Кўрилди

Маъмурий тартиб-таомиллар

Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни 2018 йил 8 январь куни қабул қилинган бўлиб, 2019 йил 8 январдан бошлаб кучга кирган.

Маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий ғояси маъмурий қарорнинг адресатига иш юзасидан унинг далил ва важларини тинглаш имкониятини тақдим этиш, бошқача қилиб айтганда, тингланиш ҳуқуқи билан таъминлаш ва шу орқали фуқаро билан мулоқот қилиш ва уни дардини тинглаш, дардига малҳам бўлиш ва унга хизмат қилишда акс этади.

Қонунинг асосий вазифалари маъмурий тартиб-таомилларнинг ягона асосларини белгилаш орқали қонун устуворлигини, жисмоний ва юридик шахсларнинг маъмурий органлар билан бўлган муносабатларида ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашдан иборат.

Қонун давлат хизматларини янада сифатли кўрсатишда маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этишга кенг имкониятлар яратади.

Қонунга кўра, маъмурий тартиб-таомиллар деганда, давлат органларининг оммавий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар, яъни лицензия, рухсат бериш тартиб-таомиллари, турли давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиб-таомиллар ва ҳоказолар тушунилади.

Қонун қабул қилиниб, қонуний кучга киргунга қадар давлат органлари ҳамда жисмоний ва юридик шахслар орасидаги муносабатлар турли қонунлар ва қонуности ҳужжатлари билан тартибга солинган эди. Улардаги талабларнинг турлича эканлиги давлат органлари томонидан қарорлар қабул қилишда ваколат доирасида мажбуриятларни бажармаслик, оғзаки топшириқлар асосида ишлаш каби ҳолатларни келтириб чиқараётган эди.

Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар кўрсатилган:

манфаатдор шахс ¬ ¬– ¬қабул қилинаётган маъмурий ҳужжат ёки маъмурий ҳаракат қаратилган шахс, шунингдек, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари маъмурий ҳужжатга ёки маъмурий ҳаракатга дахлдор бўлган ёхуд дахлдор бўлиши мумкин бўлган шахс;

маъмурий иш юритиш ¬– маъмурий тартиб-таомил орқали тартибга солинган маъмурий ишни кўриб чиқиш, маъмурий ҳужжатни қабул қилиш, уни маъмурий шикоят бўйича қайта кўриш, шунингдек, маъмурий ҳужжатни ижро этиш жараёни;

маъмурий ихтиёрийлик (дискрецион ваколат) ¬– маъмурий органнинг қонун ҳужжатлари доирасида йўл қўйилган чоралардан бирини қонунийликка ва мақсадга мувофиқликка ўзи баҳо бериши асосида ўз ихтиёрига кўра қўллаш ёки тегишли чорани қўллашдан воз кечиш ҳуқуқи;

маъмурий органлар ¬– маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек, ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар ва махсус тузилган комиссиялар;

маъмурий тартиб-таомил ¬– маъмурий органларнинг маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солувчи процессуал қоидалар;

маъмурий ҳаракатлар ¬– маъмурий органнинг жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида амалга оширилган, маъмурий ёки процессуал ҳужжат бўлмаган, юридик аҳамиятга эга ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги);

маъмурий ҳужжат ¬– маъмурий органнинг оммавий ҳуқуқий муносабатларни юзага келтиришга, ўзгартиришга ёки тугатишга қаратилган ҳамда айрим жисмоний ёки юридик шахслар учун ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳи учун муайян ҳуқуқий оқибатлар келтириб чиқарувчи таъсир чораси;

маъмурий-ҳуқуқий фаолият ¬– айрим жисмоний ёки юридик шахсларга ёхуд муайян хусусий белгиларига кўра ажратиладиган шахслар гуруҳига таъсир кўрсатувчи бошқарув фаолияти;

процессуал ҳужжат ¬– маъмурий орган томонидан маъмурий иш юритиш давомида қабул қилинадиган, маъмурий ишни мазмунан ҳал этмайдиган ҳужжат.

Эндиликда фуқаро виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса, давлат органлари томонидан расмий қоидалар бажарилмади деган важ билан унинг мурожаатини рад этиш ёки турли чекловлар ўрнатиш тақиқланади.

Қонунда маъмурий органга топшириладиган ариза шакли ва мазмунига асосий талаблар ўрнатилган. Унга биноан ариза берувчидан қонунчиликда кўзда тутилмаган ахборотни ёки ҳужжатларни тақдим қилишни талаб қилиш, шунингдек, унга илова қилинаётган ҳужжатларга талаблар қўйиш тақиқланади. Маъмурий органда аризани рўйхатдан ўтказишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Маъмурий органга маъмурий тартиб-таомилни амалга ошириш учун бошқа маъмурий ва ўзга органдан ҳужжатлар ва маълумотлар олиш талаб этилса, маъмурий иш юритиш “бир дарча” принципи бўйича амалга оширилади. Бунда маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, мустақил равишда манфаатдор шахсларнинг иштирокисиз идоралараро ўзаро ҳамкорлик орқали олади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо ариза маъмурий органда рўйхатга олинган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кам бўлмаган муддатда маъмурий ишни кўриб чиқади ҳамда маъмурий ҳужжатни қабул қилади.

Маъмурий орган ташаббуси билан маъмурий ҳужжатларни қабул қилишнинг энг кўп муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда маъмурий иш юритиш муддати маъмурий орган томонидан узайтирилиши мумкин.

Маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши ариза маъмурий органда рўйхатга олган кундан бошланади, маъмурий ҳужжат маъмурий орган ташаббуси билан қабул қиладиган тақдирда, ушбу муддатнинг ўтиши адресат маъмурий иш юритиш бошланганлиги ҳақида тегишли тарзда хабардор қилинган кундан бошланади.

Агар ариза ваколатли маъмурий органга ўтказиб юборилган бўлса. Маъмурий иш юритиш муддатининг ўтиши маъмурий иш тегишли ваколатли органга келиб тушиб, рўйхатга олинган кундан бошланади.

Маъмурий ишни кўриб чиқиш иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари батафсил белгиланган, давлат органлари ва фуқаро, ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини акс эттирувчи маъмурий тартиб-таомилларнинг асосий принциплари ўрнатилган.

Қонунда маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг ҳамда улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартибини, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас деб топиш асосларини белгилаш кўрсатиб берилган.

Мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби билан боғлиқ алоҳида масалаларни (йиғилиш ўтказиш, ишни кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш, бошқа ички идоравий расмий ҳаракатлар ва ҳ.к.) қонуности ҳужжатлари, шу жумладан, тегишли регламентлар билан тартибга солиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Маъмурий ҳужжатлар ва маъмурий ҳаракатлар маъмурий тартиб-таомилларнинг принципларига мувофиқ бўлиши керак.

Маъмурий тартиб-таомиллар принципларига номувофиқлик маъмурий ҳужжатларнинг ва маъмурий ҳаракатларнинг бекор қилинишига ёки қайта кўриб чиқилишига олиб келади.

 Жаҳонгир ХАФИЗОВ, Андижон туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *