Кўрилди

Алданган фермер

Сўнгги йилларда амалдаги Жиноят кодексида қайд этилган фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар сонининг ошиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас.

Сўнгги йилларда амалдаги Жиноят кодексида қайд этилган фирибгарлик билан боғлиқ жиноятлар сонининг ошиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Буни қарангки, эндиликда иқтисодий йўналишдаги фирибгарлик жиноятлари сони ҳам тез-тез такрорланадиган бўлиб қолди. Яқинда Қўштепа туманида фермер хўжалиги раҳбарининг ишончига кириб, унинг қўлидаги думалоқ муҳрини алдов йўли билан қўлга киритиб, қалбаки ишончномалар орқали катта миқдордаги дизель ёнилғиси ва минерал ўғитларни ўзлаштириб юборган шахснинг жиноий иши кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Фарғона вилояти, Қўштепа туман бўлимига шу тумандаги “Қ” фермер хўжалиги раҳбари Р.Қ. ариза билан мурожаат қилиб, фуқаро З.Қ.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида, 2018 йилнинг апрель ойида фуқаро З.Қ. Қўштепа туманида жойлашган “Ж” номли ММТП ҳудудидаги “Қ” фермер хўжалиги раҳбари Р.Қ.га укасининг фермер хўжалигини ер майдонига ишлатиш учун 2 миллион сўмлик дизель ёнилғиси зарур бўлиб қолганлигини, бунинг учун фермер хўжалигини думалоқ муҳрини бериб туришини, ёнилғи тарқатиш шохобчасидан дизель ёнилғисини олиб, фойдаланиб, кейинчалик қайтариб беришини айтиб, шу тариқа унинг ишончига кириб, ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан фермер хўжалигининг думалоқ муҳрини олишга эришган.

Шундан кейин фуқаро З.Қ. “Қ” фермер хўжалиги раҳбари Р.Қ.нинг номидан муайян ҳуқуқ берадиган ишончномалардаги имзоларни қалбакилаштириб, унинг фермер хўжалигини думалоқ муҳри билан тасдиқлаб, ушбу ишончномаларни “Фарғона нефть базаси” МЧЖга қарашли “Д” ФЁТШга тақдим этиш орқали 13 миллион 923 минг 527 сўмлик дизель ёнилғиси ва “Ф. Агрокимёҳимоя” АЖнинг Қўштепа туман филиалига тақдим этиш орқали 19 миллион 734 минг 458 сўмлик минерал ўғитларни расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш йўли билан олиб чиқиб кетиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, бу билан “Қ” фермер хўжалиги раҳбари Р.Қ.нинг жами 33 миллион 657 минг 985 сўмлик пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Ушбу ҳолат бўйича Инспекциянинг Қўштепа туман бўлими томонидан Ўзбекистон Респуб- ликаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб бориш учун Қўштепа туман прокуратурасига юборилди.

Анваржон РАҲМАНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг Қўштепа туман бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *