Кўрилди

Ярашиш – жиноий жавобгарликдан озод эта олади

Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилган шахсларга нисбатан давлатнинг жазо қўллашдан воз кечишидир. Мазкур институтнинг жорий қилиниши республикамизда амалда бўлган, Жиноят кодексида мустаҳкамланган инсонпарварлик принципининг амалий ифодаси ҳисобланади. Мазкур қонун меъёрининг амалга киритилиши, авваламбор, жабрланувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилса, иккинчи томондан гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига кодексда тайинланиши назарда тутилган жазодан озод қилиш имкониятини беради, учинчидан, респуб- ликада судланганлик кўрсаткичини камайишига олиб келади. Мазкур тоифадаги ишлар жиноят судлов ишларини юритишнинг сифатини оширади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва судларда иш юритишнинг тезкорлигини таъминлайди, иш бўйича манфаатдор шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини  ифодалаб, уларнинг давлат идоралари ва ходимларига нисбатан бўлган ишончини янада оширади.

Ярашув институтининг асосий вазифаси муайян жиноят ишлари бўйича тарафларнинг позицияларини яқинлаштириш, улар ўртасидаги низони тартибга солиш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ярашув натижаларига эришишда тарафларга ёрдам беришидир. Ярашувнинг амалга оширилиши билан суриштирув ва дастлабки терговнинг муддати қисқаради, рецидив жиноятчиликнинг даражаси пасаяди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 661-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганлик учун жавобгарликдан озод қилиб, ярашилганлиги муносабати билан иш юритишни тугатиш учун қонунчиликда асосан шахснинг ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятни содир қилганлиги, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар билан ярашиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогарнинг гумон қилувчи ёки айбланувчига нисбатан жиноят ишини тугатишга рози эканлиги тўғрисида ёзма аризаси мавжуд бўлиши, муқаддам қайд этилган, оғир ёки ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун  судланганлик ҳолатининг тугалланганлиги ёки судланганлиги қонунда белгиланган тартибда олиб ташланган бўлиши, ёхуд муқаддам содир қилган жинояти учун жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлиши, шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ўзига нисбатан юритилаётган жиноят ишини тугатилишига қарши эмаслиги тўғрисидаги аризаси мавжудлиги талаб қилинади.

Ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиниши жараёнида суриштирув ва дастлабки тергов ва биринчи инстанция судида жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарга етказилган моддий зарарнинг суммасига, унинг натура ёки бошқа шаклда қопланганлигига аниқлик киритилиши лозим. Амалиётда айрим ҳолларда жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогар томонидан ишни судда кўрилиши жараёнида зарарни ундиришдан воз кечгани баён қилинса-да, қонунчиликда қатъий етказилган зарарни бартараф этишлик белгилангани боис, жабрланувчининг, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг аризаларида етказилган зарарнинг қоплангани баён қилинади.

Шу боис мазкур турдаги жиноят ишларини кўрилиши жараёнида агар моддий ва маънавий зарар қопланган бўлса, унинг шакли ва миқдорига аниқлик киритилиши, агар манфаатдор шахс зарарни ундиришдан ихтиёрий воз кечган бўлса, мазкур ҳолат қонунчиликда мустаҳкамланиши лозим.

Етказилган маънавий, моддий ва жисмоний зарар жабрланувчининг хоҳишидан келиб чиқиб, турли шаклларда қопланиши мумкин. Масалан, кечирим сўраш, моддий зарарни пул ёки бошқа шаклда қоплаш, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан жабрланувчи манфаатида ҳар хил турдаги тиббий хизматлар учун тўловларнинг амалга оширилиши, ўғирланган ёки зарар етказилган мулкни қайтариш, йўқолган ёки шикаст етказилган мулкнинг янгисини сотиб олиб бериш, шикастланган мулкни таъмирлаш, оғир ёки ўта оғир даражадаги тан жароҳати олган  шахсга қараб туриш учун кимнидир ҳақ эвазига ёллаш, қимматбаҳо протезларни сотиб олиб бериш, шаън ва қадр-қимматни камситувчи материаллар тарқатилганда, интернет ёки оммавий ахборот воситаларида раддия бериш ёхуд расмий кечирим сўраш каби кўринишларда бўлиши мумкин.

Жабрланувчига етказилган зарарнинг қопланиши билан ярашувга эришишда ҳар икки тараф ўз ихтиёрлари, хоҳишлари билан ҳаракат қилишлари, уларга нисбатан мажбурлаш, таҳдид, босим ўтказилиши мумкин эмас.

Шунингдек, иш бўйича жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг тўлиқ ундирилмасдан (жабрланувчининг соғлигига жиддий шикаст етказилган ҳолатда иш бўйича суднинг қарори чиққан кунга қадар бўлган зарар ундирилиб, жабрланувчининг кейинги даволаниши учун зарур бўладиган маблағни ундириш муаммосининг келиб чиқиши, амалда ундирилмаган зарар бўйича қарз ёки бошқа шартномалар тузилиб, уларнинг ижрога қаратилиш жараёнида муаммоларнинг вужудга келиши, жабрланувчи ёки фуқаровий даъвогарнинг ташқи таъсир натижасида зарарни ундиришдан воз кечиб, кейинчалик зарарни ундиришни талаб қилиши ва ҳ.з) ярашувнинг тасдиқланиши мазкур иш бўйича қабул қилинган қарорларни шубҳа остига қўяди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорининг 4-бандида, ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд зиммасига ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни жабрланувчи (фуқаровий даъвогар)га тушунтириш шарт бўлиб, қонуннинг ушбу талабига риоя этмаслик ярашув тўғрисидаги иш бўйича чиқарилган қарорнинг бекор қилинишига асос бўлиши мумкинлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган.

Ярашилганлиги муносабати билан жиноят ишининг тугатилишида гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг қилмишида жиноят таркибининг мавжуд бўлиши ҳамда иш юритишнинг ҳар қандай босқичида субъект ҳимоя ҳуқуқи билан қонунда белгиланган тартибда таъминланиши шарт. Чунончи, мазкур турдаги ишларнинг юқори инстанцияси судлар томонидан ўрганилиши натижасида аксарият ишлар асосан тўғри ҳал қилинган бўлса-да, бироқ айрим ишларнинг кўрилишида ЖПК талабларига риоя қилинмаганлиги аниқланган. Хусусан, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятининг содир этилганлиги натижасида дастлаб “ҳаёт учун хавфли” бўлган тан жароҳати олган жабрланувчининг суд мажлисига таклиф қилинмагани, айрим ишларда суриштирув, дастлабки тергов ва судда ҳимояга бўлган ҳуқуқнинг таъминланмаганлиги кўринади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 24-моддасида гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчининг ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги; ҳимояланиш ҳуқуқи суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд зиммасидаги гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчига унга берилган ҳуқуқларни тушунтириб бериш ҳамда у ўзига қўйилган айбловдан ҳимояланиш учун қонунда назарда тутилган барча восита ва усуллардан фойдаланишда ҳақиқий имкониятга эга бўлишига қаратилган чора-тадбирлар кўриш мажбурияти билан таъминланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77-моддасида жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган ҳисобланиши, суд томонидан жазодан озод қилинган шахснинг судланмаган деб ҳисоб- ланиши белгиланган.

Бироқ, ярашилганлиги муносабати билан жиноят иши тугатилган шахслар тўла маънода судланмаган деб эътироф этилиши, бу тоифадаги ишларнинг тугатилиши реабилитация учун асос бўлиши мумкин эмас. Чунки, шахснинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд бўлиб, унинг жиноят содир қилганлик факти ахборот марказида қайд этилади ва айрим шахсларнинг муайян ҳуқуқларини чекланишига олиб келади. Жумладан, ярашув институтининг қўлланилиши мазкур шахслар билан тузилган меҳнат шартномаларининг бекор қилинишига олиб келади ёки ишлари тугатилган шахсларнинг тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга ишга киришига тўсқинлик қилади.

Жиноят ишларининг таҳлили шуни кўрсатадики, эҳтиётсизлик орқали содир этилган жиноятларнинг аксарият қисмида (Ўзбек- истон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддасини 2-қисми, 257-модданинг 2-қисми ва ҳ.з) содир этилган қилмиш одам ўлиши билан боғлиқ бўлган оқибатни келтириб чиқарган бўлса-да, вафот этган шахсларнинг яқин қариндошларига етказилган моддий ва маънавий зарарларнинг тўлиқ қопланганлиги муносабати билан жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари судланувчиларга нисбатан даъволари йўқлигини баён қилишган. Суд томонидан даъвонинг мавжуд эмаслиги, судланувчининг шахси ва ишнинг бошқа ҳолатлари инобатга олинган ҳолда судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чоралари қўлланилган.

 Роҳила ХУДАЙБЕРДИЕВА, Навоий вилоят судининг судь- яси.

Азиза РЎЗИЕВА, Навоий вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *