Кўрилди

Фирибгар 10 миллион сўмдан зиёд жарима тўлади

Сўнгги вақтларда фирибгарлик жинояти сони ошгандан ошиб бораётгани, фирибгарлар қилмишларига яраша жазоланаётганлари тўғрисида оммавий ахборот воситаларининг барча йўналишларида тинимсиз намойиш этиб борилаётганига қарамасадан негадир фирибгарликни ўзига касб қилиб олган кимсалар ўз қилмишларидан қолмаяптилар. Чамаси, улар пиравордида қўлга тушишларини яхши билсаларда, “Болта тушгунича кунда дам олибди” қабилида иш тутяптилар, чоғи.

Бағдод туманида яшовчи Ҳамзахон опа ҳам нафақа ёшида бўлишига қарамасдан, муқаддам судланиб, жазоланганига ёдидан кўтарилиб қолган, шекилли, “хавфли рецидивист” бўлгани ҳолда бир гуруҳ фуқароларни алдаб, пулларини ўзлаштиришга киришди.

Бунинг учун баҳонаси ҳам тап-тайёр: қарамоғида ногирон фарзанди бор, дори-дармони учун пул етмаяпти…

Ҳамзахон опа шу мақсадда Қўқон шаҳрилик таниш аёлига муқаддам Қўқон педагогика олийгоҳида ишлаганлигини, таниш-билиши етарлича эканини, пул бўлса, ҳатто танишининг қизларини талабалар сафига имтиҳонсиз қўшиб юборишини айтиб, атайин мақтанди.

Табиийки, Қўқон шаҳрилик Гўзалхондан Севара ва Азизахон исмли қизларини ўқишга киритиши учун институтдаги танишларига пора бериш учун деб 300 АҚШ доллари ва контракт тўлови учун деб 2 миллион 900 минг сўмни қуртдек қилиб санаб олди.

Кейинроқ эса яна бир таниши Эргашойнинг қизлари Нилуфар ва Нодира, келини Муслимахон ҳамда танишлари Шаҳзодахон ва Шаҳнозахонларни институтнинг “Дефектология” йўналишига контракт асосида ўқишга олиб кириб қўйишга ваъда бериб, уни мансабдор шахсларга пора беришга далолат қилиб, хавфли рецидивист бўлгани ҳолда 2019 йил май ойи охиридан 2019 йил июль ойи бошига қадар бўлган вақт оралиғида Эргашойдан мансабдор шахсларга пора тариқасида бериши учун деб 1 минг 50 АҚШ доллари, ҳужжатлар расмийлаштириш учун деб 120 минг сўм пулларни олиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан Эргашойнинг жами 9 миллион 127 минг 278 сўмлик мулкини қўлга киритиб олди.

Табиийки, Ҳамзахон опа томонидан фирибгарлик йўли билан қўлга киритилган бу пуллар унинг жиғилдонидан ўтиб кетди-ю, оқибатда на қизлар ўқишга кирди, на пуллар қайтарилди..

Фирибгар аёлнинг тузоғига илинганини сезган жабрланганлар иложи бўлмаганидан сўнг ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларга ариза билан мурожаат этишга мажбур бўлдилар.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди ўзининг навбатдаги суд мажлисида муқаддам судланиб, “хавфли рецидивист” мақомини олган Ҳамзахон опанинг жиноий қилмишларини ҳар томонлама кўриб чиқиб, жарбланувчиларга етказилган зарарларни қоплаганини этиборга олиб, судланувчига амалдаги қонунларга биноан 10 миллион 136 минг 500 сўм жарима ҳамда 3 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Зуфаржон КЕНЖАЕВ, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар прокурорининг ёрдамчиси.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *