Кўрилди

ТАДБИРКОРГА НИСБАТАН АДОЛАТСИЗЛИК

суд томонидан ҳал этилди

Давлатимиз раҳбари томонидан нима учун тадбиркорларга бу қадар катта эътибор кўрсатилиб, мулкдорлар сафини кенгайтиришда янгидан-янги имконият ва имтиёзлар яратаётганлигининг сабабини икки муҳим томони бор. Бу жараёнларда янги иш ўринлари яратиш орқали халқимиз турмуш даражасини мунтазам ошириш бўлса, пировардида мамлакатимиз иқтисодиётини мустаҳкамлашдир.

Лекин шундай кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда тадбиркорлик субъектларига турли тўсиқларни яратаётган ташкилотлар билан асло муроса қилиб бўлмайди. Келинг, сўзимизни суд жараёни мисолида давом эттирамиз.

Яқинда Тошкент шаҳар Бектемир туман маъмурий суди томонидан “ALANIYA STROY SERVIS” МЧЖнинг жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳамда Тошкент шаҳар Бинолардан фойдаланиш Департаментига нисбатан Тошкент шаҳар Бинолардан фойдаланиш Департаменти мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини ғайриқонуний деб топиш ва Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 29 августдаги 1162-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги суд иши кўриб чиқилди.

Суд жараёни ҳамда иш ҳужжатларидан аниқланишича, “ALANIYA STORY SERVIS” МЧЖга  Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, “Кичик Бешёғоч” кўчасида жойлашган бинони туман ҳокими   томонидан 2010 йил 11 ноябрда мулк ҳуқуқи билан мазкур ер участкасидаги бинога  кадастр рақами берилган. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва у ҳақда тузилган битимлар реестрига 2011 йил 31 декабрда киритилган.

Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 29 август кунги “Ер майдонларида ободонлаштириш ва бузиш ишларини олиб бориш ҳақида”ги 1162-сонли қарори билан “ALANIYA STORY SERVIS” МЧЖнинг “Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага асосан мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган бинони бузилиши белгиланган.

Суд қуйидаги асосларга кўра Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 29 августдаги 1162-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топишни лозим топган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги Низомнинг 2-бандида ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича – тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилиши ва ер эгаси, ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи ер участкасини олиб қўйиш тўғрисида тегишли туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарорига ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, ушбу қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкинлиги назарда тутилган.

Низомда белгиланган тартибда комиссия тузилмаганлиги сабабли, аризачи “ALANIYA STORY SERVIS” МЧЖ низоли бинони ўз ҳисобидан баҳолаш учун 2017 йил 27 сентябрь куни баҳолаш ташкилотига мурожаат қилган. Баҳолаш ташкилоти, яъни “CONSULT SERVICE” МЧЖ томонидан бино 2.578.202,5 минг сўмга баҳоланган. Ваҳоланки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги МЧЖга тегишли бўлган бинони бузишда ҳокимият вакиллари томонидан қонунда белгиланган тартибда баҳолатилмаган ва харажатларини тўлаб бериш масаласини ҳал этмаган. Бундан ташқари, бинони бузиш бўйича “ALANIYA STORY SERVIS” МЧЖнинг, яъни мулкдорнинг розилигини олмаган – қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этмаган.

Суд муҳокамаси давомида аниқланган ҳолатларга кўра, “ALANIYA STORY SERVIS” МЧЖ томонидан 2017 йил 4 октябрь, 20 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилига ариза билан мурожаат қилинган, тадбиркорнинг мурожаатномасига асосан Адлия вазири томонидан тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига 2017 йил 25 октябрь куни  тақдимнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан эса 2017 йил 11 декабрь куни огоҳнома киритилган бўлсада, бироқ мазкур ташкилотларнинг мурожатномалари оқибатсиз қолдирилган.

Ваҳоланки, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига кўра, давлат органининг мулкдорни мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдор билан келишувга кўра тегишинча туман, шаҳар, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Суд жараёнида яна бир қатор сабаблар ҳам атрофлича, синчиклаб, ҳолисона ўрганиб чиқилиб,  Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 29 августдаги 1162-сонли қарорининг “ALANIYA STROY SERVIS” МЧЖга тегишли қисми ҳақиқий эмас деб топишни лозим топди.

Шунингдек, аризачи “ALANIYA STROY SERVIS” МЧЖнинг Тошкент шаҳар ҳокимлиги Бинолардан фойдаланиш Департаменти мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб топишни сўраган. Шу боис суд аризачининг мазкур талаблари ҳам қаноатлантирилди.

Мана кўриб турганингиздек, тадбиркорнинг мулкига нисбатан адолатсизлик қилинган. Агарда мутасаддилар томонидан мулкдорнинг ҳақ-ҳуқуқларига нисбатан бепарво муносабатда бўлишмаганида эди, ортиқча сарсонгарчиликка йўл қўйилмаган бўлар эди. Шу ўринда муҳим бир жиҳатни ёдда сақлашимиз лозим. Бундай оворагарчиликлар одамларда тадбиркор бўлиш истагини сўндириб қўймайдими?

Ҳар бир ҳаракатимизда шу саволга жавоб топиш учун иш кўрсак, юртимиз тараққиётига шунчалик кўп ҳисса қўшган бўламиз. Бу энди бурч ва масъулиятимизга боғлиқ!

Сайдулла МИХЛИЕВ, Тошкент туманлараро маъмурий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *