Кўрилди

Адлия тизимидаги ислоҳотлар

Маълумки, мамлакат тараққиётининг замонавий босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратишни, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг уйғун фаолиятини ташкил этишни талаб қилади.

Шу билан бирга, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан, норма ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни қўллаш амалиётини шакллантириш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майда “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5997-сонли Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан Адлия вазирлигига бир қатор ваколатлар ва вазифалар юкланди. Жумладан:

-Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ҳамда функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган деб белгиланди;

-Адлия вазирлиги янги (қайта) ташкил қилинган вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларга (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) юклатилган вазифа ва функцияларнинг самарали амалга оширилаётганлигини улар янги (қайта) ташкил қилинган кундан бошлаб камида 6 ой ўтгандан сўнг ўрганади (Маълумот учун: 2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолияти);

-мазкур ўрганишларга тегишли масалага тааллуқлилигидан келиб чиқиб, бошқа вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларини жалб қилишга ҳақли;

-ўрганиш натижалари бўйича асослантирилган таҳлилий материаллар ва таклифлар тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади;

-маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар беради;

-вазирлик ва идоралар, шу жумладан, улар таркибидаги алоҳида ташкилотларнинг (агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқалар) вазифа ва функциялари амалга оширилишининг самарадорлиги кўрсаткичларини (индикаторларини) баҳолайди ва натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисида муҳокама қилиш учун умумлаштирилган ҳисобот, шунингдек, самарадорлик кўрсаткичларига (индикаторларига) эришмаган давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклиф киритади.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Адлия вазирлигига берилган бу каби ваколатлар, ўз навбатида, вазирлик зиммасига катта мажбурият ва масъулиятни юклайди.

Икромжон ИСАҚОВ, Фарғона вилояти, Бағдод туман адлия бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *