Кўрилди

Мастлик + қотиллик

Амалдаги Жиноят кодексида қайд этилган қотиллик жинояти аксар ҳолатларда спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда, маст  бўлинганида юз бериши исботланган. Лекин, минг афсуслар бўлсинким, маст бўлиб олиб ўзгага пичоқ кўтариш, ўлдиришга қасд қилиш ҳолатлари сира камаймаяпти.

Андижон шаҳрида юз берган қотиллик жиноятига ҳам аслида ароқ сабабчи бўлди. Икки ҳамтовоқ, бирга-бирга мавсумий ишларда ишлаб юрган кимсалар маст бўлиб олиб, аввал сўкишиб, сўнг жанжаллашиб, пиравордида эса жабрланувчининг хотини ва ўғлини кўз олдида қўлидаги хўжалик пичоғи билан бир неча маротаба оғир тан жароҳатлари етказилиши оқибатида, бир киши шифохонада жон берди…

Озодбек Раҳмонов Н.Жалолбоевга телефон қилганида, ўзи анчайин сархушт, маст эди. Н.Жалолбоев ҳам бу вақтда яхшигина кайф қилиб олганди. Озодбек ундан қачон ишга боришларини сўрган эдики, Н.Жалолбоев унга “Қорнинг оч қолдими…” дея анчайин ҳақоратли сўзларни ёғдириб ташлади. Озодбекга табиийки Н.Жалолбоевнинг ҳақоратли гаплари ёқмади. Озодбек уйидан чиқиб, Н.Жалолбоевни қидириб кетди. Аксига олиб, Н.Жалолбоев уйида йўқ экан. Озодбек уйига қайтиб, яна ичди, яна кўчага чиқди.

Шу вақт қаердандир Н.Жалолбоев таксида келиб қолди. Озодбек ундан телефонда нега ҳақорт қилганини сўраган эди, Н.Жалолбоев унга жавобан мушт солди, Озодбек ҳам ўз мушти билан жавоб қайтарди. Хуллас, икки маст кимса катта кўчада бир-бирини уриб, яхшигина қизишиб олишди.

Ҳақорат эшитгани, мушт еганига чидолмаган Озодбек уйига қайтиб кирди ва Н.Жалолбоевни қўрқитиб қўймоқчи бўлиб, уйидаги хўжалик пичоғини ўзи билан олиб чиқди.

Кўчага чиқиб, кутиб тургандики, Н.Жалолбоев узоқдан кўриниб қолди. Н.Жалолбоевнинг хотини ва ўғли эса юз бераётган ҳолатдан хавотирланиб, улар ҳам кўчада туришганди. Озодбек Н.Жалолбоевни рўпарадаги контейнер панасига бошлади. Аввалига сўкишиш, сўнг эса муштлашиш бошланди. Н.Жалолбоевнинг хотини ва ўғли жанжалкашлар олдига етиб борай деганларида, Озодбекнинг қўлидаги хўжалик пичоғи бир ялтиради-ю, аввал Н.Жалолбоевнинг қорин қисмига, сўнг бўйнига, хуллас бир неча маротаба санчилишга улгурди. Хотини етиб бориб, эрини суяганида, у ҳолсиз хотинининг қучоғига йиқилди.

Танишининг танасига бир неча марта пичоқ санчиб ҳам киприк қоқмаган Озодбек қўлидаги пичоқни ўйнатиб, қизил қонига беланиб, йиқилиб ётган Н.Жалолбоев ва атрофдагиларга қарата “Шунақа бўлади” деб маъқуллаб, шошмай уйига кириб кетди. Аммо одам ўлдириб қўйганини тушуниб етгач эса жазодан қутилиш учунми мастликда қўлига лезвияни олиб, ўзига ҳам тан жароҳати етказмоқчи бўлди…

Ҳа, сўкишиш, муштлашиш, охирида қотиллик билан тугади. Н.Жалолбоев зудлик билан шифохонага олиб кетилган бўлсада, керакли муолажаларга қарамасдан ўша ерда жон берди.

Албатта, суд жараёнида судланувчи Озодбек Раҳмонов Н.Жалолбоевни ўлдириш нияти бўлмаганини, фақат қўлидаги пичоқ билан қўрқитиб қўймоқчи бўлганини билдириб, агар Н.Жалолбоев уни онасидан келиб ҳақорат қилмаганида, уни пичоқламаган бўлишини, илгари Н.Жалолбоев билан ўрталарида адоват бўлмаганини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ўзини ҳамда Н.Жалолбоевни оила аъзоларидан кечирим сўрашини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.

Суд судланувчи О.Раҳмоновнинг жиноий қилмишини муфассал кўриб чиқиб, унга 16 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

 Отабек МАМАЖОНОВ,  Андижон вилоят судининг судьяси.

Комроншоҳ РАСУЛОВ, судьянинг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *