ПОРАХЎР РАИС

Маҳалла институти тизимидаги маҳалла раиси лавозими ниҳоятда нуфузли ҳисобланади. Чунки, халқ ишонч билдириб сайлаган маҳалла раиси барчага бирдек муомала қилиб, ҳурмат-эътиборини янада юксалтириши лозим. Аммо гоҳо маҳалла раислари орасида ҳам ишончга путур етказиб, нафс балосига йўлиққанлар учраб турибди.

2018 йил 14 февралдан буён Учкўприк туманидаги “Янги ер” МФЙ раиси лавозимида ишлаб келаётган Сахобиддин Ҳакимов Суюнчол қишлоғида яшовчи фуқаро М.Раҳимбердиева яшаётган уй-жойининг кадапстр ҳужжатлари тўплами учун зарур бўлган Раҳимбердиевлар оиласининг ўз маблағлари ҳисобидан уй-жойлар қуриб битказилгани, ҳақиқатдан ҳам шу ерда яшаши, оила таркиби тўғрисидаги маълумотномаларни тайёрлабь, имзолаб беришини сўраганида, маҳалла раиси беюзлик билан ушбу ишларни тез битказиш учун 300 минг сўм бериши лозимлигини билдирди. Бундйа муомалани кутмаган М.Раҳимбердиева ҳозир бунча пули йўқлигини айтганида, сал кейинроқ берсангиз ҳам бўлаверади, деб, кадастр ҳужжатлари тўплами учун зарур маълумотномаларни тайёрлашга киришди. Шундан сўнг маҳалла раиси С.Ҳакимов М.Раҳимбердиевани ва унинг турмуш ўртоғи М.Тўраевни қаерда кўрса ўша ваъда қилинган 300 минг сўмни беришини талаб қилаверди. Ваҳоланки, ушбу оила ўртаҳол оилалардан бири эканини, М.Раҳимбердиеванинг касал эканини ҳам эътиборга олиб ўтирмади.

Маҳалла раисининг пора талаб қилаётгани бўйича ариза билан фуқаро М.Раҳимбердиева ИЖҚК Департаментининг Учкўприк туман бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Унинг аризасига асосан ИЖҚК Департамент ходимлари тезкор тадбир ўтказишни белгилашиб, унга ушбу тадбирда қатнашишни таклиф қилишди. М.Раҳимбердиева ўз ихтиёри билан рози бўлгач, ИЖҚК Департамент ходимлари банк муассасасидан тезкор тадбирда фойдаланиш учун олинган 300 минг сўмга холислар иштирокида мутахассис томонидан кимёвий ишлов беришиб, диктофон билан унга тақдим қилишди. М.Раҳимбердиева мазкур 300 минг сўмни олиб С.Ҳакимовни хизмат хонасига борди ва С.Ҳакимовга 300 минг сўмни бериб, қолган кадастр ҳужжатларига имзо қўйдириб олди. Шундан кейин С.Ҳакимовнинг хизмат хонасига ИЖҚК Департамент ходимлари киришиб, уни ушлашди.

2019 йил 14 январь куни жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди ҳукми билан С.Ҳакимов  2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик белгиланган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари миқдорида – 6 миллион 81 минг 900  сўм жарима жазоси тайинланди.

Шаҳбоз АЛИШЕРОВ, Ўзбекистон    Республикаси   Бош   прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти бош инспектори.

Шерзодбек ЎРМОНОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Фарғона вилоят бошқармаси катта инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар