Кўрилди

Ака-ука нашафурушлар

Нормурод кўчада кўрган таниши Ж.Жияновдан наша гиёҳвандлик моддаси бор эканини, ана шу гиёҳвандлик моддасини сотса, яхшигина даромад қилиши мумкинлигини эшитиб қолди-ю, уйга келгач, акаси Саттаралига бу ҳақда айтди. Чунки, Ж.Жиянов гугурт қутисига солиб кўрсатган наша гиёҳвандлик моддаларини сира кўз олдидан кетказа олмаётган эди. 7 нафар фарзанднинг отаси бўлган 62 ёшли Саттарали укаси Нормурод ножўя, ноқонуний ишни таклиф қилаётганини билсада, уни қўллаб-қувватлади. Чунки, ака-уканинг кўзларини бебилиска пуллар кўр қилиб қўйди-да.

Ука акасига наша гиёҳвандлик моддаларини чекиш ёки сотиш учун олиши мумкинлигини айтиб қизиқтиргач, орадан бироз вақт ўтиб, Саттарали укасига телефон қилиб, 10 та гугурт  қутисига қадоқланган наша кераклигини, харидор борлигини айтиб қолди. Аммо акасининг укасига харидор аёл экани тўғрисидаги гапи ёқмади. Ука акасига “хотин киши билан муомала қилмайман” дея рад жавобини берди. Бироқ бир дона гугурт қутисидаги наша гиёҳвандлик моддаси учун 500 минг сўмдан пул таклиф қилаётган аёлнинг сўровини Саттарали рад қилгиси келмади. Аввал пул, сўнг наша деб нотаниш аёлдан 1 миллион сўм нақд пулни олиб, ўзининг “Дамас” русумли машинасида укаси Нормуроднинг ёнига етиб борди. “Дамас”га чиққан Нормуродга Саттарали 900 минг сўмни бериб, 100 минг сўмини чўнтагида қолдирди-да, укасидан 2 қутида қадоқланган наша гиёҳвандлик моддасини олиб кетди.

Орадан бир соат ўтиб, акаси Саттарали Нормуродга қўнғироқ қилиб, қолган 8 та гугурт қутидаги нашалар ҳам кераклигини, пули нақд эканлигини айтгач, уйида дам олиб ётган Нормурод эгнидаги тўнининг енгига 8 та қутидаги наша гиёҳвандлик моддаларини солиб, айтилган ерга чиқиб борди. Нормурод “Дамас”нинг олд ўриндиғига ўтирди-ю, қўлга тушди. Ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоранинг ходимлари уни дарҳол “Дамас”дан “Нексия” машинасига олишди ва эгнидаги тўнининг енгидан 8 та қутига солиб қадоқланган наша гиёҳвандлик моддалари – мариуханалар топилди.

Кейинчалик маълум бўлишича, аввалги икки дона “Спички” ёзувли гугурт қутиларига солинган, қуритиб майдаланган, таркибида тетрогидроканнабинол гиёҳвандлик моддалари бўлган марихуана гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 4,8 грамм чиққан бўлса, кейинги 8 та гугурт қутиларидаги 15,9  грамм бўлиб чиқди.

Гарчанд Нормурод Файзиев суд муҳокамасида, суриштирув ва дастлабки  тергов жараёнида 10 дона гугурт қутидаги марихуана гиёҳвандлик воситасини Ж.Жиянов сотиб бериш учун бергани тўғрисида важ келтирган бўлсада, унинг ушбу важлари жиноят ишидаги сўроқ баённомалари, суд муҳокамасидаги Ж.Жияновнинг кўрсатувлари, юзлаштириш суд тергови ҳаракатлари билан тасдиғини топмади, дастлабки тергов органи томонидан ишнинг Ж.Жияновга нисбатан бўлган қисм айблаш учун етарли далиллар бўлмагани сабабли ҳаракатдан тугатилди. Шу сабабли суд ҳайъати Н.Файзиевнинг важларини рад қилишни лозим топди.

Судланувчилар Н.Файзиев ва С.Файзиевнинг содир этган жиноятларидаги айблари судда Н.Файзиев қисман, С.Файзиев тўлиқ иқрор бўлиб берган кўрсатувларидан ташқари гувоҳларнинг кўрсатувлари билан бирга жиноят иши юзасидан тўпланган ҳужжатлар, жумладан, пулларни кўздан кечириш ва бериш баённомаси, нарсани олиш, тинтув баённомалари, судга оид кимёвий ва норкологик экспертиза хулосалари, нарсани далилий ашё деб эътироф этиш қарори каби суд муҳокамасида текширилган далиллар билан тўлиқ исботланди.

Суд ҳайъати судланувчи Н.Файзиевга жазо тури ва миқдорини тайинлашда қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилавий шароитини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини, муқаддам судланмаганини, жазони енгиллаштирувчи ва жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, Олйи суд Пленуми қарори тушунтиришларига ва жиноят қонунининг одиллик ҳамда инсонпарварлик принципларига амал қилиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, санкциясида назарда тутилганидан ҳам камроқ озодликдан маҳрум қилиш жазо тайинлашни, жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттиришни, жазо муддатини қамоққа олинган кунидан ҳисоблашни ва қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини аслича қолдиришни; судланувчи С.Файзиевга нисбатан жазо тури ва миқдорини тайинлашда қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очишга фаол ёрдам берганини, оилавий шароитини, ёшини жазони енгиллаштирувчи ва жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб баҳолаб, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, содир этган жиноятининг ижтимоий хавфлилик даражасини ва маҳалла томонидан тақдим этилган кафиллик хатини, жиноят содир этгандан кейинги хулқ-атворини, шу билан бир қаторда 60 ёшдан ошгани сабабли коронавирус пандемияси шароитида озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ соғлиги учун хавф туғдиришини инобатга олиб, Пленум қарори тушунтиришларига ва жиноят қонунининг одиллик ҳамда инсонпарварлик принципларига амал қилиб, С.Файзиевга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисоблаб, синов муддати белгилашни лозим деб топди.

Пиравордида суд ҳукми билан Н.Файзиевга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси, С.Файзиевга эса тайинланган 4 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан шартли ҳисобланди ва 2 йил синов муддати белгиланди.

 

Фаёза ҚАМБАРОВА, жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *