Кўрилди

Сайловлар: муносабатларда маъмурий суднинг ўрни

Конституция ва қонунлар билан мустаҳкамланган фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи давлат ва фуқаролик жамияти ривожида асосий мезонлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларини демократик сайловлар орқали шакллантириш бўйича умумэътироф этилган халқаро принциплар ва ҳуқуқий нормаларга тўлиқ мос келадиган миллий сайлов қонунчилиги яратилмоқда. Қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилган сайловларнинг даврийлиги ва мажбурийлиги, адолатлилиги ва эркинлиги принциплари, уларнинг умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари ва эркинлик¬ларини суд орқали ҳимоя қилишни таъминлаш, сайловларни жамоат¬чилик ва халқаро кузатувчилар иштирокида ўтказиш механизмлари Ўзбекистон сайлов тизими демократияга асосланганлигининг ўзига хос сифат кўрсаткичлари ҳисобланади. Сайлов қонунчилиги энг асо¬сий конституциявий принцип бўлган халқ ҳокимияти принципининг амалда татбиқ этилишини таъминлайди.

2019 йил 25 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов кодекси” яхлит бир қонун шаклига келтирилмаган сайлов қонунчилигини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этди. Ушбу кодекс 18 та боб ва 103 моддадан иборат бўлиб, ушбу кодекс илк бор халқаро экспертизадан ўтказилганлиги ва халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ Бутун жаҳон сайлов органлари ассоциацияси томонидан берилган тавсиялар ҳам инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилганлиги билан ҳам ажралиб туради.

Ушбу кодекс Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари  депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хоҳиш-иродаси эркин билдирилишини таъминловчи кафолатларни белгилайди.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 27-моддасига асосан, сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар маъмурий судларнинг судловига тааллуқли эканлиги белгиланган.

Сайлов кодексининг қабул қилиниши маъмурий судлар томонидан сайлов ҳуқуқи билан боғлиқ бўлган низоларни қонуний ва адолатли ҳал этишда муҳим ўрин тутмоқда. Сўнги вақтларда сайлов ҳуқуқига оид ишларнинг ортиб бораётганлигини статистик маълумотлардан ҳам кўриш мумкин.

Жумладан, ҳар бир фуқарога унинг сайлов ҳуқуқлари суд йўли билан ҳимоя этилиши, сайлов комиссияларининг, давлат органларининг, мансабдор шахсларнинг, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш имкониятлари кафолатланади.

“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасига асосан,  бериладиган аризада иккита талаб, яъни сайловни ўтмаган деб топиш ва сайловни ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан шикоят қилиниши мумкинлиги кўрсатилган.

Суд сайловни ўтмаган деб топиш тўғрисидаги аризани кўриш жараёнида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқаролар йиғинида иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг иштирокни текширади ва белгиланган миқдордаги иштирокчилар иштирок этмаган бўлса, сайловни ўтмаган, деб топади.

Шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган, деб ҳисобланади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилган ва овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.

Шунингдек, 2021 йил 29 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан Президент сайловлари санасини ўзгартириш ва бошқа қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун қабул қилинди, ўзгаришлардан бири – сайлов санасини декабрдан октябрга кўчиришни назарда тутади. Асосий ўзгаришлардан бири, 2021 йилги президентлик сайловлари декабрь ойида эмас, балки октябрь ойининг учинчи якшанбасида ўтказилади.

 

Дониёрхўжа МАХАМАТОВ, Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси.

Солижон ҚУРБАНОВ, Фарғона туманлараро маъмурий судининг раиси.                

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *