Кўрилди

Аёл аввало она, лекин бировни фарзандига заҳри қотил тарқатаётган оғуфуруш аёлни нима дейиш мумкин…

Она деганда кўз ўнгимизда муштипар, чумчуққа ҳам озор бермайдиган, ҳокисор, меҳрибон, ҳалол, фариштасифат аёллар кўз ўнгимизда гавдаланади. Лекин гуруч курмаксиз бўлмайди дегандай, ўз ҳузур-халоватини ўйлайдиган, осон бойлик илинжида ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, бошқаларни фарзандини умрини хазон қилиш эвазига даромад топишни ўз олдига мақсад қилган аёллар ҳам баъзида учраб туриши ачинарли ҳолдир. Бундай онани, бувини нима дейиш мумкин…

Мақола “қахрамони” Д.Отажонова (исми фамилияси ўзгартирилган) салкам 60 ёшга кирган, қарилик нафақаси олади, 4 нафар фарзандни онаси, бир этак набираларни бувиси, қуда-андали аёл. Лекин у муқаддам икки марта суднинг қора курсисида ўтиришга “улгурган”, сўнгги 2017 йилда судланишида “трамадол” дори моддаларни қонунга хилоф равишда ўтказгани учун, суднинг қора курсисида жавоб берган, судда унинг аёллиги, оналиги, ёши ва қилмишидан пушаймонлиги сабабли ўзбек халқига ҳос бўлган инсонпарварлик принципи қўлланилиб, озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, уни тўғри йўлга кириш учун имконият берилган. Бироқ, Д.Отажонова юқоридагилардан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, “ўрганган кўнгилни ўртанса қўймас” деганларидай, нафсини гапига кириб, осон бойлик орттириш мақсадида яна жиноятга қўл урди.

Д.Отажонова тузилган жиноий режага кўра 2019 йил октябрь ойида жиноий шериги Қозоғистон Республикасида яшовчи дастлабки терговда шахси аниқланмаган шахсга телефон орқали 1000 дона конвалютада “Трамадол” психотроп таблеткаларини Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистонга ўтказиб бериш хақида буюртма берган.

Дастлабки терговда шахси аниқланмаган Қозоғистон Республикасида яшовчи шахс буюртма қилинган “Трамадол” психотроп таблеткаларини контрабанда йўли билан Қозоғистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтказиб, бу ҳақда Д.Отажоновага хабар берган.

Шундан сўнг, Д.Отажонова мазкур “Трамадол” психотроп таблеткаларни қабул қилиб олиш мақсадида, 2019 йил 3 декабрь куни Тошкент шаҳрига етиб борган ва судланувчи Э.Сатторов (исми фамилияси ўзгартирилган) билан учрашиб, мазкур “Трамадол” гиёҳвандлик воситаларини қабул қилиб олиб, унинг автомашинасида Фарғона вилоятигача олиб бориш бериш, бунинг эвазига йўл кира хақи бериш тўғрисида ўзаро келишган ва Қозоғистондан олиб ўтилган 1000 дона конвалютадаги “Трамадол” психотроп таблеткаларини дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсдан Тошкент вилоятида қабул қилиб олишган ва 2019 йил 4 декабрь куни 1000 дона конвалютадаги “Трамадол” психотроп воситаларини сотиш мақсадида, Э.Сатторов билан бирга унинг бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашинасида Тошкент шаҳридан йўлга чиқишиб, Фарғона вилояти Данғара туманига етиб келганларида хуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимлар томонидан ушланган ва “Дамас” русумли автомашинадан 1000 дона конвалютадаги “Трамадол Ланнахер 50 мг” номли психотроп воситалари ашёвий далил сифатида олинган.

Судда судланувчи Д.Отажонова ўз айбига қисман, Э.Сатторов айбига тўлиқ иқрор бўлган бўлсаларда, суддаги гувоҳларнинг кўрсатувлари, дастлабки терговда тўпланган ҳолис далиллар йиғиндиси билан уларнинг жиноят содир этганликдаги айблари ўз исботини тўлиқ топган.

Шу сабабли суд, Д.Отажонова ва Э.Сатторовни айбли деб топиб, Д.Отажоновага жазо тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, унга узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Э.Сатторовга эса қилмишига яраша жазо тайинланган.

 

Х.Сотволдиев, Жиноят ишлари бўйича Данғара туман судининг раиси.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *