Кўрилди

Дастлабки эшитув тартиби ва асослари

Президент Шавкат Мирзиёев суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларни имзолади.

Ўзгартириш ва қўшимчаларнинг асосий қисми суд тизимининг қайта ихтисослашуви, суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши билан боғлиқ.

Жумладан, “Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар асосан қатор жиҳатларда намоён бўлмоқда.

Жиноят-процессуал кодексига киритилган янги ўзгаришларга кўра, шахснинг айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо тайинлаш,  кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш, унинг асослари ва тартиби,  келиб тушган жиноят иши бўйича судьянинг ҳаракатлари ифодалаб берилган.

Судья жиноят ишини айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси ёхуд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги масалани кўриб чиқиш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор билан қабул қилиб олгач, қуйидаги ажримлардан бирини чиқаради:

—  ишни судловга тегишлилигига кўра ўтказиш тўғрисида;

— ишни судда кўриш учун тайинлаш ҳақида;

— дастлабки эшитув ўтказиш тўғрисида.

Ажрим судья томонидан иш судга келиб тушган пайтдан эътиборан етти суткадан кечиктирмай қабул қилинади. Бу муддат шу суднинг раиси томонидан кўпи билан уч суткагача узайтирилиши мумкин.

Судья ушбу кодекснинг 395-моддасини биринчи қисмида назарда тутилган масалаларни ҳал этишда жиноят иши бўйича ҳар бир айбланувчига нисбатан қуйидаги ҳолатларни аниқлаши керак:

— иш мазкур суднинг судловига тегишлими;

— ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун асослар етарлими;

— суриштирув ва дастлабки тергов ўтказиш чоғида ушбу кодекснинг талабларига риоя қилинганми;

— айбланувчига нисбатан эҳтиёт чораси тўғри танланганми;

— жиноят оқибатида етказилган мулкий зарарнинг ўрни қопланишини таъминлаш чоралари кўрилганми;

— айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси ушбу кодекснинг талабларига мувофиқ тузилганми;

— дастлабки эшитув ўтказиш учун асослар борми?

Суд тарафларнинг илтимосига кўра ёки ўз ташаббуси билан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказади.

Дастлабки эшитув қуйидагилар учун асослар мавжуд бўлган тақдирда ўтказилади:

— жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш;

— жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш;

— жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган прокурорга юбориш;

— ушбу кодексда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш;

—  номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлса, ушбу далилларни чиқариб ташлаш.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказиш тўғрисидаги ажримда қуйидагилар кўрсатилади:

— ажрим чиқарилган вақт ва жой;

— судьянинг лавозими ва фамилияси;

— айбланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми ва Жиноят кодексининг унга нисбатан айблов қўйилаётган моддаси;

— илтимоснома киритган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва процессуал мақоми;

— дастлабки эшитувни ўтказиш учун асослар;

— дастлабки эшитув иштирокчилари;

— дастлабки эшитув ўтказиладиган жой ва вақт.

Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддаларида жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни ўтказиш муддатлари ҳам  белгилаб берилган.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув судья томонидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмай бошланиши керак.

Дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги дастлабки эшитув бошланган кундан эътиборан ўн суткадан ошмаслиги керак.

Дастлабки эшитув судья томонидан ёпиқ суд мажлисида якка тартибда, тарафлар иштирокида ўтказилади. Тарафларни суд мажлисига чақириш тўғрисидаги билдириш дастлабки эшитув ўтказиладиган кунга қадар камида уч сутка олдин юборилган бўлиши керак. Суд мажлисида айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва давлат айбловчиси иштирок этиши шарт. Дастлабки эшитув айбланувчи йўқлигида унинг илтимосига кўра ёки башарти суд муҳокамасини ушбу кодекснинг 410-моддасини учинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказиш учун асослар мавжуд бўлса, тарафлардан бирининг илтимосига кўра ўтказилиши мумкин.

Ўз вақтида хабардор қилинган жабрланувчи ва унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ҳамда улар вакилларининг суд мажлисига келмаганлиги дастлабки эшитувни ўтказиш учун монелик қилмайди. Раислик қилувчи дастлабки эшитув бўйича суд мажлисини белгиланган вақтда очади. Раислик қилувчи суд таркибини эълон қилади, кимлар давлат айбловчиси, ҳимоячи, суд мажлисининг котиби эканлигини эълон қилади.

Раислик қилувчи айбланувчининг шахсини аниқлайди. Кейин раислик қилувчи, агар жиноят иши бўйича иш юритишда иштирок этаётган бўлса, айбланувчининг қонуний вакили, жабрланувчи, унинг вакилини шахсини аниқлайди.

Раислик қилувчи суд мажлиси иштирокчиларига уларнинг судьяни, давлат айбловчисини, суд мажлиси котибини ва суд мажлисининг бошқа иштирокчиларини рад қилиш ҳуқуқларини тушунтиради. Билдирилган рад қилишларни суд ушбу кодекснинг 80-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал қилади.

Раислик қилувчи айбланувчидан, шунингдек, суд мажлисига чақирилган шахслардан илтимослари бор-йўқлигини сўрайди.

Дастлабки эшитувни ўтказиш раислик қилувчининг маърузаси билан бошланади, маърузадан кейин у суд мажлисида ҳозир бўлганларни эшитади. Сўнгра жиноят ишига доир материаллар текширилади.

Агар бир тараф номақбул далилни чиқариб ташлаш тўғрисида илтимоснома берган бўлса, судья бошқа тарафдан унда мазкур илтимосномага қарши эътирози бор-йўқлигини суриштиради. Эътирозлар мавжуд бўлмаган ва далилларни номақбул деб эътироф этиш учун қонунда назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, судья илтимосномани қаноатлантиради.

Тарафларнинг қўшимча далилларни талаб қилиб олиш тўғрисидаги илтимосномалари, агар ушбу далиллар иш учун аҳамиятли бўлса, қаноатлантирилиши керак. Шундан сўнг давлат айбловчисининг ва ҳимоячининг дастлабки эшитувда ҳал этилаётган масалалар юзасидан фикри эшитилади. Давлат айбловчисининг ва ҳимоячининг фикрини эшитгач, раислик қилувчи ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради, ушбу ажрим суд мажлисида ўқиб эшиттирилиши керак.

Дастлабки эшитув натижалари бўйича судья ушбу кодекснинг тегишли моддасида назарда тутилган ажримлардан бирини чиқаради.

Айтиш жоизки, Жиноят процессуал кодексга киритилган дастлабки эшитув тушунчаси суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотлари туфайли киритилган янгиликлардан бири ҳисобланади.

 

Эльза ШАМСУТДИНОВА, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *