Кўрилди

КРЕДИТ УНДИРИШ УЧУН… ПОРА

сўраган “ўртакаш” Муҳаммадумар Маҳмудов фирибгарлик йўли билан 9 миллион сўмга эга чиқмоқчи эди, лекин пиравордида суд ҳукми билан 14 миллион 191 минг 100 сўм жарима тўлайдиган бўлди.

Марғилон шаҳрилик ака-ука Қаландаровлар асосан гўшт маҳсулотларини олди-сотдиси билан шуғулланишади. Якка тартибдаги тадбиркор О.Қаландаров АТБ “Агробанк” Марғилон филиалидан бир йил муддатга йиллик йигирма олти фоиз устама тўлаш шарти билан 300 миллион сўм кредит маблағларини олиб, айланма маблағларини шакллантиришни режалаштирсада, банкка топширилган ҳужжатлари асосида кредит берилиши борган сари ортга сурилиб кетаверди. Бундан хафа бўлган О.Қаландаров акаси А.Қаландаровга маслаҳат солди. Укаси учун жон фидо бўлган акаси эса кредитни тезроқ олишнинг чораларини излай бошлади.

Мана шундай бош қотган кунларда А.Қаландаров укаси О.Қаландаровнинг ҳузурига фуқаро Муҳаммадумар Маҳмудовни бошлаб келди. М.Маҳмудов якка тартибдаги тадбиркор О.Қаландаровга 300 миллион сўм кредит маблағларини тезроқ олишнинг йўл-йўриғи борлигини, бунинг учун кредитнинг 15 миллион сўмини “узатиши” лозимлигини билдирди. Бу гапни эшитган О.Қаландаровнинг жаҳли чиқиб кетди ва банк кредитининг йиллик устамаси 26 фоиз бўлган бир вақтда, қўшимчасига “ўртакаш”га яна 15 миллион сўм берадиган бўлса, нима қолади, деган хаёлга борди-да, кўнмади.

“Ўртакаш” кетди. Бироқ О.Қаландаров боши берк кўчага кириб қолгандек эди. Ниҳоят акаси орқали М.Маҳмудов 9 миллион сўмга ҳам рози эканлигини билдирди.

Ака-ука Қаландаровлар эса осонгина фирибгарлик йўли билан 9 миллион сўмни қўлга киритмоқчи бўлаётган М.Маҳмудовнинг қилмиши юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига дарҳол ариза билан мурожаат этишди.

2019 йил 25 апрель куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Марғилон шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда М.Маҳмудов А.Қаландаровдан 9 миллион сўм пулларни олган вақтида ушланиб, ундан кимёвий ишлов берилган пуллар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олинди.

2019 йил 23 июль куни жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар суди ўз биносидаги очиқ суд мажлисида судланувчи М.Маҳмудовнинг жиноий қилмишини кўриб чиқиб, Маҳмудов Муҳаммадумар Улуғбек ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
168-моддаси 1-қисми, 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, амалдаги Жиноят кодексининг 59-моддаси 2-қисмига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида – 14 миллион 191 минг 100 сўм жарима жазоси тайинланди.

Уткир ХАШИМОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги

 Департаментнинг бош суриштирувчиси, адлия маслаҳатчиси.

Дониёржон МАМАРАСУЛОВ, Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси суриштирувчиси, Адлия кичик маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *