишга энди келаётган экан. Ундан нега ниқобсиз юрганини сўраганимизда, сумкасида эканлиги, тақиб олишини айтди. Ана холос. МФЙ фаоллари шундай йўл тутса…

Нозимжон Ғофуров раҳбарлигидаги «Омадбек сеҳрли таомлари” оилавий корхонасининг мазали нон ва сомсалари доим харидоргир. Аммо пандемия талабларига амал қилинмаётгани ачинарли. Новвой Давронбек Эргашев бизни кўриб, ниқобини тақди. Биргина бу билан барча талаблар бажарилди, дегани эмас-ку. Ҳатто тиббий кўрикдан ўтмай мижозларга хизмат кўрсатаётганига нима дейсиз?

Бошқалар ҳам шу ҳолда. Раҳбар Нозимжон Ғофуров ўринсиз баҳоналар билан ўзини оқламоқчи бўлди. Тартибсизлик, санитария талабларига амал қилинмаётгани на МФЙ фаоллари ва на хўрандаларни безовта қилмоқда? Ахир жамоатчилик назорати деганлари қаерда қолди?

Олтинкўллик якка тартибда фаолият юритувчи тадбиркор Азимжон Шамшиддинов турмуш ўртоғи Гулнозахон билан тумандаги “Айрончи” МФЙ ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланади. Улар харидорларга дўкондан ташқарида, серқатнов йўл бўйида хизмат кўрсатмоқда. Тиббий ниқоб тақиш, антисептик воситалардан фойдаланиш эсларида йўқ.

– Ҳаммаси бор, ҳозир жойига қўямиз, –деди-ю, дўконга кириб, қайтиб чиқмади. Бошқа савдо  марказларини ҳам кўздан кечирдик. Анча вақт ўтиб, яна юқоридаги савдо дўконига қайтдик. Ҳолат боягидай.

Бу каби мисоллар талайгина, санашдан эса кимга фойда? Ниқобсиз юрганлар кўп. Савол туғилиши табиий: Андижон ва Олтинкўл туманларида карантин тугатилдими? Йўқ. Жорий йилнинг 15 июнидан ўрнатилган тартиб бу ҳудудларга ҳам тааллуқли. Қўлланилган жарималар камлик қиляпти, чамаси.

Акбаржон НАЗАРОВ, “Қонун ва ижро” газетаси мухбири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *