Кўрилди

Фирибгар «тадбиркор»лар

Қўқон шаҳрилик Воҳид Ҳамроқулов турмуш ўртоғи Шоҳида Исматуллаева билан биргаликда  2016 январь ойида “QUVONCH SARI” МЧЖни ташкил этганларида, ушбу МЧЖнинг асосий фаолият тури тикувчилик билан шуғулланиш эди. Бироқ …

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик ва ишбилармонлик ҳаракати учун яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Тадбиркорларни ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир шароитда яратилган имкониятлардан фойдаланиб, олдин ўзи, оиласининг моддий аҳволи, фаровонлигини мустаҳкамлаб олаётган, жамиятимиз, давлатимиз тарққиётига муносиб ҳисса қўшаётганлар қанчадан-қанча. Бироқ, бир ҳовуч шундай одамлар ҳам борки, тадбиркорлик ва ишбилармонлик бўйича яратиб берилаётган қулай шароитларни суиистеъмол қилиб, охир-оқибат фирибгарлик жинояти кўчасига кириб қолаётирлар. Хўш, бундай бўлишига сабаб нима? Албатта, режали иш юритмаслик, осон йўл билан кўпроқ пул топишга интилиб, нафс балосига йўлиқиш…

Қўқон шаҳрилик Воҳид Ҳамроқулов турмуш ўртоғи Шоҳида Исматуллаева билан биргаликда  2016 январь ойида “QUVONCH SARI” МЧЖни ташкил этганларида, ушбу МЧЖнинг асосий фаолият тури тикувчилик билан шуғулланиш эди. Бироқ, МЧЖ раҳбари бўлган Шоҳида Исматуллаева (унга нисбатан жиноят ишининг бўлган қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) эри билан маслаҳатлашиб, дарҳол кредитга автомашиналар олиш ҳаракатига тушиб қолди. Шу мақсадда 2016 йилнинг январь ойида  “Микрокредитбанк”нинг Учкўприк туман филиалига мурожаат қилди. Банк билан шартнома тузиб, автосалондан тўрт дона “Спарк” русумли автомашина сотиб олиш учун дастлабки 30 фоизлик тўловни банкка тўлаб ҳам қўйди. Шартнома бўйича  тўрт дона “Спарк” русумли автомашина сотиб олиш учун 138 миллион сўм пул ажратилиши кўрсатилган эди. 2016 йил 20 февраль куни “QUVONCH SARI” МЧЖга автомашиналарни сотиб олиш учун автосалонга “Микрокредитбанк” Учкўприк туман филиали томонидан 138 миллион сўм пул маблағлари ўтказиб берилди-ю, автосалон билан тузилган шартномага кўра, 2016 йил 31 май кунига қадар автомашиналар етказиб берилиши керак бўлгани ҳолда 2016 йил июль ва август ойларида автосалондан уларга уч дона “Спарк” ва бир дона “Матиз” русумли автомашина етказиб берилди.

Хўш, ушбу автомашиналардан МЧЖ мутасаддилари қандай фойдаланмоқчи эдилар? Ушбу автомашиналарни давлат рўйхатидан ўтказиб, давлат рақами олгач, автомашиналарни 2-3 ой давомида алмаштириб, Воҳид Ҳамроқуловнинг ўзи бошқариб юрди.

Ниҳоят “Спарк” русумли 40 286 ВАА давлат рақамли автомашинани таниши Толипов Обиджон акага 7 минг АҚШ долларига ўзаро келишиб сотиб юборди. Таниши Анваржондан бўлган 3 минг 500 АҚШ доллари қарзи эвазига иккинчи “Спарк” русумли 40 243 ВАА давлат рақамли автомашинасини унга олдириб қўйди. Учинчи “Спарк” русумли 40 553 ВАА давлат рақамли автомашинани Наманган вилоятида яшовчи Бахтиёр акага 5 минг 500 АҚШ долларига сотиб юборди. “Матиз” русумли 40 245 ВАА давлат рақамли автомашинани Ўзбекистон туманида яшовчи таниши Фахриддинга 40 миллион сўм қарзи борлиги учун тўлагунига қадар гаровга берди.

Мана шундан кейин аслида соф тадбиркорлик билан шуғулланиши лозим бўлган эр-хотин Воҳид Ҳамроқулов ва Шоҳиста Исматуллаевалар фирибгарлик кўчасига киришди.

Улар олдиндан тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, ўзганинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, 2016 йил май ойидан 2016 йил октябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида Саидганиев Азам Нуридиновичнинг яшаш хонадони – Қўқон шаҳар, “Сўлимбоғ” кўчаси, 27-уйга келиб, А.Саидганиевга “Пепси” ичимлигини арзон нархда сотиб олиб, қўшни туманларга тарқатиб, фойда кўришни ҳамда таниши “Самад” исмли шахснинг акасига тегишли бўлган музлатгичда сақланаётган меваларни Тошкент шаҳридаги “Корзина” савдо мажмуасига олиб бориб сотишини ва кўрилган фойдани ўртада тенг бўлишини айтиб, алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, А.Саидганиевнинг 94 миллион 225 минг 625 сўм қийматга тенг бўлган 32 минг 500 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб олишди.

Енгил пул топишнинг бундақанги йўли чиқиб қолганидан ҳаволаниб кетган эр-хотин фуқаро Раҳимов Муҳиддин Раҳмонович (унга нисбатан жиноят  ишининг бўлган қисми алоҳида иш юритувига ажратилган) билан олдиндан тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, ўзганинг мол-мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида такроран, 2017 йил июль ойида Ўзбекистон тумани, Кўл-элаш қишлоғида яшовчи фуқаро Тошматов Фахритдин Яқубовичга тегишли бўлган хусусий молхонага бориб, гўёки ўзларини чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланишларини, чорва молларини насияга олиб, пулларини бир ҳафта муддатда қилиб беришини айтиб, алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, 2017 йил июль ойидан 2017 йил сентябрь ойига қадар бўлган вақт оралиғида фуқаро Ф.Тошматовнинг 216 миллион сўмлик чорва молларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишга эришишди.

Фирибгарлик йўллари билан топилаётган текин пуллар кўзларини кўр қилиб қўйди шекилли, эр-хотин 2018 йил 25 январь куни Учкўприк тумани, Тошкентлигузар қишлоғида яшовчи Юсупов Асроржон Ахроровични яшаш хонадонига яна келишди. А.Юсуповдан илгари олган қорамолларининг пулларини Тошкент шаҳрига “порошок” бизнесига тикканлигини, порошок бизнесини охирига етказиш учун нақд пул зарурлигини, агар бирорта танишидан бир ой муддатга насияга бериладиган қорамол топиб берса, ушбу қорамолларни сотишдан тушган пуллар эвазига порошок бизнесини жадаллаштиришини ва натижада А.Юсуповдан бўлган барча қарздорликларини узиб юборишларини айтиб, алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб, А.Юсупов орқали фуқаро Қодиров Аббосжон Абдунабиевичнинг беш бош қорамолларини 39 миллион сўмга савдолашиб, қорамолларнинг пулини бир ой муддат ичида қилиб беришини айтиб, алдаб, А.Қодировнинг қора молларини уриб кетишди.

Пул топиш йўлида ҳеч бир йўлда тоймаётган эр-хотин В.Ҳамроқулов ва Ш.Исматуллаева бу гал мўлжални гилам савдоси билан шуғулланувчиларга қаратишди. 2018 йил февраль ойи бошларида Қўқон шаҳар, Фаробий номли ва “Қўқон” савдо комплекси бозорлари орасидаги автотурагоҳ ичида гилам савдоси билан шуғулланувчи Солиев Диёр Машрабовичнинг савдо дўконига келиб, ундан дастлаб тўрт дона гиламларни 3 миллион 200 минг сўмга сотиб олиб, ишончига киришди. Шундан сўнг  2018 йил  4 март куни Д.Солиевнинг савдо дўконига яна келиб, ундан пулини бўлиб бериш шарти билан 16 миллион 678 минг 800 сўмлик 11 дона гиламларни олиб, 3 миллион 280 минг сўм пулларни бериб, қолган қисмини бир ой ичида бўлиб-бўлиб бериш шарти билан гиламларни олиб, яшаш уйига олиб келиб, 9 дона гиламларни А.Юсуповга ўрталарида бўлган қарздорлик эвазига 30 миллион  сўм ҳисобида ўтказиб, Д.Солиевга қолган 13 миллион 820 минг сўм пулларни тўламай қўйишди.

Албатта, емоқнинг қусмоғи ҳам бор, деганларидек, “Микрокредитбанк”нинг Учкўприк филиалилдан олган 138 миллион миқдоридаги кредит пулларининг фоизларини тўлаш тугул, олинган пулнинг тани борлигини ҳам тамоман ёдидан чиқариб юборган эр-хотин фирибгарларнинг қилмишлари  ниҳоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари назарига тушди.

Тергов олди жараёнлари шуни кўрсатдики, эр-хотин Воҳид Ҳамроқулов ва Шоҳиста Исматуллаевалар таъсис этган  “QUVONCH SARI” МЧЖ амалдаги Низомида белгиланган фарлият тури билан бирон кун ҳам шуғулланмаган. Уларнинг асосий мақсади – МЖЧ таъсис этиш орқали аввал тижорат банкидан кредит олиб, уларни қўлга киритиш, сўнг ундан-бундан олган қарзлари учун қарз берувчиларнинг дўппиларини бир-бирига кийгизиб, алдаб юришдангина иборат бўлган экан.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукми билан Ҳамроқулов Воҳид Иномович  Ўзбекистон Респуб- ликаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбли деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 60, 61-моддаларига асосан жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 2017 йил 20 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазоларни ўталмай қолган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2  йил 6  ой муддатга моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 9  йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, судланувчи В.Ҳамроқуловдан “Микрокредитбанк” Учкўприк туман филиали фойдасига 85 миллион 76 минг сўм, жабрланувчи Ф.Тошматов фойдасига 214 миллион 700 минг  сўм, А.Юсупов фойдасига 221 миллион 400 минг сўм, Ф.Эргашев фойдасига 37 миллион 900 минг сўм, Н.Азимова фойдасига 13 миллион 41 минг  сўм, Д.Солиев фойдасига 3 миллион 200 минг  сўм ундирилиши белгиланди.

Эркинжон МИРЗАХМАТОВ,

Қўқон шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *