Кўрилди

Меҳнат стажи тасдиқланадиган бўлди

Фуқаро Н.Нурматов (исм-фамилия ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар, Сирғали туман бўлимининг мансабдор шахсларини қароридан норози бўлиб, Тошкент туманлараро маъмурий судига мурожаат қилди.

Фуқаро Н.Нурматов муқаддам пенсия расмийлаштириш мақсадида топшириши лозим бўлган ҳужжатларни архивлардан йиғиб, Сирғали туман Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганлиги, Пенсия жамғармаси бўлими унинг 1995 йил 24 январдан 1999 йил 29 мартга қадар «Тошкентвилоятулгуржисавдо» МЧЖда, 2003 йил 1 майдан 2003 йил 31 июлга қадар, 2003 йил 1 октябрдан 2003 йи 31 октбярга қадар ЗСУда амалга оширилган меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатлар аризачи томонидан тўлиқ тақдим этмаганлиги сабабли, унинг стажини ҳисоблашда ушбу йилларни ҳисобга олинмаслигини билдирган, унинг меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатлар мансабдор шахслар ҳамда бунга жавобгар бўлган ходимлар томонидан тегишли тартибда юритилмаганлиги сабабли аризачи меҳнат шароити ва стажига номуносиб пенсия олишга қаршилигини билдириб, суддан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар, Сирғали туман бўлимининг 2020 йил 4 декабрдаги 1952-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, Тошкент шаҳар Сирғали туман Пенсия жамғармасининг мансабдор шахсларини  меҳнат стажини инобатга олишни рад этиш ифодаланган хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топиб, низоли стажларни тасдиқлаб бериш мажбуриятини юклашни сўради.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонунининг 42-моддаси ҳамда АВ томонидан 1998 йилнинг 29 январида 402-сон билан рўйхатга олинган, МҳВ ва ИТВ томонидан тасдиқланган «Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида»ги Йўриқнома талабларига кўра, меҳнат дафтарчаси иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Суд томонидан кўздан кечирилган аризачининг меҳнат дафтарчасидан кўринишича, аризачи 1995 йил 24 январдан 1999 йил 29 мартга қадар «Тошкентвилоятулгуржисавдо» МЧЖда, 2003 йил 1 майдан 2003 йил 31 июлга қадар, 2003 йил 1 октябрдан 2003 йил 31 октярбга қадар ЗСУда ишлаб келганлиги ҳақида маълумотлар киритилган, мазкур ёзувлар ваколатли шахснинг имзоси ва корхона муҳри билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 74-бандида авариялар ва маҳаллий кўламдаги бошқа фавқулодда вазиятлар (ёнғин, сув босиши), ташкилотнинг тўлиқ тугатилиши ёхуд ушбу Низомнинг 58-бандида назарда тутилгандан бошқа сабаблар бўйича архив маълумотларининг мавжуд эмаслиги муносабати билан мавжуд иш стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва уларни олиш имкони бўлмаганда, иш стажи суд тартибида белгиланиши назарда тутилган.

Суд юқорида қайд этилган қонун талаби ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сирғали туман Пенсия жамғармасининг мансабдор шахсларини 1995 йил 24 январдан 1999 йил 29 мартга қадар «Тошкентвилоятулгуржисавдо» корхонасида ишлаганлик стажини инобатга олишни рад этиш ифодаланган хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар, Сирғали туман бўлимининг 2020 йил 4 декабрдаги 1952-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Жавобгар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар, Сирғали туман бўлимининг мансабдор шахслар зиммасига 1995 йил 24 январдан 1999 йил 29 мартга қадар «Тошкентвилоятулгуржисавдо» МЧЖда ишлаганлик тўғрисидаги меҳнат стажини тасдиқлаб бериш ҳақидаги аризасини қайта кўриб чиқиш мажбурияти юклатилди.

Дурдона РАУФХОДЖАЕВА, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судья ёрдамчиси.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *