Кўрилди

Аҳоли ва тадбиркорлар давлат муҳофазасида

Ҳозирги вақтда минтақамизда ва дунё майдонида юзага келган вазият бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу эса халқимизни ва давлатимизни муҳим синовларни бошидан ўтказишга сабаб бўлмоқда.

Тарихдан маълумки, бундай мураккаб вазиятлар одамларнинг эзгу мақсад йўлида жипслашуви, мамлакатда кўрилаётган чора-тадбирлар моҳиятини тўғри англаб етиш ва уларни амалга оширишда меҳнатсевар ҳалқимизнинг фаол иштироки ёрдамида енгиб ўтилади.

Ўтган даврда бошига оғир кун тушган ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдам қўлини чўзишга тайёр бўлган ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистон халқи ҳамда давлатимизнинг иқтисодини гуллаб яшнашига ҳиссаларини қўшиб келаётган уддабурор тадбиркорларимиз манфаати учун муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги ва бошқа қатор норматив ҳужжатларнинг қабул қилиниши, албатта, фидоий халқимиз ва тадбиркорларимизни оғир ҳамда синовли кунларда саросимага тушиб қолмасдан, карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўз ишларини давом эттиришларига туртки бўлиб хизмат қилади.

Хусусан, ҳукуматимиз томонидан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича жорий йилнинг март-июнь ойларида тўлаш муддати тугайдиган болалари бўлган оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдамлар тўлашни янги муддатда давом эттириш тўғрисидаги ариза ҳамда бошқа ҳужжатларни талаб қилмаган ҳолда 6 ой муддатга танаффуссиз давом этирилиши, янгидан ижтимоий нафақа олиш учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сонини қисқартириш, ўн тўрт ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга ошириш, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронларни бепул таъминлаш учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигена товарларининг рўйхатига карантин тадбирлари амал қилиш даврида бир марталик ниқоблар, антисептик воситалар ва бактерияга қарши совунлар жамланмасининг бепул тарзда тарқатилиши белгилаб берилди.

Аҳолининг меҳнат муносабатлари ҳам алоҳида ҳимояга олинган бўлиб, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (уларнинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг ўн тўрт ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланиши, коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши белгилаб қўйилди.

Жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати жорий йилнинг 15 октябрь кунига қадар узайтирилганлиги фуқароларнинг муҳофазаси давлат ҳимоясида эканлигининг яна бир кўринишидир.

Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилган салбий омилларни бартараф этиш бўйича ҳукуматимиз томонидан меҳнатсевар ва ишбилармон тадбиркорларимизга ҳам хукуматимиз томонидан пандемия даврида бир қатор енгилликлар ва қулайликлар яратиб берилмоқда.

Хусусан, карантин тадбирлари даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлар томонидан давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини ҳисоблаш ва ундиришнинг тўхтатилганлиги, молиявий қийинчиликларга дуч келган корхоналарга банкротлик тартиб-таомилларини қўллаш ва уларни банкрот деб эълон қилишга 2020 йил 1 октябргача мораторий жорий этилганлиги, карантинга олинган шахсларга нисбатан қўлланилган маъмурий жарималарни тўлаш муддатлари карантин муддати тугагунга қадар узайтирилиши, молиявий қийинчликкка дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларнинг 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктирилиши, жорий йилнинг апрель ойидан 31 декабрь кунига қадар юридик шахслардан олинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиниши, юридик шахслар томонидан газ ва электр энергияси бўйича олдиндан ҳақ тўлаш тўғрисидаги мажбурий талаб 30 фоизгача пасайтирилиши ва шу каби бир нечта имтиёларнинг берилганлиги, албатта, Ўзбекистон халқининг ҳозирги синовли кунларни мардонавар руҳда енгишига хизмат қилувчи энг зарурий омиллардан биридир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, давлатимиз томонидан ўз вақтида керакли чора-тадбирларни кўриш пандемияга қарши курашга ўз таъсирини кўрсатиши шак-шубҳасиздир.

Агар барчамиз бир тану бир жон бўлиб, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратсак, аҳоли саломатлигини сақлаш бошқа ҳамма нарсадан муҳим эканини англасак, биз бу оғир ва мураккаб вазиятдан шараф билан чиқа оламиз.

Бугунги кунда барча давлатлар каби мамлакатимизнинг ҳам асосий  мақсади короновирус тарқалишини олдини олиш, уни тўхтатиш ҳамда инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдан иборат эканлигини бутун Ўзбекистон халқи тушиниб етадиган вақт келганлигини англамоқ зарурдир.

Одинахон ХАЛИЛОВА, Фарғона вилояти, Олтиариқ туман адлия бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *