Кўрилди

Алиментчи оиласини қайта тиклади

Мажбурий ижро бюроси Фарғона туман бўлими  томонидан алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича “Мустаҳкам оила – юрт таянчи” мавзусида туман ҳокими ўринбосари, туман ИИБ бошлиғи, маъмурий суд раиси, туман прокуратураси ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида ёш оилаларни яраштириш ва оилалардаги носоғлом муҳитга барҳам бериш бўйича тадбир ўтказилди.

Тадбирда туман Бандликка кўмаклашиш маркази ёрдамида “Меҳнат ярмаркаси” ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, алимент пулларини ўз вақтида тўламасдан бўйин товлаб келган Ж.Икромовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортишга доир иш кўриб чиқилиши жараёнида жазо тайинлашга ҳожат қолмасдан, турмуш ўртоғи С.Икромова билан яраштирилди ва вояга етмаган фарзанди тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Шу каби, қарздор И.Рустамов 60 миллион сўм, С.Дадажонов 11 миллион сўм алимент пулини тўламасдан келаётганлиги бўйича уларга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиши мумкинлиги тушунтирилгач, ўз оилалари билан тинч-тотув яшашни маъқул кўриб, ўзаро ярашиб олишди.

Бироқ, тадбир жараёнида маъмурий суд томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, қонун талабларини бажармасдан ўз фарзандларининг моддий таъминотини тўлашдан бўйин товлаб келган жами 4 нафар қарздорларнинг ҳар бирига 15 суткадан қамоқ жазоси тайинланди. Хусусан, У.Ҳамролиев 25 миллион 400 минг сўм, Ж.Раҳимов 2 миллион 400 минг сўм, З.Мирзаев 4 миллион 700 минг сўм, Т.Холмирзаев 4 миллион 500 минг сўм алимент пулини тўлашдан бўйин товлаб келишган.

Маъмурий суд 7 нафар қарздорга алимент қарзини 10 кун муддат ичида тўлаши учун қатъий муддатларни белгилаб берди. Шу куни ўтказилган меҳнат ярмаркасида ишламайдиган қарздорларнинг 4 нафари иш билан таъминланди ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари учун моддий таъминот масаласи ҳам ҳал этилди.

Акмалжон АКБАРАЛИЕВ, МИБ Фарғона вилоят бошқармасининг бўлим бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *