Кўрилди

Ёзёвон тумани ҳокими нега ишдан бўшатилди?

Ёҳуд фермерларнинг экин ерларини ноқонуний тарзда олиб қўйгани учун Олий суд томонидан ўз қарорлари бекор қилинганини эшитгач, “Туман ҳокимининг қарорларини бекор қилиб юборадиган Олий судни тарқатиб юбориш керак” дея дағдаға қилган Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитовнинг ишдан бўшатилишини асл сабаблари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти барча раҳбарлардан адолатли, амалдаги қонунлар диорасида иш юритишни, одамлар билан муомала қилишда синиқ, холис бўлишни талаб қилмоқда. Аммо сўнгги вақтларда “Президентдан орден олганман” деб ҳаволаниб, босар-тусарини билмай қолган Ёзёвон тумани ҳокими Йўлчибой Бойигитов ниҳоят амалини топширди.

Хўш, нега шундай бўлди? Ахир жаноб ҳоким яна узоқ йиллар туманда ҳокимлик қилмоқчи эдилар, шекилли.

Гап шундаки, Ёзёвон туманида фаолият олиб борган “Ўсаров Алимжон”, “Фар-Қатортол-2002”, “Косогранта жавоҳири” фермер хўжаликларининг экин ерлари туман ҳокими Й.Бойигитов томонидан  2017 йил 30 декабрь кунги қарорлари билан амалдаги қонунларга зид тарзда туман заҳирасига олиб қўйилди.

Табиийки,  “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалиги раҳбари А.Ўсаров, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалиги раҳбари С.Қўчқоров, “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалиги раҳбари Қ.Назириддиновлар Олий судгача мурожаат қилишгач, туман ҳокимининг ушбу фермер хўжаликларининг экин ерларини олиб қўйилиши тўғрисидаги қарорлар асоссиз эканлиги Олий суд томонидан исботланиб, ҳоким қарорлари бекор қилиб юборилди. Лекин шунча вақт ўтишига қарамасдан экин ерлари асоссиз, ноқонуний олиб қўйилган фермер хўжаликларининг экин ерлари туман ҳокими томонидан ўз эгалари қайтарилмади. Бошқача айтганда, Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитов Олий суднинг юқоридаги фермер хўжаликлари бўйича чиқарган қарорларини бир тийинга ҳам олмади!

Ойлаб сарсону саргардонлик- лар, кўплаб нуфузли идораларнинг эшикларини тақиллатишига қарамасдан  ҳуқуқий манфаатлари  оёқости қилинаётган фермерлар ниҳоят 2020 йил 16 ноябрь куни Фарғона вилоятининг янги ҳокими Х.Ҳ.Бозоровнинг қабулигача етиб боришди. Х.Ҳ.Бозоров аризачиларнинг шикоятларини ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузиш ва ўрганиб, натижаси тўғрисида ёзма ахборот бериш юзасидан топшириқ берди.

Фарғона вилоят Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бош юрисконсульти М.Нишонов, Фарғона вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси Ҳ.Нишоновлардан иборат ишчи гуруҳнинг “Фарғона вилояти ҳокимлигининг Ёзёвон тумани “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалиги раҳбари А.Ўсаров, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалиги раҳбари С.Қўчқоров ва “Косогранта жавоҳири “ фермер хўжалигининг раҳбари Қ.Назириддиновларнинг мурожаатини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳ Х У Л О С А С И” қуйидагича бўлди:

Фарғона вилояти ҳокими Х.Бозоровнинг тасдиғи билан тузилган ишчи гуруҳи аъзолари М.Нишонов — вилоят қишлоқ хўжалиги Бошқармаси бош юрисконсульти, Ҳ.Нишонов — вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бош ҳуқуқшуноси томонидан Ёзёвон тумани “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалигининг раҳбари А.Ўсаров, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигининг раҳбари С.Қўчқоров ва “Косогранта жавоҳири“ фермер хўжалигининг раҳбари Қ.Назириддиновларнинг мурожаатларини ўрганилганида қуйидагилар аниқланди:

Ишчи гуруҳ томонидан Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитовга учрашиб, ишчи гуруҳнинг келиш сабаби ва мақсади, яъни Ёзёвон туманидаги “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалигининг раҳбари А.Ўсаров, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигининг раҳбари С.Қўчқоров ва “Косогранта жавоҳири “ фермер хўжалигининг раҳбари Қ.Назириддиновлар Фарғона вилоят ҳокими Х.Ҳ.Бозоров қабулига учрашиб, туман ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарорлари ижроси таъминланмаётганлиги юзасидан қилган шикоятлари бўйича вилоят ҳокимининг топшириғи билан ушбу масалани ўрганишлик учун ишчи гуруҳ сифатида келганлигимизни баён қилганимизда, туман ҳокими ишчи гуруҳга носамимийлик билдириб, вилоят ҳокимининг топшириғини ҳам, Ўзбекистон Республикаси Олий суди қарорларини ҳам ижро қилмаслигини, “туман ҳокимининг қарори фермерларга таъсири кам эканлигини, лекин фермерларни мурожаатига асосан Олий суд ҳокимнинг қарорини бекор қилса, демак Олий Судни ҳам тарқатиб юбориш керак эканда”, — деган гаплар билан ишчи гуруҳ аъзоларини менсимаслик позициясида бўлди.

  1. 2017 йил 30 декабрь куни Ёзёвон тумани ҳокимии Й.Бойигитов томонидан №366-сонли қарор билан “Ўсаров Алимжон” номли фермер хўжалигининг ер майдонларини тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариш ҳамда узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқариб, фермер хўжалигининг 120,30 гектар ер майдонларини тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтарган ва фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилган.

Туман ҳокимининг ушбу қарори қонун талабаларига зид бўлганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси талаблари бузилганлиги сабабали Ёзёвон туман прокуратурасининг 2018 йил 12 апрель кунги №11/18-сонли протести киритилган. Протест билан Ёзёвон туман ҳокимининг 30.12.2017 йил кунги №1366-сонли қарорини бекор қилиш, фермер хўжалиги фойдаланувида бўлган 120,30 гектар ер майдонларини фермер хўжалиги ҳисобига қайтарилишини таъминлаш талаб қилинган.

Бунга жавобан, Ёзёвон туман ҳокимлиги 2018 йил 20 апрель куни №166-сонли жавоб хати юборган. Жавоб хатида “Ёзёвон туман хокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1366-сонли қарори билан тумандаги “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалигининг ер майдонлари тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтарилганлигини, фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинганлигини, 2018 йил 12 мартда №91-сон билан Иқтисодий ишлар бўйича судга даъво ариза киритилиб, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалиги ер майдонларини тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариш ва туман ҳокимлиги билан ер узоқ муддатли ижарага олиш шартномани бекор қилиш сўралганлигини, Фарғона вилоят Иқтисодий суди туман ҳокимлиги томонидан киритилган даъво аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарганлигини билдирган.

Фарғона вилояти Иқтисодий судининг 2018 йил 12 апрель кунги 4-1504-1801/1793-сонли иш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинган. Ҳал қилув қарорида Ёзёвон туман ҳокимлиги билан “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалиги ўртасида тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилиш ва ер майдонларини туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариш белгиланган.

Фарғона вилоят прокурорининг протести Фарғона вилояти Иқтисодий судининг кассация инстанцияси судлов ҳайъатининг 2018 йил 25 сентябрь кунги 4-1504-1801/1793-сонли иш бўйича қарорида биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз ўз кучида қолдирилган.

Биринчи ва иккинчи инстанциялар судларининг қарорлари устидан “Ўсаров Алимжон” фермер хўжалиги томонидан берилган назорат тартибидаги ариза бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 19 июнь кунги 4-1504-1801/1793-сонли иш бўйича қарори қабул қилинган. Қарор билан биринчи ва иккинчи инстанция судларининг ҳал қилув қарори бекор қилинган.

Аризачи билан суҳбатлашилганда, фермер хўжалигининг ер майдонларини туман заҳирасига қайтаришга қарор лойиҳаси тайёрланаётганда, туман ҳокимининг ўринбосари Д.Эргашев фермер хўжалиги раҳбари А.Ўсаровга телефон қилиб, ер майдонлари ундан чиқиб кетишлигини, ҳаракат қилмаса, ерсиз қолишлигини айтиб, унга 15.000 (ўн беш минг) АҚШ доллари олиб келиб берса, иши ҳал бўлишини, бу пулларни 10000 (ўн минг) АҚШ долларини ҳокимга, қолган 5000 (беш минг) АҚШ долларини тегишли ваколатли шахсларга бўлиб беришлигини айтган, шу пуллар берилса, ерлар заҳирага олинмаслигини айтган, акс ҳолда ер майдонларинг 40.000 (қирқ минг) АҚШ долларига Парпиев Жаҳонгирга ўтиб кетади”, — деб айтган. А.Ўсаров бу пулларни топа олмаслигини билдирганидан сўнг, ер майдонлари 2017 йил 30 декабрь куни туман заҳирасига қайтарилган. Шундан сўнг, яъни фермер хўжалиги ер майдонларини туман ҳокимлиги томонидан қонун талабларига зид равишда олинганидан сўнг, Ўсаров Алимжон Ёзёвон тумани ҳокимининг қиш- лоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари Д.Эргашевга учрашганида, у ер майдонларини қайтариб беришлик учун яна ўша 15.000 (ўн беш минг) АҚШ долларни сўраган. А.Ўсаров шундан сўнг мажбуран дастлаб 2018 йилнинг январь ойида 10.000 (ўн минг) АҚШ доллари ва кейин 5.000 (беш минг) АҚШ долларини туман кадастр ходими “Жўраев Ином” орқали Эргашев Дилмуродга берганлигини айтди. Шундан сўнг, 2018 йил 22-23 февраль куни А.Ўсаров “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалиги раҳбари Қ.Назириддинов билан бирга Ёзёвон тумани прокурорига ёзма равишда ариза билан мурожаат қилишган. Аризачини туман прокурори Б.Усмонов шахсан қабул қилган ва мурожаатни ўрганиш учун прокуратура ходими “Ғайрат” исмли шахсга топширилган. Лекин, бу мурожаатнинг якуни бўйича аризачиларга маълум қилинмаган.

А.Ўсаров ҳозирги кунга қадар пулларини  ҳам, ерини ҳам қайтариб олмаганлигини маълум қилди.

Ўрганиш давомида аниқланишича, Ўсаров Алимжоннинг берган кўрсатмаларига кўра,  “Ўсаров Алим” фермер хўжалигидан заҳирга қайтарилган пахта-ғалла-балиқчилик йўналишидаги фермер хўжалиги ер майдонлари Бувайда тумани, «Олтинқўрғон» МФЙ, «Зиё» кўчаси, 5-уйда яшовчи Парпиев Жахонгир Алиқўзиевичга 40.000 (қирқ минг) АҚШ доллар эвазига ҳеч қандай тендер танловларисиз 2018 йил 16 февраль куни №336-сонли қарор билан “Сой ёни тотли меваси” МЧЖ агрофирмасига пахта-ғалла ва балиқчилик йўналишида бериб юборилган. 2018 йил 13 ноябрь куни №2246-сонли қарор билан Бувайда тумани, «Олтинқўрғон» МФЙ, «Зиё» кўчаси, 5-уйда яшовчи Парпиев Жаҳонгир Алиқўзиевичга балиқчилик йўналишида фойдаланиш учун фермер хўжалиги ташкил этишга берилган. 2019 йил 2 апрель куни эса, Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитовнинг №1308-сонли қарори билан “Жаҳонгир балиқлари” балиқчилик йўналишидаги фермер хўжалигига қўшимча ер майдони ажратилган. Ҳар учала қарордаги шахс ҳам битта Парпиев Жаҳонгир Алиқўзиевич бўлсада, туман Давлат хизматлар марказидан қарор ўзгартирилганлиги,  номланиши ва бошқа маълумотлар қайд қилинмаган. Ишчи гуруҳ томонидан туман ҳокимлиги ва кадастр бўлимига ушбу юзасидан тендер пакетлари, “Сой ёни тотли меваси” МЧЖ агрофирмасидан ер майдонларини туман заҳирасига қайтарилганлик қарори талаб қилинганида тақдим этишдан бош тортишди.

Ўрганиш давомида Ўсаров Алимжоннинг берган кўрсатмасига асосан, унинг акаси Эшбоев Содиқ Ёзёвон туманида 2001 йилда “Абдусобир ҳожи” номли фермер хўжалиги ташкил қилиб, балиқчилик йўналишида фаолият олиб борган. Ёзёвон туман ҳокими Й.Бойигитов 2017 йил 30 декабрь куни ўзининг №1367-сонли қарори билан ер майдонларини туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариб, узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилган. Шундан сўнг, ер майдонларини “Абдуқаюм ҳожи” фермер хўжалигига пахта-ғалла йўналишида бириктириб берган. “Абдуқаюм ҳожи” фермер хўжалигининг раҳбари Сатторов Нўъмонжон 49 гектар экин ер майдонларини тўлиқ балиқчилик йўналишига ўзбошимчалик билан айлантириб, тўлиқ балиқ кўли ташкил қилиб олган. 2018 йил Сатторов Нўъмон бу ер майдонларини Бувайда тумани, «Тоғлиқ» МФЙ, «Тоғлиқ» кўчаси, 14-уйда яшовчи Ҳақиназаров Шокиржон Неъматжоновичга ноқонуний сотиб юборган. 2018 йилнинг 6 октябрь куни Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитов №2030-сонли қарор билан Ҳақиназаров Шокиржон Неъматжоновичга фермер хўжалиги ташкил қилиш ва пахта-ғаллачилик йўналишида фаолият юритиш учун ажартиб берган.

2020 йилда Ҳақиназаров Шокиржон Неъматжоновичга Ёзёвон тумани прокуратураси томонидан ер майдонларидан ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланганлиги, давлатга катта миқдорда зарар етказганлиги сабабли Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Лекин, аризачиларга номаълум сабабларга кўра, жиноят иши тугатилиб, ер майдонлари шу кунларда қайта танловга сохта ҳужжатлар билан яна қайтадан Ҳақиназаров Шокиржон Неъматжоновичга “қонуний” қилиб қайтариб беришлик учун тендер танловига қўйилган.

  1. 2017 йил 30 декабрь куни Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитов ўзининг №1466-сонли қарори билан “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигининг жами фойдаланишидаги 61,29 гектар ер майдонларини туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариб, фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилган.

“Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигидан туман заҳирасига қайтарилган 61,29 гектар ер майдонлари таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлардан бўлган қарздорликларини ёпиш мақсадида тугатилган “Худоёр” фермер хўжалигининг ўрнига янги ташкил қилинган “Кенжа Акрам Худоёр” фермер хўжалигининг раҳбари, «Қатортол» ММТП раиси Худоёров Акрамнинг ташаббуси билан ҳеч қандай тендерсиз “Қизлархон”, “Раҳимжон” ва “Эгамбердизода Жасур Шавкат” фермер хўжаликларига бириктириб берилган. Энг қизиғи, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигининг ер майдонларини заҳирага олиш қарори №1466-сон билан чиқарилган бўлса, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигидан заҳирага қайтган ер майдонларини бошқа фермер хўжаликларига бириктириб бериш қарорлари 1434, 1435, 1436-сонли рақамлар билан қайд этилган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳали ер майдонларини заҳирага олинмасдан бош- қа фермер хўжаликларига асоссиз равишда бириктириб берилган. Ишчи гуруҳ томонидан тендер пакетларини тақдим қилишликлари сўралганида, туман ҳокимлиги ҳам, туман ер ресурслари ва Кадастр бўлими бошлиғи Н.Имоматов ҳам тақдим қилишни рад қилишди.

Туман ҳокимининг ушбу қарори қонун талабаларига зид бўлганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси талаблари бузилганлиги сабабали Ёзёвон туман прокуратурасининг протести киритилган. Протест билан Ёзёвон туман ҳокимининг 30.12.2017 йил кунги №1466-сонли қарорини бекор қилиш, фермер хўжалиги фойдаланувида бўлган 61,29 гектар ер майдонларини фермер хўжалиги ҳисобига қайтарилишини таъминлаш талаб қилинган.

Бунга жавобан, Ёзёвон туман ҳокимлиги жавоб хати юборган. Жавоб хатида “Ёзёвон туман ҳокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1466-сонли қарори билан тумандаги “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалигининг ер майдонлари тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтарилганлигини, фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинганлигини, 2018 йил  март ойида Иқтисодий ишлар бўйича судга даъво ариза киритилиб, “Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалиги ер майдонларини тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариш ва туман ҳокимлиги билан ер узоқ муддатли ижарага олиш шартномани бекор қилиш сўралганлигини, Фарғона вилоят Иқтисодий суди туман ҳокимлиги томонидан киритилган даъво аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарганлигини билдирган.

“Фар-Қатортол-2002” фермер хўжалиги Ёзёвон тумани Маъмурий судига 2018 йил май ойида Ёзёвон тумани ҳокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1466-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан шикоят ариза билан мурожаат қилган. Даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган.

2018 йилнинг июнь ойида Фарғона вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясининг №3-45/18-сонли қарори билан апелляция шикояти рад қилиниб, биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз ўз кучида қолдирилган.

2018 йилнинг 21 декабрь  Ёзёвон туман Маъмурий судининг 2018 йил 14 май кунги ҳал қилув қарори ҳамда Фарғона вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясини 2018 йил 13 июнь кунги ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича №31/07-2018-1377-сонли Ўзбекистон Рес- публикаси Бош прокуратурасининг протести киритилган.

Протестга асосан Ўзбекистон Респуб- ликаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 25 январь кунги 3-55-18-сонли иши юзасидан қарор қабул қилинган. Қарорга кўра, Ёзё- вон туман Маъмурий судининг 2018 йил 14 май кунги ҳал қилув қарори ҳамда Фарғона вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясини 2018 йил 13 июн кунги қарори бекор қилинган ҳамда Ёзёвон туман ҳокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1466-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Лекин ижроси таъминланмаган.

  1. 2017 йил 30 декабрь куни Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитов ўзининг №1393-сонли қарори билан “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалигининг жами фойдаланишидаги 44,14 гектар ер майдонларини туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариб, фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномасини бекор қилган. “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалигидан туман заҳирасига қайтган ер майдонлари асоссиз равишда 2017 йил 30 декабрь кунги Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитовнинг №1424-сонли қарори билан “Одилжон Олимжон Исроилов” номли фермер хўжалигига ва 2017 йил 30 декабрь кунги №1427-сонли қарор билан “Ибрагимов Муҳаммад Ўктамджонович” фермер хўжаликларига бириктириб берилган. Ишчи гуруҳ томонидан тендер пакетларини тақдим қилишликлари сўралганида, туман ҳокимлиги ҳам, туман ер ресурслари ва Кадастр бўлими бошлиғи Н.Имоматов ҳам тақдим қилишни рад қилишди.

Бу ҳолатда Ёзёвон тумани ҳокимлиги, туман ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими ва туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер танлаш (реализация қилиш) доимий комиссияси томонидан Ўзбекистон Респуб- ликаси Вазирлар Маҳкамсининг 2003 йил 30 октябрь кунги 476-сонли қарор  билан тасдиқланган “Ер участкаларини фермер хўжаликларига узоқ муддатли ижарага бериш тартиби тўғрисидаги Низом” талабларини қўпол равишда бузилишига йўл қўйганлар.

Туман ҳокимининг ушбу қарори қонун талабаларига зид бўлганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 24-моддаси, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси талаблари бузилганлиги сабабали Ёзёвон туман прокуратурасининг протести киритилган. Протест билан Ёзёвон туман ҳокимининг 30.12.2017 йил кунги №1393-сонли қарорини бекор қилиш, фермер хўжалиги фойдаланувида бўлган 44,14 гектар ер майдонларини фермер хўжалиги ҳисобига қайтарилишини таъминлаш талаб қилинган.

Бунга жавобан, Ёзёвон туман ҳокимлиги жавоб хати юборган. Жавоб хатида   “Ёзёвон туман ҳокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1393-сонли қарори билан тумандаги “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалигининг ер майдонлари тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтарилганлигини, фермер хўжалиги билан тузилган узоқ муддатли ер ижара шартномаси бекор қилинганлигини, 2018 йил  март ойида Иқтисодий ишлар бўйича судга даъво ариза киритилиб, “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалиги ер майдонларини тўлиқ туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариш ва туман ҳокимлиги билан ер узоқ муддатли ижарага олиш шартномани бекор қилиш сўралганлигини, Фарғона вилоят Иқтисодий суди туман ҳокимлиги томонидан киритилган даъво аризани қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарганлигини билдирган.

“Косогранта жавоҳири” фермер хўжалиги Ёзёвон тумани Маъмурий судига 2018 йил май ойида Ёзёвон тумани ҳокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1393-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан шикоят ариза билан мурожаат қилган. Даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган.

2018 йилнинг июнь ойида Фарғона вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясининг №7-605/18-сонли қарори билан апелляция шикояти рад қилиниб, биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз ўз кучида қолдирилган.

2018 йилнинг 21 декабрда  Ёзёвон туман Маъмурий судининг 2018 йил 14 май кунги ҳал қилув қарори ҳамда Фарғона вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясининг 2018 йил 13 июн кунги ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича “Косогранта жавоҳири” фермер хўжалигининг раҳбари Қ.Назиридлдинов томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят ариза киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 28 сентябрь кунги 7-605-18-сонли иши юзасидан қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, Ёзёвон туман Маъмурий судининг 2018 йил 14 май кунги ҳал қилув қарори ҳамда Фарғона вилояти Маъмурий судининг апелляция инстанциясини 2018 йил 13 июн кунги қарори бекор қилинган ҳамда Ёзёвон туман ҳокимининг 2017 йил 30 декабрь кунги №1393-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Лекин ижроси таъминланмаган.

Шундан сўнг, Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитов Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг 2018 йил 28 сентябрдаги қарорини ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 10 октябрь куни №2039-сонли қарорини чиқарган. Ўрганиш давомида Ёзёвон тумани ҳокими Й.Бойигитов томонидан ушбу қарор фақатгина кўзбўямачилик, яъни Олий суд қарорини ижросини ўзларича таъминлаган қилиб қўрсатишлик учун чиқарилганлиги маълум бўлди. Аслида ушбу 2018 йил 10 октябрь кунги №2039-сонли қарор билан  “Янгиобод» маҳалла фуқаролар йиғини, «Тинчлик» маҳалласи, Ибн Сино кўчасида жойлашган фуқаро Тошматов Хайрулло Пайзилатбековичнинг ер участкаси ва турар-жойи учун қурилган бино-иншоотига бўлган мулий ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида” бўлган. Бу ҳолат “Ёзёвон туман ҳокимининг қарорларини рўйхатга олиш Дафтари” №1-сонли 2018 йил қайд этилганлиги маълум бўлди (илова қилинади).

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, “Фар-Қатортол-2002”, “Ўсаров Алимжон”, “Косогранта жавоҳири”, “Абдусобир ҳожи” фермер хўжаликларининг ер майдонлари билан боғлиқ масалалар ҳамда Ёзёвон туман ҳокимлиги, Ер ресурслари ва Давлат кадастри бўлими, туман қишлоқ хўжалик бўлими мансабдор шахслари томонидан бу фермер хўжаликларига нисбатан амалга оширилаётган ноқонуний ҳаракатларга тўлиқ ҳуқуқий баҳо бериш учун Фарғона вилояти прокуратурасига тўпланган ҳужжатлар ва хулосани тақдим қилиш мақсадга мувофиқ ҳисоблаймиз.

Ишчи гуруҳ аъзолари:

(имзо)  М.Нишонов

(имзо)  Ҳ.Нишонов

Аризачилар:                                                       (имзо)    А.Ўсаров

(имзо)   С.Қўчқоров

(имзо) Қ.Назириддинов”.

Хўш, шундай залворли хулоса ёзилганидан кейин нима бўлди дерсиз? Бошланишига негадир ишчи гуруҳ хулосаси маълум вақт ҳаракатсиз туриб қолди ва Фарғона вилояти ҳокими Х.Ҳ.Бозоровнинг столигача етиб бормади-да, унинг ўрнига кутилмаганда аризачилару хулоса ёзган ишчи гуруҳ аъзолари М.Нишонов ва Ҳ.Нишоновлар Ёзёвон тумани ҳокимлигига чақирилди. Бу ерда уларни Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Х.К.Умаров (ҳозирда Қува тумани ҳокими этиб тйаинланган) кутиб турган экан.

Бошланишига Х.К.Умаров ишчи гуруҳ аъзолари М.Нишонов ва Ҳ.Нишоновларни туман ҳокимининг хонасига олиб кириб, яхшилаб “тузлади”: хулосани бошқатдан, у айтгандек ёзиб беришларини талаб қилди. Акс ҳолда ишдан бўшаттириб юбориш билан дағдаға қилди… Пиравордида эса фермерларга қарата Олий суднинг фермерларни экин ерларини қайтариб бериш масаласини халқ депутатлари кенгаши йиғилишида кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлади.

Албатта, халқимиз “Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ нар қилур?” деб бежиз айтмаган кўринади. Акс ҳолда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Х.К.Умаров Олий суднинг обрўйини шунчалик пастлатиб юборармиди!?

Фермерларга бир нарса тушунарсиз бўлдики, қандоқ қилиб Олий суднинг қарори маҳаллий кенгаш йиғилишида муҳокама қилиниши мумкин? Демакки, Олий суднинг мутасаддилар томонидан ижро қилиниши шарт бўлган қарорлари маҳаллий кенгашларда муҳокама қилинишгача бориб етса, Ёзёвон туманининг собиқ  ҳокими Йўлчибой Бойигитов талаб қилганидек, туман ҳокимининг қарорларини бекор қиладиган Олий судни бемалол тарқатиб юборса бўлаверар экан-да!? Хайриятки, ундай бўлмади.

Айни пайтда Ёзёвон туманига ҳоким этиб тайинланган Дилшодбек Джалилов фаолиятининг илк иш кунини фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ўрганиб, ҳал этиш билан бошлади. Табиийки, мақоламизда номлари келтирилган фермерларгина эмас, шунингдек собиқ ҳоким томонидан мажбуран ариза ёздирилиб, ноқонуний, адолатсиз хулосалар тузилгани оқибатида экин ерларидан мосуво бўлган бошқа фермерлар ҳам янги ҳокимнинг қабулига ариза кўтариб келмоқдалар. Ишонамизки, тез кунларда Ёзёвон туманининг янги ҳокими Дилшодбек Джалилов нафақат Олий Суднинг юқоридаги фермерлар бўйича чиқарган қарорларини тўла ижро эттиради, балки бошқа фермерларнинг ҳам аризаларини адолатли, холис, қонун доирасида кўрилиб, ҳақиқат қарор топилишида бош-қош бўлади!

 

Қодирали АҲМАДАЛИЕВ, “Қонун ва ижро” газетаси мухбири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *