Кўрилди

Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати

Дастлаб, аёллар меҳнат ҳуқуқлари тушунчасига таъриф бериб ўтсак. Аёллар меҳнати бу – меҳнат ва у билан боғлиқ муносабатларда аёллар меҳнатидан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий институт ҳисобланади.

Статистик маълумотларга кўра, аёллар мамлакатимиздаги ишчи кучининг 47 фоизини ташкил этади.

Мамлакатимизда аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланади. Буни биз меҳнат муносабатларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимиздан ҳам билсак бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 84-моддасидаёқ ишга қабул қилишда барчага қўлланиладиган дастлабки синов муддати ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга қўлланилмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Шунингдек, юқоридаги кодекс бўйича уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар учун уларнинг ёши, соғлиғи ҳолати, меҳнатнинг шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва ўзга ҳолатларни инобатга олиб, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларига биноан меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан, иш вақтининг қисқартирилган муддати белгиланади.

Бу ҳам ўз ўрнида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланганининг яққол кўринишидир.

Таъкидлаш керакки, қонунчилигимизга кўра, аёлларни ҳомиладорлиги ва уч ёшга тўлмаган боласи борлиги сабаб билан ишга қабул қилишни рад этиш тақиқланади. Ҳомиладор ёки уч ёшга тўлмаган болали аёлларни ишга қабул қилиш рад этилганда, уни рад этиш сабаблари ҳақида ёзма маълумот берилиши лозим.

Шунингдек, меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек, ер ости ишларида аёллар меҳнатидан фойдаланиш ҳамда аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтаришлари ва ташишлари ман этилади.

Меҳнат кодексида “Аёлларга ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларга бериладиган қўшимча кафолатлар”га бағишланган алоҳида боб мавжуд бўлиб, унда аёлларга берилган имтиёзлар, жумладан, уларни ишга қабул қилиши, бериладиган меҳнат таътиллари, меҳнат шароитларига қўйилган талаблар, меҳнат шартномасини бекор қилишдаги кафолатлар, бир сўз билан айтганда, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати ўз аксини топган.

Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 майдан бошлаб аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилиниши, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланиши, эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланиши белгиланди.

Таъкидлаш керакки, мазкур қарор билан аёллар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи аёлларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида “Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари” ташкил этилиши, уларга мазкур фаолиятни амалга ошириш учун имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди.

Бу ҳам маълум маънода аёлларга яратилган имкониятлар ва улар меҳнати кафолатларининг яққол кўринишидир. Қонунчилигимизга кўра, аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари ҳар томонлама кафолатланади.

 

Гулнора КАРИМЖОНОВА, Наманган вилоят Адлия бошқармасининг етакчи маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *