Кўрилди

Ўз уйида наша етиштирган шахс

Гиёҳвандлик инсон соғлиғининг кушандаси, қанчадан-қанча инсонларнинг умрига, соғлиғига зомин бўлаётган иллатдир. Сурункали гиёҳвндликка берилганларнинг аксарияти 30 ёшгача ҳам яшамайди. Яна бир хавфлти томони ОИТС, вирусли гепатит ва бошқа хавфли касалликлар билан боғлиқ равишда илдиз отади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-276-моддаларини ўз ичига олган ХIХ боби “Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” деб номланиб, бунинг учун қатъий жазо чоралари белгиланган.
Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган инсоннинг кўзи очилиши қийин.
Хусусан, 2020 йил 14 август куни Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган “Қорадори-2020” тадбири давомида фуқаро Х.Д.нинг яшаш хонадони холислар ва мутахассис иштирокида кўздан кечирилганида, фуқаро Х.Д ўз томорқасида таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган тўрт туп “каннабис” (наша) ўсимлигини парваришлаб, бегона ўтлардан тозалаб, етиштириб келаётганлиги аниқланиб, ўсимликнинг баргларидан намуналар холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида олиниб, қолган қисми ёқиш йўли билан йўқ қилиниб, Х.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 270-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи Х.Д.га нисбатан у айбланган модда доирасида сутканинг соат 21:00дан соат 06:00гача бўлган вақтда яшаш жойидан чиқиши чекланган ҳолда, 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, унинг зиммасига қонунда белгиланган бошқа тақиқлар ҳам юкланди ҳамда Х.Д.га гиёҳвандлик ва алкоголизмдан тиббий муассасада мажбурий даволаниш чораси қўлланилди.
Шунингдек, суд жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида Х.Д. яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига хусусий ажрим чиқариш йўли билан ўз муносабатини билдирди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, гиёҳвандлик жинояти ҳақида бутун дунё ташвишга тушаётган бир пайтда, мамлакатимиздаги ҳар бир фуқаро ушбу иллатнинг салбий оқибатларидан тегишли хулоса чиқариб олиши керак. Ушбу соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олишда, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва соғлиқни сақлаш муассасалари мутасаддилари, балки жамоатчилик бирлашмалари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, таълим муассасалари, қолаверса, кенг жамоатчилик – ҳар биримиз масъуллигимизни унутмаслигимиз лозим.

Маҳкамжон АБДУБАННАБОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *