Кўрилди

Адолатли фуқаролик жамиятининг асоси – Адолат

“Адолат дарахтни суғормоқ, зулм эса тиканга сув қуймоқдир”

Жалолиддин РУМИЙ.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳар томонлама ўсди, улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Халқнинг турмуш даражаси юксалди. Айниқса, кейинги уч йил ичида жамиятимизда фавқулодда кенг кўламли ўзгаришлар, ислоҳотлар амалга оширилди ва бу жараён шиддат билан, самарали тарзда давом этмоқда.

Очиғини айтганда, янгиланаётган Ўзбекистоннинг ҳар бир куни тарих саҳифаларида ўчмас из қолдирмоқда. Халқимиз орзу-истаклари, ҳатто хаёлимизга келмаган ҳақиқатлар бугун воқеликка айланяпти. Замон шиддати, давр суръати ҳам шунга мос ва хос тарзда кечмоқда. Албатта, бундай тезкор тараққиётга ҳамқадам бўлиш, жамиятнинг олдинги қатламларида юриш  осон эмас. Аммо ўзгача яшаб ҳам бўлмайди. Тарихнинг бурилиш нуқтасида, ўта масъулиятли фурсатда пайдо бўлган бундай имкониятлардан фойдаланмасак, бизни тарих кечирмайди.

Шу маънода тараққиёт стратегиясининг янги босқичида Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида иқтисодий ва сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг сиёсий хилма-хиллигини, бозор иқтисодиётини, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари улуғланадиган муносабатларни, яъни ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятига хос бўлган муносабатларни янада ривожлантириш мақсадларини кўзламоқда. Сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими муҳим ўзгаришларга юз тутди. Соҳани ислоҳ қилишга бағишланган Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши доирасида 2017 йилнинг ўзида 140 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги  ислоҳотлар кўламини кўрсатиб турибди.

Бугун Ўзбекистон эришган натижалар ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли жамият қуриш борасидаги конституциявий нормаларимизни ҳаётга тизимли равишда ва кенг жорий этиш устувор вазифа бўлиб келганлигини ва шундай бўлиб қолишини тасдиқлайди.  Давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамияти сезиларли даражада кучайди, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятлари кенгайди. Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамаси, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ташкил этишнинг принцип ва тартиби ўзгартирилди, ҳукуматнинг ваколатлари янада кенгайтирилди, унинг парламент олдида, жойлардаги давлат бошқаруви органларининг Халқ депутатлари кенгашлари олдидаги масъулияти оширилди.

Шубҳасиз, сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги, сиёсий ва ҳуқуқий маданияти тобора юксалиб бораётгани, конституциявий сиёсий ислоҳотларнинг муҳим асоси, уларни амалга оширишнинг ҳал қилувчи шартига айланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг мақсадларидан бири ҳам давлат ва жамият бошқарувида аҳолининг муносиб иштирокини таъминлаш ҳисобланиб, партия сиёсий ислоҳотларнинг янада чуқурлаштирилиши, жамиятда демократик қадриятларнинг мустаҳкамланиши ва ривожланиши, адолат, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлиги таъминланиши тарафдоридир.

“Адолатчилар” Ўзбекистон Республикасининг вакиллик органларига сайловларда иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўяр экан, вакиллик ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини янада кучайтириш, парламентаризмни ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этишни навбатдаги ислоҳотларнинг негизи бўлиши лозим деб билади.

Бу, ўз навбатида, давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим масалаларини ечишда энг мақбул қарорларни шакллантириш ва қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш, ижтимоий адолат тамойилларини ҳаётга кенг татбиқ этиш, бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этишга  хизмат қилади.

“Адолат” социал-демократик партияси давлат ва жамият ривожланишида эришилган натижаримизни эътироф этиш билан биргаликда, демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари фаолияти устидан чинакам назорат олиб боришини ҳам тақозо этади, деб ҳисоблайди. Бу жараёнда, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг ҳақиқийлиги, сифат даражаси, ижтимоий жараёнларга таъсири муҳим роль ўйнайди.

Шу сабабли, ижтимоий барқарорликни таъминлаш вазифаси давлат, ҳокимият, бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари саъй-ҳаракатларини уйғунлаштириш ва мувофиқлаштириш, жамоатчилик назорати институтини янада кучайтиришни талаб этади. Бунда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик масалалар юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат ижтимоий дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказилиши, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратилиши, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокининг кучайтирилиши доимий эътибор марказида бўлиши лозим.

Бугунги кунда олдимизда турган яна бир долзарб вазифа норасмий ёлланма меҳнат авжига чиққанлиги. Бу борадаги қонунчиликни такомиллаштиришимиз ва норасмий ишлатиш учун жавобгарликни ошириш зарур. Ҳар қандай адолатсизликка нафрат билан қарайлик. Адолатсизлик бу нафақат қонунларга риоя этмаслик, балки инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмаслик, инсонга беписанд қараш, менсимаслик, бераҳм муносабат ҳам адолатсизликдир. Буюк бобокалонимиз Абу Мансур Мотуридий “Олам ободлигин караму адолатда деб бил” деганларидек, биз Ватанимиз ободлигини қонун устуворлигида кўрамиз. Буюк мутафаккир ҳазрат Алишер Навоий бобомиз зулмни даф этинг адолат бирла, деганларидек, буюк мақсадларга фақат адолат бирла эришиш мумкин.

Музаффар МАМАДАЛИЕВ, Андижон шаҳридаги “Адолат” адвокатлик фирмаси адвокати.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *