Кўрилди

“Аёллар дафтари”: ҳуқуқий ёрдам

Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар кўлами пандемия муносабати билан кенг тус олди. Жумладан, бевосита Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббус асосида ташкил этилган “Аёллар дафтари” давлатимиз томонидан аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни навбатдаги юқори босқичга олиб чиқиш билан бирга, бу йўналишдаги ишларни бир тизимга солиш имкониятини ҳам берди.

Жумладан, Фарғона вилоятида ҳам “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилганлар билан ишлашда янгича тизим жорий этилиб, вилоят миқёсида 47 минг 554 нафар ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бўлган аёллар рўйхати шакллантирилди ва “Аёллар дафтари”га киритилди. Бугунги кунда шаҳар-туманларда улар билан манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Фарғона вилоятида фаолият кўрсатаётган суд идоралари ҳам мазкур хайрли ташаббусдан четда қолишмади. Вилоятимизда мавжуд судларнинг судьялари мазкур рўйхатдан ўрин олган хотин-қизларнинг ҳуқуқий масаладаги муаммоларини ҳал этишга яқиндан ёрдам бериш мақсадида жойларда қабуллар ташкил этиб, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар беришди.

Жумладан, бундай қабуллар жорий йилнинг 23 ва 24 январь кунлари Фарғона шаҳрининг А.Жомий, Ал-Хоразмий ва Беруний номли МФЙларида ташкил этилди. Мазкур қабулларда ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлган 25 нафардан ортиқ аёлларнинг муаммолари Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси Д.Махаматов ва Фарғона туманлараро судининг судьяси Б.Юлдашевлар томонидан тингланиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Жамиятда турли қийинчилик ва муаммоларга дуч келаётган аёлларнинг қонун ва қонуности ҳужжатлар талабларини тўлиқ билмаслиги, уларга берилган қонуний имтиёзлардан бехабар эканлиги юзага келаётган қийинчиликларнинг асосий сабабларидан бири десак, хато бўлмайди. Бу жиҳатдан олиб қараганда, аёлларга судьялар томонидан кўрсатилган ҳуқуқий ёрдам ва тушунтиришлар уларнинг муаммоларини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Сайёр қабуларда аниқланган муаммоларнинг  аксарияти жойида ҳал этилгани эса бу тадбирларнинг самарасидан дарак беради. Вилоятимизда соҳа вакиллари иштирокида аёлларни бу каби ҳуқуқий қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.

 Суратда: сайёр қабул жараёни.

Бахтиёржон ЮЛДАШЕВ, Фарғона туманлараро

маъмурий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *