Кўрилди

Чора-тадбирлар белгиланди

Маълумки, бугунги кунда фуқаролар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ содир этилаётган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони тобора ортиб бормоқда.

Биргина мисол, 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят туман(шаҳар) судлари томонидан маст ҳолда транспорт воситаларини бошқариб, ҳуқуқбузарлик содир қилган 549 нафар, йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган 321 нафар, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаган 468 нафар шахсларга нисбатан юритилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш ҳужжатлари кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонун доирасида тегишли жазолар қўлланилган.

Шу каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни расмийлаштириш тартиби, бу борада йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар ҳамда келгусида мазкур тоифадаги ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида 2021 йил 17 март куни Фарғона вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьялари  ва туман(шаҳар) судлари судьялари иштирокида видеконференцалоқа режимидан фойдаланган ҳолда семинар машғулоти ўтказилди.

Семинар машғулотида Фарғона вилоят судининг судьялари Б.Ваҳобов, Т.Мирзаев, А.Хабибуллаев, Б.Эргашев томонидан ЙПХ инспекторлари томонидан йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгусида бу борадаги камчиликларни олдини олишга қаратилган тушунтиришлар берилди. Бундан ташқари, вилоят судининг судьялари Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маърузалар қилдилар.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман судининг раиси А.Акрамов, Олтиариқ туман судининг судьяси А.Раҳимов ва Фарғона шаҳар судининг судьяси М.Абдубаннабов томонидан “Йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома, “Йўл патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги, “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрсида”ги Низомларда кўрсатилган қоидаларнинг қўлланилиши юзасидан тушунтиришлар берилди.

Очиқ ва эркин мулоқот тарзида ўтган семинар машғулотида суриштирув ва суд амалиётда учраётган муаммолар, уларни олдини олиш ва ҳуқуқбузарларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш юзасидан бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Келгусида Фарғона вилоят суди ва Фарғона вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси билан ҳамкорликда бу каби тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб бориш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

Бобохон ВАҲОБОВ, Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси.

 

Маҳкамжон АБДУБАННАБОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *