Кўрилди

Ҳарбий хизмат – мард ўғлонларнинг шарафи!

Одамзод яралибдики, ўзи туғилиб ўсган, киндик қони тўкилган муқаддас заминни кўзига суртиб яшайди. Унинг ҳар бир қаричини кўз-қорачиғидай асраб, ёвлар қадамидан ҳимоя қилишни шараф-у шони деб билади. Керак бўлса, азиз жонини туғилиб ўсган юрти учун фидо этади ва бундан заррача афсусланмайди. Бунга минглаб, миллионлаб мисолларни келтириш мумкин.

Ватан туйғуси инсоннинг фитратида бор бўлиб, бу туйғу ҳар бир қонун ва тамойиллар асосида мустаҳкамланиб, ҳар қандай миллий қадрият ва динлар томонидан шарафлангандир.

Давлатлар ўз ҳудуди ва халқининг тинчлиги, ҳимояси учун ҳарбий салоҳиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Ва бу улуғ мажбурият ҳамдир.

Тарихда номи қолган барча қудратли салтанатлар ҳукмдори албатта ўз мамлакатининг ҳарбий салоҳиятига катта эътибор қаратгани маълум. Жумладан, улуғ саркарда бобомиз Амир Темур давлат бошқарувида ҳарбий йўналишга алоҳида эътибор қаратган,  моҳир ҳарбий жанг санъатини ярата олган иқтидорли шахс эканлиги билан маълум ва машҳур.

Амир Темур ўз ҳукмронлиги даврида Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш мақсадида ҳарбий ҳаракатларни олиб борган. Бунинг натижасида Эрон, Ироқ, Закавказье мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда — Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирган эди.

Юқоридаги мисолни келтириб ўтишимдан мақсад, ҳар қандай давлат ўз ҳудудини ҳимоя қилишни устувор вазифа деб ҳисоблайди ва хозирги замонавий дунёда бу масала янада жиддий тус олиб бораётгани, давлатнинг ҳарбий имкониятларини кенгайтириш учун катта эътибор қаратиши, уни қонун билан мустаҳкамлашини тақоз этади.

2002 йил 12 декабрь санасида Ўзбекистон Республикасининг “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуни тасдиқланган. Қонун 9 та боб, 51 моддадан иборат бўлиб, ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг умумий ҳарбий мажбуриятни бажариши ва ҳарбий хизматни ўташи билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиниши белгиланган.

Қонуннинг 3 моддаси фуқароларни ҳарбий хизматга тайёрлашни, ҳарбий хизматга чақиришни (киришни), чақирув ёки контракт бўйича ҳарбий хизмат ўташни, резервдаги хизматни, муқобил хизматни, ҳарбий рўйхатдан ўтиш қоидаларига риоя этишни, фавқулодда вазиятларда ёки Ўзбекистон Республикасига қарши ҳарбий тажовуз бўлган тақдирда аҳолини муҳофаза этиш тадбир-чораларини қамраб олади.

Қонунга мувофиқ ҳарбий хизматга биринчи марта чақирилган ёки ихтиёрий равишда (контракт бўйича) кирган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи олдида виждон, ор-номус ва шаънини ўртага қўйиб, давлатимиз мустақиллигини, унинг сарҳадларини, она халқимизнинг тинчлиги ва осойишталигини, миллий манфаатларини сўнгги нафасигача ҳимоя қилишга, керак бўлса бу йўлда жонини фидо қилишга Ватанга қасамёд қабул қиладилар.

Шунингдек, ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларига чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шу каби бошқа органларига хизматга кириш тақиқланади.

Қонуннинг 4 моддаси ҳарбий хизмат турларини белгилайди.  Қонунга кўра ҳарбий хизмат Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Қуролли Кучлар сафида умумий ҳарбий мажбуриятни бажариш борасидаги давлат хизматининг алоҳида туридир ва унинг қуйидаги турлари жорий этилган:

муддатли ҳарбий хизмат;

сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизмат;

контракт бўйича ҳарбий хизмат;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида ҳарбий хизматни ўтаган резервчилар хизмати.

Тинчлик даврида оддий аскарлар ва сержантлар таркиби лавозимларида муддатли ҳарбий хизматга, шунингдек сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга ўн саккиз ёшдан йигирма етти ёшгача бўлган, саломатлигига кўра Қуролли Кучлар сафида ҳарбий хизматни ўташга яроқли эркак фуқаролар чақириладилар.

Қонуннинг 7 моддасига мувофиқ контракт бўйича ҳарбий хизмат, яъни Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

Ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар.

Контракт бўйича ҳарбий хизмат Қуролли Кучлар сафидаги ҳақиқий ҳарбий хизматга ихтиёрийлик асосида, ҳарбий хизмат назарда тутилган вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар орқали давлат билан тузиладиган контрактга биноан кирган фуқаролар бажарадиган ҳарбий хизмат туридир.

Ҳарбий хизматни касб тариқасида танлаган фуқаролар контракт бўйича ҳарбий хизматни оддий аскарлар, сержантлар ва офицерлар таркиби лавозимларида ўтайдилар.

Ҳарбий хизматни ўташ муддатлари ва асосий шартлари контрактда белгиланади. Бунда ҳақиқий ҳарбий хизматга контракт бўйича кираётган шахслар билан дастлабки контракт беш йилга тузилади; контракт бўйича ҳарбий хизматчилар (резервдаги ҳарбий хизматга мажбурлар) билан янги контракт беш йилга ёки агар ҳарбий хизматда бўлиш ёшининг чегарасига етишига беш йилдан кам қолган бўлса, камроқ муддатга тузилади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсантлари билан ўқиш даври учун келгусида уларнинг офицерлар таркиби лавозимларида ҳарбий хизматни камида беш йил мажбурий ўташ шарти билан контракт тузилади.

Бундан ташқари, Қонуннинг 16-моддаси Олий таълим муассасаларида резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш нормаларини белгилайди. Бунга кўра, олий таълим муассасаларининг талабалари орасидан резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш мазкур муассасаларда ташкил этиладиган ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмаларида (ҳарбий кафедралар, цикллар ва факультетларда) амалга оширилади.

Олий таълим муассасаларининг кундузги бўлимида ўқиётган эркак талабалари, шунингдек тиббий олий таълим муассасаларининг талабалари жинсидан қатъий назар ҳарбий тайёргарликдан ўтишлари керак.

Ҳарбий тайёргарликка йигирма етти ёшгача бўлган саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқли талабалар жалб қилиниши ҳам қонуннинг ушбу моддасида белгиланган.

Қонуннинг 29-моддасига кўра ҳарбий хизматчини ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

1) у ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматда бўлишининг белгиланган ёш чегарасига етганида;

2) муддатли ҳарбий хизмат муддати тугаганда;

3) контракт муддати тугаганда;

4) штатлар қисқарганда ёки бошқа ташкилий-штат тадбир-чоралари муносабати билан ҳарбий хизматчидан хизматда фойдаланиш имконияти бўлмай қолганда;

5) саломатлигига кўра — уни ҳарбий-тиббий комиссия ҳарбий хизматга яроқсиз деб топганлиги муносабати билан;

6) қонун ҳужжатларига мувофиқ тарафлардан бирининг ташаббусига кўра контракт муддатидан олдин бекор қилинганлиги муносабати билан;

7) ҳарбий-таълим муассасасидан ўқишдан чиқарилганлиги муносабати билан;

8) хизмат вазифасига нолойиқ бўлиб қолганда;

9) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан маҳрум бўлиши муносабати билан;

10) ҳарбий хизматчи ҳарбий унвонидан маҳрум этилиши муносабати билан.

Қонуннинг 51-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳарбий хизматдан бўйин товлаган тақдирда амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Б.Муҳамадалиев, Олтиариқ туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.

 

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *