Кўрилди

Асоссиз важлари ўтмади

Марғилонда МИБ тадбиркор фойдасига қарийб 1,5 миллиард сўм ҳақини ундириб берди.

Марғилонда “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ номли йирик ишлаб чиқариш корхонаси бўлиб, у билан Наманган вилоятида фаолият юритувчи “NBU INVEST GROUP” МЧЖ маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганди. Шу мақсадда корхонага қарийб 1,5 миллиард сўмга яқин пул маблағларини ўтказиб ҳам берганди.

Бироқ, “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖдан негадир садо чиқмади, оз эмас, кўп эмас 1,5 миллиард сўмга яқин пул маблағлари ҳам сувга тушган тошдек изсиз ғойиб бўлиб қолаверди.

“Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ рўйхатдан ўтган ҳудуд бўйича Тошкент туманлараро иқтисодий судида мазкур иш кўриб чиқилиб, табиийки 2019 йил 25 ноябрдаги ижро варақасига асосан қарздор – “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖдан ундирувчи “NBU INVEST GROUP” МЧЖ  фойдасига 1 миллиард 488 миллион сўм қарздорлик ундириш белгиланди.

Қарздор – “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ турли важ-карсонлар билан юқори турувчи суд органларига мурожаатлар қилиб, қарзни бўйнидан соқит қилишга уриниб кўрди, лекин бирон-бир инстанция унинг фойдасига қарор қабул қилмагач, суд ижро варақаси Бюронинг Марғилон шаҳар бўлимига 2020 йил 12 мартда келиб тушди.

Қонун талаби бўйича дастлаб қарздорга 15 кунлик ихтиёрий муддат берилган бўлса-да, суд қарорини ижросини таъминламагач, унинг банк ҳисоб рақамларига инкассо топшириқномалари қўйилди. Бироқ, қарздор бўлган “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖ ҳа деганда қарзни тўлашни негадир истамасди.

Охирги чора сифатида жорий йилнинг май ойи бошларида давлат ижрочилари қонун талабига асосан қарздор ҳисобланган  “Марғилон бўёқ текстиль” МЧЖга тегишли ишлаб чиқариш дастгоҳлари ва бино-иншоотларини  хатлашга киришиб кетди. Шундагина қарздор тўлиқ енгилганини ҳис қилиб, 2020 йил 11 майда суд ҳужжатида кўрсатилган 1 миллиард 488 миллион сўм маблағларни наманганлик тадбиркор – “NBU INVEST GROUP” МЧЖга тўлиқ ўтказиб берди.

Шу билан биргаликда, қонун талаби бўйича Бюро фойдасига 29 миллион 700 минг сўм ижро йиғими ҳам ундириб олинди. Қарздор ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан кўпчилик вақтини олгани етмаганидек, ўзига ҳам зиён етказди, холос.

Зоҳиджон МАМАЖОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармасининг катта суриштирувчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *