Кўрилди

Ҳамширалар пора олишди(ми)?

Пора бериш, пора олиш ҳам коррупциянинг бир кўриниши сифатида баҳоланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам амалдаги қонунларимизга биноан жиноий жазолар қўлланилади.

Пора бериш, пора олиш ҳам коррупциянинг бир кўриниши сифатида баҳоланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам амалдаги қонунларимизга биноан жиноий жазолар қўлланилади. Бироқ, кенг жамоатчилик ўртасида коррупцияга қарши кураш, унинг ажралмас бир қисми бўлган порахўрлик жиноятининг оқибатлари тўғрисида бот-бот тушунтиришлар берилаётганига қарамасдан, жамиятимиз кушандаси бўлган пора олиш, пора бериш жиноятларини содир этаётган фуқароларимиз сони камаймаяпти. Бунга тарғибот-ташвиқот ишларининг етарли даражада эмаслиги асосий сабаб бўлаётир.

Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлимида навбатчи ҳамшира бўлиб ишловчи Барно Қоратоева ва унинг қайнисинглиси, РШТЁИМ Фарғона филиалининг реанимация бўлими ҳамшираси Гулноза Қоратоева ҳамда Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими анастезист ҳамшираси Дилбар Одиловаларга нима етишмаётган эди? Нега улар ҳамшира бўлиб ишга кириш учун албатта пора бериш керак, деб ўйлашди ва пора олиш жиноятини содир этишди?

2018 йил 11 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ўз биносидаги очиқ суд мажлисида ҳамширалар Б.Қоратоева, Г.Қоратоева ва Д.Одиловаларнинг порахўрлик билан боғлиқ жиноий ишларини кўриб чиқиши ва тегишлича жазоланишлари тиббиёт муассасаларида ишлаётган ходимларга ўзига яраша дарс бўлса, ажаб эмас.

Гап шундаки, Барно Қоратоева ва қайнисинглиси Гулноза Қоратоевалар фуқаро З.Хабибиддиновадан вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига ишга киритиб қўйиш эвазига олдиндан сўралган 850 АҚШ доллари микдоридаги пул маблағларини пора сифатида олган пайтда ушланиб, улардан 850 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинди. Улар Фарғона шаҳар, “Деҳқон бозори” ҳудудидаги ошхонада овқатланиб ўтириб, 850 АҚШ долларини олиб, қўлга тушишгач, қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонликларини билдиришиб, бу пулларни Фарғона вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази реанимация бўлими анастезист ҳамшираси Дилбар Одиловага бермоқчи бўлганликларини айтиб қолишди. Улар ўз хоҳишлари билан тезкор тадбирни давом эттирилишига рози бўлишиб, бу вақтда Фарғона шаҳридаги яшаш хонадонида бўлган Дилбар Одиловага қўнғироқ қилишиб, фуқаро  З.Хабибиддиновани ишга киритиб қўйилишида ёрдам сўрашди ва фақат стоматология бўлимида ҳамширалик лавозими қолганини билдириб, 600 АҚШ долларини сўрагач, тезкор тадбир ходимлари билан Д.Одилованинг яшаш уйига етиб боришди.

Д.Одилова 600 АҚШ долларини олган вақтида тезкор тадбир ходимлари томонидан қўлга олинди.

Суд уларнинг ҳар бирини  5 миллион 167 минг 200 сўмдан жарима жазолари билан “сийлади”.

Албатта, судланган ҳамширалар бундан кейинги ҳаёт-фаолиятларини тўғри йўлга қўйиб, бундақанги жиноий қилмишлардан узоқроқ бўладилар.

Шерзод ЎРМОНОВ,

Ўзбекистон   Республикаси   Бош   прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Фарғона вилоят бошқармаси катта инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *