Кўрилди

Алимент – асли фарзанд ҳаққи

Кечагина не-не орзу-умидлар билан бир ёстиққа бош қўйган Саидахон ва Мансуржонларнинг оиласини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Суд уларнинг қонуний никоҳини бекор қилди. Орадан кўп ўтмай, келин яна судга ариза билан мурожаат қилди, суд унинг аризасини қаноатлантирди ва ҳозирда Мансуржон Саидахон қарамоғидаги икки нафар фарзанди учун алимент тўламоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича судларга ҳар ким ўз муаммоси билан келади. Улар орасида қонуний никоҳни бекор қилиш ёки фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундириш масаласида келганлар кўпчиликни ташкил этади. Гарчи суд залининг эшиги ёпиқ бўлса-да, ичкаридан қаттиқ жанжал овози келарди. Томонлар бир-бирларини шунақанги куракда турмас сўзлар билан ҳақорат қилишардики, беихтиёр уларнинг бир вақтлар эр-хотин бўлиб яшаганликларига шубҳанг ортади. Мажлис ниҳоясига етиб, ичкаридан навбатдаги «алиментчи» – Толибжон чиқиб келди.

Толибжон ҳам бир вақтлар бахтидан масрур йигитлардан эди. Турмуш ўртоғи Шарифахон эса эрини ерукўкка ишонмасди. Нима бўлди-ю, иккинчи фарзандлари туғилгандан кейин ўртага совуқчилик тушди. Бу ҳолдан хабар топган қудалар ҳам ҳайрон. Сабабини сўраб-суриштирсангиз, ҳар икки томон ҳам ўзича ҳақ. Баҳона: «Шунчаки муросалари келишмай қолган эмиш». Ҳозир улар алоҳида яшашмоқда. Суд буйруғига кўра, Толибжондан икки нафар фарзандига алимент тўлаш мажбурияти юкланган. Аммо эр ушбу мажбуриятни адо этиш ниятидан анча  йироқ. У ўзи тушунтиришга уринганидай, ҳеч қачон алимент тўлашдан қочмайди, фақат банкдан алоҳида ҳисобрақам очтириб, маблағни ўша жойда сақлайди ва бир кун келиб фарзандларининг ўз қўлига топширади. Улар вояга етгунларича уст-боши, озиқ-овқати ва саломатлиги бўйича муаммоларни шахсан ҳал этади, бироқ хотинининг қўлига асло пул бермайди, чунки маблағларнинг мақсадли сарфланишида хотинига ишонмайди.

Бўлса бордир, лекин қаердаки инсоннинг онгу-тафаккури заифлашса ёки тубанликка юз тутса, албатта ўша жойда қонун пайдо бўлади. Атрофдагилар Толибжоннинг бу қарори мутлақо ноўрин эканлигини, агар шундай ўжарлигинини давом эттирса, бир кун келиб жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлигини айтишди. Аммо дилбандларини опичлаб турган ота бундай огоҳлантиришларни эшитишни хоҳламасди. Ахир ота меҳридан айрилган гўдаклар бу вақт оралиғида ниманинг ҳисобидан кун кўришади? Бунда, албатта, алимент тўлаш мажбурияти юзага келади.

Алимент аслида лотинча «alimentum» сўзидан олинган бўлиб, «қарамоғидаги, боқимидаги» деган маънони англатади. Яъни азалдан ва ҳозирда ҳам қонунда белгиланган ҳолларда оиланинг бир аъзоси томонидан бошқа аъзоси ёки аъзоларини моддий таъминлаш учун мажбурий тўланадиган маблағ, нафақа назарда тутилади. Шундай экан, нафақани адо этиш томонлар учун, аввало, иймон ва виждон ишидир.Ундан бўйин товлаш асло мумкин эмас. Фарзанд уволидан қўрқиш керак.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексини 96-моддаси «Ота-онанинг вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбурияти» деб аталади ва вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши белгиланган. Шундай бўлгач, қизиққонлик қилиб гўдакларни жавдиратган ота ёки она ўзининг «мардлигини» кўрсатиб қўйсин. Ахир норасидаларда нима гуноҳ!?

Ҳозирда урф бўлган ота-онанинг «орзу-ҳаваси» ёки бошқача кўринишдаги амал-тақаллар асосида қурилаётган оилалар сони ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Тўғри, орзу-ҳаваснинг бўлгани яхши, албатта. Бироқ кўп ҳолларда бундай оилалар тўйдан кейин кўп вақт ўтмай бир-бирларига душманлик тўнини бича бошлайдилар. Қиз томондан қасдини олмоқчи бўлган ўғилнинг ота-онаси тезликда уни бошқасига уйлаш тадоригига тушиб қолади. Албатта, кейинги оила ноқонуний, яъни шаърий никоҳ асосида пайдо бўлади.

Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Энг ёмони, бундай оилада туғилган фарзандларга дахлдор идоралар томонидан оталикни белгилаш амалиёти қўлланади. Қарабсизки, бир кун келиб, бундан хабар топган фарзандлар ҳам, ота-она ҳам бирдек ҳижолат ўтида қовурилишади.

Оила – муқаддас қўрғон. У никоҳ деб аталган муқаддас ришта ва соф муҳаббат аталмиш юксак ишонч пойдеворига қурилади. Биргаликдаги никоҳдан туғилган фарзанд ҳар бир оиланинг мустаҳкамлигини таъминловчи риштадир. Ушбу риштанинг нечоғли мустаҳкамлиги эр ва хотин ўртасидаги муносабатларнинг қанчалик соф муҳаббатга асосланганлиги билан белгиланади. Эр ва хотиннинг ажралиши аслида бир мусибат, жамият илдизига етган зиён-заҳматдир. Бироқ, нима учундир ажралишлар сони камаймаяпти? Бу ҳол эр-хотин ёки бир пайтлар бир-бирларини силаб-сийпаган қудаларни асло ташвишга солмаяпти?Негадир маҳалла-кўй, кўпни кўрган оқсоқоллар, кайвони оналар, имому-отинойилар жим, ҳамматомошабин. Фақатгина икки ўртада ота-оналари хатосидан қалби озор чекаётган гўдакларга қийин бўлаяпти, холос.

Али МАРДОН.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *