Кўрилди

Аввалги  жараёнлар…

Авваллари  “Ташкилотга бор, эшигини қоқ,  бошлиқни кут,    кайфиятига қара…” эди!

Илгарилари  хонадонингиздаги  коммунал ҳисоблагичларни янгисига алмаштириш  ёки  унинг яроқлилигини текшириш учун лабараториядан ўтказишда анчайин қийинчиликларга дуч келардингиз. Оддий бир мисол, табиий газ ҳисоблагич ускунасини ечиб олишнинг ўзи  учун “тумангаз” идорасига ариза билан мурожаат қилинарди. Ундан кейинги бирмунча асаббузарликлардан сўнг ҳудудий лабараторияга алоҳида вақт ва ҳафсала билан борилар эди. Агар вақтингиз бўлмаса, масъулларга “чой-чақа” бериб, улардан бу ишни ўзлари бажариб бериши илтимос қилинарди.  Сир эмаски, бу узундан-узоқ жараёнларда камида 2-3 ташкилотнинг эшигини қоқардингиз, асаб толаларининг  бир мунчасидан воз кечишга тўғри келарди…

ТИЗИМДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР РЎЙ БЕРДИ?!

2018 йилдан фуқароларнинг оғирини енгил қилиш, давлат хизматлари кўрсатишда бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймаслик, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида идоралараро ўзаро электрон ҳамкорлик ўрнатиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг самарадорлигини, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш мақсадида  Давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга коммунал соҳа бўйича 4 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиш йўлга қўйилди. Биргина ДХМга ариза билан  мурожаатнинг ўзида барчаси белгиланган мууддатларда амалга оширилиши кўзда тутилди. Бу янгилик натижасида Фарғона вилоятида 2018 йилнинг ўзида юридик ва жисмоний шахсларга жами 22 минг 526та хизмат кўрсатилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 августдаги 698-сон қарори билан электр, табиий газ, ичимлик ва иссиқ  сувни ҳисобга олиш ускунасини ечиш, қиёслашдан ўтказиш ва ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш тартиблари янада соддалаштирилди. Энг асосийси, бу тизимда аниқ  механизм жорий қилинди. Ҳудудий электр, газ, сув тармоқлари корхоналари  – ҳисобга олиш ускуналарини ечиш ва ўрнатишни, ечилган ҳисобга олиш ускуналарини қиёслашдан ўтказишга тақдим этиш ишларининг амалга оширилишини таъминлайдиган бўлди. Маъмурий регламентлар талабларини бузганлик учун давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий жазо қўллаш амалиёти киритилди. Ҳисобга олиш ускуналарини қиёслаш даврийлиги жисмоний шахслар учун – 8 йил, юридик шахслар учун – 4 йил қилиб белгиланди.

Мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишда яратилган бу каби қонуний шароит ва енгилликлар аҳолининг давлатга, кўрсатиладиган хизматларга нисбатан ишончини ортирди. Жумладан, 2019 йилда Фарғона вилоятида жисмоний ва юридик шахсларга  13 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиб, жами 70 минг 909та давлат хизматлари фуқароларнинг оғирини енгил қилди. Нақди ва вақтини бир неча баробарга тежаб қолди.

ФУҚАРОЛАР ҚАНДАЙ ФИКРДА?!

Ғайратжон  АКБАРОВ,

Бешариқ тумани, Зарқайнар қишлоғи.

Давлат хизматлари марказларига аввал ҳам мурожаат қилганман. Лекин коммунал соҳада энди ишим тушди. Тизимдаги янгиликларни кўриб, тўғриси, хурсанд бўлдим. Ишонасизми, сув таъминоти ва сувни чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш учун техник шартларни ўша куннинг ўзида қўлимга тутқазишди. Илгарилари ташкилотга бор, эшигини қоқ, йўқ бўлса номаълум вақтгача  кут, масъулнинг   кайфияти ва вақтига қара, “эртага келинг, индинга келинг,  тайёрлаб қўяман”, қабилидаги гапларга ўрганиб қолган эканмиз. Шу куннинг ўзида техник шартни олишим шунча босқичдан ўтишни йўққа чиқарди. Раҳмат. Ишимиз осон ва равон кечди.

Ғофуржон Жўраев,

Фарғона шаҳар, А.Қодирий номли кўча, 47/33-уй.

Яқинда электр энергияси ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизмати бўйича мурожаат қилдим. Очиғини айтсам, бироз ишонмайроқ, вақтимни бемалолроқ пайтига мўлжаллаб бордим марказга. Адашган эканман. Мурожаатим тез ва осон қабул қилинди. Беш иш кунида электр энергияси ҳисоблагичимни қиёслашдан ўтказилишини таъминлаб беришди. Давлат хизматлари марказида хушмуомала ходимлар нафақат  мурожаатимни қабул қилишди, балки электрон рақамли имзо олиб, барча шу каби ишларни уйдан чиқмасдан, бемалол ўз мобил алоқа ва компьютерим орқали амалга оширишимни ҳам тушунтиришди. Электрон имзо олиб, ҳозирда Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланишни ўрганяпман. Бу мен учун катта янгилик бўлди.

Қобулжон Содиқов,

Ёзёвон тумани, “Толқудуқ” кўчаси.

Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиб, 20 кВтдан юқори бўлмаган электр тармоқларига уланиш учун техник шартларни ҳеч қандай қийинчиликларсиз, бюрократик тўсиқларсиз олдим. Ҳеч эсимдан чиқмайди, 5 йил аввал укамнинг янги объектига техник шарт олишда жуда қийналгандик, нақд бир ҳафталик вақтимиз кетган.

ТИЗИМДА МУАММОЛАР  ҚАЙ ДАРАЖАДА?!

Айни кунларда давлат хизматлари марказлари орқали коммунал соҳадаги мурожаатларнинг бажарилиш муддатлари бузилиши ҳолатлари  тез-тез учрамоқда. Бу эса ДХМлар билан ҳамкор ташкилот ходимларининг мурожаатларга бирламчи вазифа сифатида қарамаслиги бўлса, иккинчидан коммунал соҳадаги ташкилотларда ариза ва мурожаатларнинг  регламентда назарда тутилган муддатларда бажарилишига   жисмонан улгурмаслик, ходимлар ҳамда хизмат кўрсатувчиларнинг етишмаслиги сабаб бўлаётир. Бунинг натижасида, биргина   Фарғона вилоятида 2019 йил давомида  коммунал соҳа вакилларига,  аввало, ёзма ва оғзаки огоҳлантиришлар киритилган. Афсуски, 2019 йил давомида аниқланган 1 минг 704 та қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят бошқармаси давлат хизматларини кўрсатувчи идораларга 12та тақдимномалар киритиб, давлат хизматлари кўрсатиш муддатини бузган 45 нафар мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарликка тортилган.

Замон шиддат билан ривожланиб бораётгани айни ҳақиқат. Бу глобаллашув жараёнларида ҳар бир раҳбардан тортиб, оддий ходимгача креатив фикрлаш, вазият ва муаммоларга ўзгача ёндошувни талаб этмоқда. Шунинг учун Давлат хизматлари марказлари билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган корхона ва ташкилотлар интеграциялашувни тезроқ  мукаммал йўлга қўйиши ва соҳага замонавий коммуникациялар билан  ишлай оладиган ва шижоатли кадрларни кўпроқ жалб этиши лозим. Акс ҳолда, рақамли технологиялардан таркиб топган ҳаёт тўлқини уларни қирғоққа чиқариб юбориши мумкин.

Элёр Аъзам, Давлат хизматлари агентлиги  Фарғона вилоят бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан  ишлаш бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *