Кўрилди

Она фарзандларидан алимент талаб қилди…

Оила тўғрисида сўз борар экан, ота-онанинг оиладаги ўрни тўғрисида батафсил тўхталмасликнинг иложи йўқ. Ўзбек ҳалқида ота-она оиланинг устуни, фарзандларнинг маслаҳатгўйи, хонадонларнинг файзи ва фариштаси ҳисобланишади. Бироқ, айрим фарзандлар бугунги кунда ота-онага бўлган муносабатда ушбу ҳақиқатни англаб етмоқдалар-ми?…

Афсуски, йўқ. Яқинда бир онахон фарзандларидан ўзининг моддий таъминоти учун алимент ундириш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Асл ҳақиқат эса шундан иборат:

Акрамова Турдихон (исм-фамилияси ўзгартирилган) Андижон шахрида туғилиб, шу ерда вояга етган. Шу ерда турмуш қурган, турмуши давомида етти нафар фарзандли бўлган, йиллар давомида фарзандларни ўқитди, оёққа турғизди, фарзандларини вояга етказиб қизларни куёвга узатди, ўғилларини уйлантирди. Эндиликда қарилик гаштини сураман деганда, турмуш ўртоғи вафот этди. Турдихон ая ушбу юкни оғир бўлсада елкасида кўтариб, уни енгишга ҳаракат қилди. Фарзандларининг барчаси ўзи билан бўлиб, онаси борлиги унутди, чоғи, хайҳотдек ҳовлида онахоннинг бир ўзи қолиб кетди. Фарзандлардан бирортаси ҳам онаси билан бирга қолиб, у билан бирга яшашни хоҳламади. Аввалига Турдихон ая барча дардини ичига ютиб, фарзандларини тушунишга ҳаракат қилди. Бироқ, қариган чоғида саломатлиги ёмонлашиб, тез-тез даволаниб туришга тўғри келди. Аммо бир ўзининг арзимаган пенсияси ушбу дори-дармонлар учун етмай қолди. Фарзандлар эса онадан хабар олишни хаёлига ҳам келтиришмади.

Шундан сўнг Турдихон ая ноиложликдан судга мурожаат қилишга мажбур бўлди ва онахон ўз фарзандларидан ўзининг моддий таъминоти учун алимент ундиришни сўради. “Онамиз бизни боқмаган, унинг таъминоти учун алимент тўлашни хоҳламаймиз…” Фарзандларнинг суд мажлисида берган тушунтиришларидан…

Суд Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг тегишли моддаларига асосан онахоннинг моддий таъминоти учун фарзандларидан алимент ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини қабул қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасида “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар” деб белгилаб қўйилган.

Бежизга халқимиз “Қариси бор уйнинг – париси бор” деб айтмаган. Ушбу иборада жуда чуқур маъно ва мазмун яширинган.  Чунки, ҳаётий тажрибага эга бўлган турмушнинг оғир ва енгил юкини кўрган ота-она ўз фарзандига беминнат маслаҳатчи, набираларига эса тарбиячи бўлиб, уларга фақат эзгулик, яхшиликдан бошқа нарсани раво кўрмайди. Ушбу ҳақиқатни эса Турдихон аянинг фарзандлари каби ёшлар сира ёдларидан чиқармасликлари лозим.

Тожиддин МАДРАҲИМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *