Кўрилди

Врач эмас, фирибгарлар экан

Мен 2017 йил 3 август куни Тошкент шаҳридаги “Назар” хусусий кўз клиникасига кўзимни текширтиргани бордим. Клиниканинг бош врачи Низомитдин Зайнутдинов ва даволовчи врач Баҳодир Дадабоевларнинг тавсиясига мувофиқ текширувдан ўтганимдан сўнг кўз гавҳари лойқаланган, деган ташхис қўйилди.

Бош врач ва даволовчи врачнинг “Кўз гавҳарингиз лойқаланибди, операция қилинса, кўзингиз яхши бўлиб кетади. Бунинг учун кўзингизга сунъий гавҳар қўйиш керак” деган гапларига ишониб, операцияга рози бўлдим. Аммо операциядан сўнг кўзимни кўриши яхшиланмади, балки операция қилинган кўзим буткул кўрмай қолди.

Аксига олиб, асабимга қаттиқ таъсир қилдими, чап оёғим ишламай қолиб, 20 кун Тошкент шаҳрида қолиб кетдим. Бош врач ва даволовчи врачнинг “Кўзингиз бир йилни ичида яхши кўрадиган бўлиб кетади” деган овутишларига қарамасдан шу кунгача ҳам бир кўзим тамоман кўрмаяпти. Ваҳоланки мен кўзимни операция қилдириш, сунъий гавҳар қўйдириш учун клиникага 2 миллион 250 минг сўм пул тўлаган эдим. Бу вақтда бир кўзимни кўр қилиб қўйганлари етмаганидек, бош врач ва даволовчи врач менга “Иккинчи кўзингизни ҳам операция  қилиш керак” дейишганди, мен уларга “Аввал бир кўзимни яхши кўрадиган қилиб қўйинглар, сўнг иккинчисини ҳам операция қилдираман” деб кўнмадим.

Энди билсам, уларнинг мақсади мени алдаб, пулларимни олиш экан.

Бир йил давомида бир неча маротаба Тшшкент шаҳрига бориб, клиниканинг бош врачи ва даволовчи врачи тавсия қилган дориларни операция қилинган кўзимга қуйиб юрдим. Лекин бирон бир ижобий натижаси бўлмади.

Бу орада бош врач Н.Низомутдинов “Даволовчи врач Баҳодир Дадабоев чет элга кетиб қолди, ўзим хабар бераман” деб мени алдашга тушди.

“Назар” хусусий кўз клиникаси бош врачи Н.Зайнутдинов ва даволовчи врач Б.Дадабоевларнинг қилмишлари юзасидан Тошкент шаҳар Юнусобод прокуратурасига ариза билан мурожаат қилдим. Ўзини туман прокурори ўринбосари Сардорбек деб таништирган прокуратура ходими менга телефон қилиб, Учтепа туманидаги кўз микрохирургияси клиникасига 2019 йил 8 апрель куни боришимни тайинлади. Бу ерда ҳам тиббий кўрикдан ўтдим. Тиббий кўрик хулосасини ўзингизга жўнатамиз деб айтишди. Бироқ жўнатишмади. Прокурор ўринбосари Сардорбек эса телефонда менга тиббий хулосани сизга жўнатганман, деди. Мен эса шу кунгача тиббий хулосани олганим йўқ.

Мен шу кунгача ҳайронманки, наҳотки мени суд-тиббий кўригидан ўтказмасдан, текширув қилмасдан суд-медэкспертиза қандай қилиб менинг соғлигим ҳақида тиббий хулоса бериши мумкин?

2019 йили мени Юнусобод тумани прокурори ўринбсари Сардорбек Учтепа туманидаги кўз микрохирургиясига жўнатди. Мени клиниканинг бош врач ўринбосари Воҳид ака қабул қилди. Мени тиббий кўрикдан ўтказишди. Тиббий кўрик хулосасини тегишли жойга ўзимиз жўнатамиз дейишиб, менга тиббий хулосани кўрсатишмади. Мен билсам, 2019 йил 6 апрель куни мени кўзимни операция қилган врач Низомутдинов Нозим Учтепа туманидаги кўз микрохирургияси бош врачи билан кўришган экан. Мен эса 2019 йил 8 апрель куни Учтепа туманидаги кўз микрохирургисяига тиббий кўрикдан ўтиш учун боргандим. Хуллас, бу ерда ўзига хос таниш-билишчилик қилишиб, тиббий хулосани мендан атайин яширишибди.

Ваҳоланки, Учтепа туман кўз микрохирургияси бош врачи ўринбосари Воҳид ака мени тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнида менга “Кўзингизни шох пардасини алмаштириш керак” деганди. Амалда эса суд-медэкспертизадаги мутасаддилар кўз тўғри операция қилинган деган хулосани бермоқда.

Хуллас, таниш-билишчилик, коррупция сабаблими, Тошкент шаҳридаги “Назар клиникаси”нинг бош врачи Н.Зайнутдинов ва даволовчи врач Б.Дадабоевлар ўзлари томонидан менинг соғлигимга етказган зарарларни қоплашни турли йўллар билан ортга суриб келишмоқда. Чамаси, Юнусобод туман прокуратураси, Учтепа туманидаги кўз микрохирургияси мутасаддилари, суд-медэкспертиза ҳам “Назар” хусусий кўз клиникасининг бош врачи Н.Зайнутдиновнинг ноғорасига ўйнашяпти, шекилли. Акс ҳолда шу кунгача менинг ҳолатимига адолат кўзи билан қараган бўлишар эди.

Сиздан ушбу ҳолатга ойдинлик киритиб, менга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундирилишида амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

 

Акрамжон ЮЛДАШЕВ, Қўштепа туманидаги “Сармазор” МФЙ, “Шижоаткор” кўчаси, 107-уй.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *