Кўрилди

Амалдор эмас, ҳайдовчи экан

Туман суди жараёнида ўзи яшаётган қишлоқда яхшигина обрў-эътиборга эга, ўз вақтида мамлакат чемпиони унвонини олган, 3 фарзанднинг отаси Расулжон Мамаюсупов барча қилмишларини тан олди.

Кимнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, амал бериб кўр, дейди доно халқимиз. Амалдорларнинг-ку барчаси ҳам босар-тусарини билмайдиган хилидан эмас, ўзига яраша ақлли-ҳушли. Лекин  амалдорга ҳайдовчи бўлдим, деб, босар-тусарини билмай қолган кимса бор экан.

Расулжон Мамаюсупов  2015 йили Қўқон Давлат педагогика институтининг Жисмоний тарбия факультетини тугаллаб, 2015 йилдан 2018 йил февраль ойига қадар Фарғона вилояти Универсал жанг федерацияси раиси лавозимида ишлагач, 2018 йил февраль ойидан май ойига кадар Риштон тумани жисмоний тарбия ва спорт бўлими раҳбари бўлиб ишлаб юрди, 2018 йил июнь ойидан бошлаб эса Риштон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосарини ҳайдовчиси лавозимига тайинлангач, ҳақиқатдан ҳам босар-тусарини билмай қолди. У ер, бу ерда Расулжон томонидан туман ҳокимлигида ҳар қандай ишни битказиб беришга қодирлиги, ер керакми, уй керакми, бир зумда муҳайё қилишни айтиб мақтаниши алалоқибат яхшиликка олиб келмади. Чунки, асл мақсади туман ҳокимлигида ишлаш жараёнида  фирибгарлик йўли билан одамларни лақиллатиб мўмай даромад орттириш бўлиб қолганди-да.

Риштон тумани марказидаги мўъжазгинга савдо дўконида ўз ишларини юритаётган, аммо кўп йиллардан буён кўп қаватли уйда яшаб, ер уйга эҳтиёжманд бўлаётган Муқаддасхон Маматқулованинг орзусидан хабар топган танишларидан бири Муқаддасхоннининг ишини туман ҳокимлигидаги масъул лавозимда ишловчи Расулжон Мамаюсуповгина битриб бериши мумкинлигини айтиб, унинг розилиги билан Расулжонга Муқаддасхоннинг қўл телефони рақамини берди.

Барча машмаша мана шундан кейин бошланди. Расулжон ўзининг асосий иши туман ҳокимининг биринчи ўринбосарини ҳайдовчиси эканини тамоман унутдими, ишқилиб, тезликда Муқаддасхонга телефон қилиб, ер уйга эга бўлиш учун ҳозирги замонда аввал 10 сотих миқдоридаги ерни деҳқон хўжалик учун деб олиб, сўнг ўша жойга бемалол уй қуриб олиши мумкинлигини, агарда 2000 АҚШ долларини берса, деҳқон хўжалиги учун ер майдони ажратадиган комиссия аъзоларига ўша пулларни бериб, ер олиб беришини айтиб телефон қилди. Расулжон ишни пишитиб олиш учун ҳатто Муқаддасхон опанининг савдо дўконига келиб, юзма-юз суҳбатлашиб ҳам кетди. Аммо ўзини ҳайдовчи эмас, масъул мутахассис деб таништирди. Ўзини туман ҳокимлиги мутахассиси деб таништирган, қолмишига “Нексия-3” русумли ҳокимиятнинг машинасини ҳайдаб келган бу йигитни ҳақиқатдан ҳам туман ҳокимлигини амалдорларидан бири деб ўйлаган Муқаддасхон Маматқулова агарда 10 сотих ер бериладиган бўлса, эвини қилиб бир, икки минг доллар топиб беришини дангал айтиб юборди. Иш силлиқ, устига-устак тезлашиб кетаётганини сезган Расулжон тезлик билан Муқаддасхон Маматқуловадан туман ҳокими номга ариза ёздириб олди ва 10 сотих ер сўраб ёзилган ушбу ариза тез кунда ҳал бўлиб, туман ҳокимининг қарорини ҳам чиқартириб беришини ваъда қилиб юборди.

Дарҳақиқат, Расулжон Мамаюсупов М.Маматқулованинг аризасини олиб бориб, девонхонада рўйхатдан ҳам ўтказдириб қўйди. Мана шундан кейин Расулжон кунда-кунора Муқаддасхон Маматқуловага телефон қилиб, тезроқ 2000 АҚШ долларини топишини, иши битиш арфасида турганини  айтиб тезлайверди. Расулжоннинг мана шундай қабилидаги пул сўраб тезлайвериши Муқаддасхон Маматқуловага бироз ёқмай қолди. Шубҳа-гумонлар ичида қолган М.Маматқулова албатта Р.Мамаюсупов уни алдаб, фирибгарлик йўли билан пул ундирмоқчи бўлаётганини сезиб қолди. Шундан сўнг вилоят ИИБ бошлиғи номига ариза билан чиқди.

Риштон туманидаги 20-мактаб ёнига М.Маматқулова “Пора” деб ёзилган махсус кимёвий ишлов берилган пуллар билан етиб келганида, ҳайдовчи Р.Мамасуповнинг хаёлида “Бу пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга кириотяпиме. Қўлга тушиб қолсам нима бўлади?” деган саволнинг ўзи йўқ эди. Қандай қилиб бўлмасин М.Маматқулованинг 2000 АҚШ долларини қўлга киритиш унинг фикри-зикри бўлиб қолган эди…

Туман суди жараёнида ўзи яшаётган қишлоқда яхшигина обрў-эътиборга эга, ўз вақтида мамлакат чемпиони унвонини олган, 3 фарзанднинг отаси Расулжон Мамаюсупов барча қилмишларини тан олди.

Суд жиноий ишнинг енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб, судланувчи Расулжон Мамаюсуповни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисмига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг олтмиш баравари миқдорида, яъни 11 миллион 58 минг сўм миқдоридаги жарима жазосини тайинлади.

А.ПАТТИЕВ, Риштон туман прокурорининг ўринбосари,

адлия кичик маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *