Кўрилди

Барқарорликка таҳдид

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тараққиётимиз ва истиқбол одимларини белгилаб беришда муҳим аҳамиятга эга. Зотан, унда энг муҳим ва устувор масалаларга аниқ таҳлиллар, асос ва далиллар билан эътибор қаратилгани ҳар бир инсонни, айниқса, масъул лавозимдаги мансабдор шахсларни эл-юрт равнақи, халқ тақдири учун дахлдорликка ундайди.

Мурожаатномада Юртбошимиз қонун устуворлиги, адолат барқарорлиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари муҳофазаси борасидаги устувор вазифалар қатори коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратди. Сабаби коррупция иқтисодий барқарорликни издан чиқариб, ҳар қандай халқ ва мамлакат равнақига соя солиб, жамиятни таназзулга олиб келувчи иллатдир. Дунё миқёсида глобал хавфга айланган ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш мамлакатимизда долзарб аҳамият касб этган.

Коррупция ҳақида нималарни билишимиз керак?

“Коррупция” сўзи лотинча “пора бериб, сотиб олиш” маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мус- тақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунчадир.

Коррупция билан боғлиқ жиноятлар таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар киради.

Коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражаси пасайишига олиб келади. Унинг энг катта хавфи фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончини йўқотиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Демократик давлатлар коррупцияга ривожланиш ва янгиланиш йўлидаги жиддий хавф сифатида қараб, унга қарши курашда тизимли иш олиб боришни энг муҳим, устувор вазифа деб биладилар.

Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашда ана шундай ёндашувни кузатиш мумкин.

2017 йил 4 январда кучга кирган Ўзбекистон Респуб- ликасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни  5-моддасига кўpa, коррупцияга  қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган.

Улар қуйидагилардан иборат:

— аҳолининг  ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

— давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни  амалга  ошириш;

— коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, унинг оқибатларини, имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш,  коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жазонинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Коррупцияга қарши курашиш давлат органлари ҳамда дахлдор тизимларнинг муҳим вазифаси саналади. Ўз навбатида ҳар бир фуқаро ҳам бу курашдан четда турмаслиги керак. Фуқароларнинг бу курашдаги иштироки коррупцияга йўқ дея олиш ва суиистеъмолчиликларга муросасизликда намоён бўлади.

 

Дилмурод РАҲМАТОВ, Наманган вилоят прокуратурасининг тармоқ раҳбари.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *