Кўрилди

180 минг доллар кимга аталган эди?

Жиноят ҳақиқати ва адолат

Энг аввало шундай савол туғилади: 180 минг АҚШ доллари кўп пулми ёки оз пулми? Албатта, жуда кўпчилигимиз учун ниҳоятда катта пул. Бироқ, яна кимларгадир оз пул бўлиб кўриниши ҳам мумкин.

38 ёшли Маъмура Ташматова таниши Х.Мелиевнинг бизнес орқали жуда катта пул топаётганлигини билгач, у билан ўта яқинлашиб кетди. Х.Мелиевни ҳар томонлама чуқур ўрганиб билгач, сўнг кўнглига тугиб қўйган режасини амалга оширишга киришди.

Аввалига Маъмура ўзининг фармацевтика соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланаётганини пеш қилиб, ёрдам сўради. Бор-йўғи 10 минг АҚШ доллари, холос. Бу пулни қўлга киритгач эса Х.Мелиевнинг ишончига тўла кириб олиш мақсадида тездаёқ олган 10 минг АҚШ долларини фойдаси билан деб 20 минг АҚШ доллари қилиб қайтариб берди. Маъмура Х.Мелиев билан ўртасидаги пул олди-бердисига Тошкент-Қўқон йўналишида қатновчи киракаш Ғофир исмли шахс гувоҳ бўлиб туррди. Чунки, Маъмура тез-тез Х.Мелиевдан катта-катта миқдорда пул олар ва тездаёқ фойдаси билан қайтариб берарди.

Уларнинг яқинликлари пиравордида шунчаликка етиб бордики, Тошкент шаҳрида ижарага олинган хонадонлардан бирида ҳатто улар жинсий яқинлик қила бошлашди.

Маъмура қўйган тўрининг бир четини йиғиштириш вақти келганини сезиб, кутилмаганда ўзининг қизини гувоҳлигида Х.Мелиевга дўқ-пўписа қилиб, “Сен билан жинсий яқинлик қилиб, сендан СПИД юқтириб олдим. Сендан бошақа биров билан жинсий яқин бўлмаган эдим. Бу ҳақда яқинларингга айтиб, шарманда қиламан” деб 50 минг АҚШ долларини  талаб қила бошлади. Бундай шармандаликдан чўчиган Х.Мелиев дарҳол Маъмура айтган 50 минг АҚШ долларини нақд бериб, энди қутулдим деб ўйлаганди. Аммо у хато ўйлади. Маъмура ўйлаган режасининг фақат биринчи босқичини амалга оширган эди, холос.

Шундай кунларни бирида Маъмура Х.Мелиевга телефон қилиб, қизи ҳозирда Россия Федерациясидан жуда кўп миқдорда фармацевтика маҳсулотларини олиб келаётганлигини, юкни ими-жимида жойлаб, сотиб олса, хов ўша олган 50 минг АҚШ долларини ҳам қайтариб беришини айтиб, Х.Мелиевни ўз қармоғига яна осонгина илинтириб қўйди.

Кўп ўтмай Россия Федерациясидан келаётган юклар Тошкент шаҳридаги аэропортда ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ходимлари қўлига тушиб қолганини айтиб, қўлидаги қармоғида Х.Мелиев илинганича турган-турмаганлигини эҳтиёткорлик билан текшириб олди. Сўнг эса орадан бироз вақт ўтказиб, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ходимлари 200 минг АҚШ доллари сўраётганини, мабодо шу пулни берса, юкларини қатариб бериши мумкинлигини билдириб СМС-хабар жўнатди. Ортидан эса аэропортдаги ходимлар билан 180 минг АҚШ долларига келишганини, тезликда такси орқали бўлса ҳам шу пулни чиқариб юбориши лозимлигини, пулларни таниш киракаш ҳайдовчиси Ғофир олишини билдириб яна СМС-хабар юборди.

50 минг АҚШ долларини қайтариб олиш илинжида юрган Х.Мелиев Маъмуранинг ёлғонларига, фирибларига лаққа тушди. Дарҳол 180 минг АҚШ долларини пакетга солиб, скочлаб, Қўқон шаҳридан Тошкент шаҳрига кетаётган киракашларнинг биридан бериб юборди. Тез-тез пулни олиб кетаётган киракашу Тошкент шаҳрида пулни кутиб турган
Ғофир билан телефонлашиб турди. Ниҳоят киракаш Тошкент шаҳрига етиб бориб, Чилонзорда уни кутиб турган Ғофир билан учрашди ва пулни топширди. Табиийки, Ғофир скочланган 180 минг АҚШ долларини олибоқ, дарҳол очиб, санаб кўрди. Сўнг Х.Мелиевга телефон қилиб, пулни олганини тасдиқлади.

Бу вақтда эса меҳмонхонада айшу ишратини қилиб ётган Маъмура осмондан тушаётган бебилиска 180 минг АҚШ долларини кутиб ўтирганди. Ваҳоланки, Россия Федерациясидан ҳеч қандай фармацевтика маҳсулотлари келтирмаган, аэропортга ҳам бормаган, фақат Х.Мелиевни чув тушириш учун ўйлаб, пишитган фирибгарлик режасининг охирги босқичини амалга ошираётганди, холос.

Хуллас, Маъмура Ташматова Х.Мелиевдан фирибгарлик йўли билан қўлга киритган 180 минг АҚШ долларини олмаганмаган деб тона бошлади. Қўрқитиш, дўқ-пўписа қилиб олган 50 минг АҚШ доллари-ку унинг хаёлидан тамоман кўтарилиб битганди.

2019 йил 12 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида муқаддам судланмаган, 3 фарзанднинг онаси Маъмура Ташматованинг жиноий қилмиши ҳар томонлама кўриб чиқилди. Суд жараёнида гарчанд 180 минг АҚШ доллари ва бошқа пуллар олди-бердиси тўғрисида ҳеч бир ҳуқуқий ҳужжат тақдим этилмаган, судланувчи М.Ташматова бир хилда “Мен бундақа пулларни олмаганман” деб турган бўлса-да, пулларнинг барча олди-бердисида ўртада турган Ғофир исмли шахс ҳақиқатдан ҳам 2017 йилнинг 9 февраль куни Х.Мелиев Қўқон шаҳридан киракаш орқали юборган 180 минг АҚШ долларини олиб, меҳмонхонда ётган Маъмура Ташматовага олиб кириб берганини тасдиқлади. Қолаверса, 9 февраль куни Қўқон шаҳридан 180 минг АҚШ долларини Х.Мелиевдан олиб, Тошкент шаҳрининг Чилонзор мавзесида Ғофир исмли шахсга топширган А.Холматов исм-фамилияли киракаш ҳам судда иштирок этиб, бўлиб ўтган ҳақиқий ҳолатни тасдиқлади.

Қолаверса, Маъмура Ташматова томонидан Х.Мелиевга берилган 9 минг 500 АҚШ доллари ҳам зарарни қоплаш учун деб аталгани ҳам шубҳа уйғотганди.

Суд ҳукми билан жабрланувчига етказилган зарарнинг 9 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги қисми қопланганлиги қайд қилишни, судланувчи М.Ташматовадан жабрланувчи Х.Мелиев фойдасига 170 минг 500 АҚШ долларининг ҳукм чиқарилган кундаги қиймати (Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2019 йил 11 февраль кунги маълумотига асосан 1 АҚШ долларининг расмий курси 9490 сўм 77 тийин) 1 618 176 285 сўмни ундиришни, дастлабки тергов органи томонидан тақиқ қўйилган судланувчи М.Ташматовага тегишли “Ласетти 2” русумли, 40 S 396 PA давлат белгили автомашинага қидирув эълон қилишни, автомашина ушлангандан сўнг автомашинани хатлашни, қидирувни амалга ошириш ва автомашинанини хатлашни Фарғона вилояти ИИБ ЙХХБ бошлиғи зиммасига юклашни лозим топди. Ва суд ҳукми билан Ташматова Маъмура Исламовна Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 57-моддасини қўллаб, 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Шуҳратбек ИБРОҲИМОВ, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *