Кўрилди

Қонун ҳамма учун баробар эмасми?

Ёхуд туман ҳокими, ҳуқуқшунос ва архитекторнинг фуқаролар ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузиб, катта миқдорда зарар келтирганликлари тўғрисида

 Албатта, мамлакатимизда қабул қилинган қонунлар ҳар бир фуқаро учун бирдек ижро қилинади. Бу ҳол демократик ўзгаришлар ҳукм сураётган Ўзбекистон мамлакатида оғушмай амалга оширилаётгани чин ҳақиқат. Ушбу масала айни пайтда эл-юрт олдида, тараққийпарвар инсоният назарида шак-шубҳасиз тан олинган ҳодисадир. Лекин мамлакатимизнинг гоҳ у чеккаси, гоҳ бу бурчагида бу соҳада камчиликлар учраётгани ҳам бор гап. Улардан кўз юмиш, ҳақиқатни хаспўшлаш юрт ривожига хизмат қилмайди. Олтиариқ туман аҳолиси қадимдан деҳқончилик, сабзавотчилик, боғдорчилик соҳасида донг таратган, бундай туманни оқилона бошқариш, меҳнаткаш халқ манфаатларини қаттиқ муҳофаза қилиш ўта маъсулиятли вазифадир. Шунинг учун давлатимиз томонидан аҳолини ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳокимларни қабул қилаётган қарор ва фармойишларининг қонунийлигини шаҳодатлаб бориш учун туман ҳокимлигига ҳуқуқшунослик штати берилиб, ҳуқуқшуносга давлат бюджетидан каттагина маош ажратилган. Минг афсуски, кейинги йилларда туман ҳокими томонидан қабул қилинаётган айрим қарорлар, уларнинг ижроси тадбиркор ва оддий одамларга фойда ўрнига зарар келтираётгани кишини ўйлантиради. Энг ёмони, хайбаракаллачилик билан чиқарилган айрим ҳокимият қарорларини ноқонуний эканлиги судда исботланиб, фуқароларнинг паймол этилган ҳуқуқларини тиклаб қўйиш ҳокимиятдан қонун йўли билан талаб қилинаётган бўлса-да, ҳокимият суднинг бу борадаги мажбуриятини бажармай келаётганлиги ачинарли ҳолдир. Бу каби манзаралар Олтиариқда Холмирза Ниёзов ҳокимлик фаолиятини бошлагандан сўнг айниқса кўпайиб кетганлиги ҳаммага маълум. Қуйида туман ҳокимлигининг ноқонуний қарорларини бекор қилиш ҳақида вилоят прокуратурасининг протести ҳамда суднинг ҳокимиятга юклаган мажбурияти ижро қилинмаганлиги билан таништирамиз.

ТИРИКЛАРНИГИНА ЭМАС,
ЎЛГАНЛАРНИ ҲАМ ҲУРМАТ
ҚИЛИШМАДИ
Юртимизда азалдан ўтганлар қабрига ва қабрис- тонларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиб келинади. Айниқса сўнги йилларда жойлардаги қабристонлар ҳудудлардаги “Ободонлаштириш” ташкилотлари тасарруфига ўтказилганлиги, қабристонларни обод қилишга масъуллар тайинланиб, ойлик маошлар тўлаб бораётганлигини алоҳида олқишлаш лозим. Чунки, давлатимиз томонидан бундай эътибор, ғамхўрлик, энг аввало, тирик инсонларга ҳурмат, қолаверса, вафот этганлар ёдини сақлашга бўлган эътиборнинг энг олий даражаси десак янглишмаган бўламиз. Олтиариқ туманидаги “Шоҳ Толиб Ансорий” зиёратгоҳи маъсулларининг такидлашича, туман марказий қабристонига майит қўйиш ишлари 1986 йилда тугалланган ва зиёратгоҳ мақомини олганди. Ушбу қабристонга туман маркази ҳудудидаги 18 та маҳалла аҳлининг ўтган авлодлари дафн қилинган. Аммо негадир қабристонга қўйилган майитларнинг яқинлари тирик бўла туриб, уларнинг розилиги олинмасдан қабристон ҳудудини Олтиариқ туман ҳокимлиги муттасаддилари бир неча савдогар ва тадбиркорларга қурилиш ишларини амалга оширишлари учун бўлиб бериб юборди. Натижада қабрлар текисланиб, уларнинг устига бино-иншоотлар қурилиши бошлаб юборилди. Табийки, бундан қабрда ётган майитларнинг яқинлари норози бўлдилар. Қисқача айтганда, туман ҳокимлигининг қарори билан қабристон ҳудудини қурилиш учун бўлиб берилиши ва бу ерда қурилиш ишларини амалга оширилиши на эскичасига, на янгичасига сира мос келмайди!
«Шоҳ толиб Ансорий» зиёратгоҳи кенгашининг ҳуқуқшуноси М.Исмоилов тақдим этган ҳужжатлар бу ҳақда нима дейди? Маълум бўлишича, Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзов 2018 йил 18 июль куни туман заҳирасида бўлган, “Бозорбоши” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ “Шоҳ Толлиб” қабристони ҳудудидан 5,61 гектар ер майдонида миллий меъморий ва қадриятларимизга уйғун ҳолатда бино ва иншоотлар қурилиши учун рухсат бериш тўғрисида 2376-сонли қарор чиқарган. Ҳоким ўз қарорига қисман ўзгартириш киритиш учун 2019 йил 28 январь куни 177/1-сонли қарор чиқарди. Мазкур қарорнинг биринчи бандида “Нуроний жамоат фонди” туман бўлими, туман “Ободонлаштириш” бошқармаси, туман “Маҳалла” хайрия жамоат фондини туман ҳокимига ёзган “туманда янгидан замонавий истироҳат боғини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин” дейилган эди. Ваҳоланки, тумандаги “Нуроний жамоат фонди” ҳам, туман “Ободонлаштириш” бошқармаси ҳам, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳам туман ҳокимлигига бундай ташаббус билан чиқмаган экан. Буни “Нуроний жамоат фонди” 2019 йил 30 октябрь куни ёзган 94-сонли, “Ободонлаштириш” бошқармаси 2019 йил 1 ноябрь куни ёзган 273-сонли, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди 2019 йил 12 декабрь куни “Шоҳ Толиб” зиёратгоҳи ҳайъат кенгаши ҳуқуқшуноси М.Исмоиловга ёзган 576-сонли хатлари билан тасдиқлашган. Фарғона вилоят прокуратураси 2019 йил 30 апрель куни келтирган протести билан Олтиариқ туман ҳокимининг 2018 йил 18 июлда чиқарган 2376-сонли қарорини бекор қилишни талаб қилди. Шундан ке- йин Х.Ниёзов ўзининг 2018 йил 18 июлда чиқарган 2376-сонли қарорини бекор қилди. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 апрелдаги “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги 101-сонли қарори билан тасдиқланган “Дафн этиш жойларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва қабр усти ёдгорликларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 23-бандида “илгари қабристонлар жойлашган ҳудудлардан, улар кўчирилган пайтдан бошлаб 20 йил ўтгандан кейингина фойдаланишга рухсат берилади. Ушбу ҳолда мазкур ҳудудлардан фақат манзарали яшил ўсимликлар ўтқазиш учун фойдаланиш мумкин. Ушбу ҳудудларда бино ва иншоотлар қуриш тақиқланади” деб белгилаб қўйилганлигига қарамасдан туман ҳокими Х.Ниёзов 2019 йил 19 февраль куни туман заҳирасида бўлган, “Бозорбоши” МФЙ ҳудудида жойлашган собиқ “Шоҳ Толиб” қабристони ҳудудидан фуқаро Э.Ҳакимовга Давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида “Ёшлар меҳнат гузари” қуриш учун 951 квадрат метр ер майдонини ажратиб бериш тўғрисида 723-сонли қарор чиқарди. Туман марказий қабристонидан амалдаги қонунга зид тарзда қурилишга рухсат берилиши ортидан қабристонга дафн қилинган майитларнинг аждодлари ва русийзабон миллатга мансуб фуқаролардан жами 89 нафари туман ҳокимининг ноқонуний қарорларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига шикоят йўллашди. Табиийки, ушбу шикоят Фарғона вилоят прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилгач, туман ҳокимидан 2019 йил 19 февралдаги 723-сонли қарорини бекор қилишни талаб қилиб, 2019 йил 30 апрель куни протест келтирилди ва протестни келиб тушган вақтидан бошлаб 10 кунлик муддатдан кечиктирмай кўриб чиқиш ва натижалари тўғрисида 3 кунлик муддат ичида вилоят прокуратурасига ёзма равишда маълум қилиш талаб қилинди. Бироқ, туман ҳокими вилоят прокурорининг ушбу талабини 10 кунлик муддат ичида эмас, орадан 128 кун ўтгандан ке- йин кўриб чиқиб, 2019 йил 9 август кунги 4635-сонли қарори билан вилоят прокурорининг протестини рад қилди. Шундан кейин вилоят прокурорининг ўринбосари С.А.Ҳасанов фуқаро Ш.Алихонов ва бошқалар манфаатини кўзлаб, туман ҳокимлигини судга берди.
Фурқат туман маъмурий суди 2019 йил 11 ноябрь куни вилоят прокурорининг аризасини қаноатлантириб, Олтиариқ туман ҳокимининг иккита қарорини – 2019 йил 19 февраль кунги 723-сонли ва 2019 йил 9 август кунги 4635-сонли қарорларини ҳақиқий эмас деб топди. Туман ҳокимлиги эса суднинг ушбу қароридан норози бўлиб, вилоят судига мурожаат қилди. Вилоят маъмурий суди 2020 йил 15 январь куни бўлиб ўтган суд мажлисида ҳокимнинг аризасини рад қилиб, Фурқат туман маъмурий судининг 2019 йил 11 ноябрь кунги қарорини ўз кучида қолдирди.
Энди масаланинг иқтисодий томонига эътибор қаратайлик. Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзов амалдаги қонунларни менсимасдан чиқарган ноқонуний қарори билан тахминан 3 миллиард сўм атрофида пул сарфлаб, қабристонга Давлат хусусий шерикчилик шартлари асосида 38 та “Ёшлар меҳнат гузари” комплексини қурган бир ёш тадбиркорни боши берк кўчага олиб кириб қўйди. Қабристонга қурилиш қилишга қонунларимиз рухсат бермас экан, табиийки қабристонга ноқонуний қурилган “Ёшлар меҳнат гузари”дан ҳам фойдаланишга рухсат берилмайди. Шундай экан, ушбу ноқонуний қурилишларга сарфланган юқоридаги маб- лағни тадбиркорга энди ким тўлайди? Қабристонга қурилиш қилиш учун ноқонуний қарор чиқарган ҳоким тўлайдими? Ёки ҳокимнинг ноқонуний қарорига ижобий хулоса берган ҳокимият ҳуқуқшуноси Ҳожиакбар Содиқов тўлайдими? Буни суд аниқлайди.

БОЗОРДАГИ “БУЗДИ-БУЗДИ”ЛАР
ОҚИБАТИ

2018 йил 22 май куни Риштон туман маъмурий судига аризачилар: камина — Бузрукходжаев Марибжон Абдумаликович, Мадаминов Акбарали Турсуналиевич, Ҳасанов Боқижон, Ҳасанов Қобилжон, Ҳакимов Нематжон Салимжонович, Акбаров Ҳакимжонлар судга жавобгар Олтиариқ туман ҳокимлигига нисбатан мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати ва қарори устидан шикоят-ариза билан мурожаат қилишди. Судда аризачиларнинг кўрсатма беришича, Олтиариқ тумани, “Ўзбекистон” кўчаси, “Деҳқон бозори”нинг олд қисми, яъни шимолий қисмида жойлашган 35,4 ва 54,6 квад- рат метр ер майдонини камина М.Бузрукходжаев, 25 квадрат метр ер майдонини А.Мадаминов, 26,6 квад- рат метр ер майдонини Б.Ҳасанов, 24 квадрат метр ер майдонини Қ.Ҳасанов, 25 квадрат метр ер майдонини Н.Ҳакимов 1995 йилда ўтказилган “кимошди” савдоси орқали сотиб олишган. Ушбу ер майдонларига қурилган савдо дўконлари давлат рўйхатидан ўтказилган. Лекин Олтиариқ туман ҳокимининг 2011 йил 11 февралдаги 120, 121, 126, 127, 128, 129, 130-сонли қарорларига кўра, уларга тегишли бўлган савдо дўконлари бузилиб, ер майдонларини давлат заҳирасига олинган. Заҳирага олинган ер майдонлари ҳисобига Олтиариқ туман ҳокимининг қарори билан “Деҳқон бозори” ҳудудидан ер майдони ажратиб берилган. Бироқ, ушбу қарор вилоят прокурорининг протестига асосан бекор қилинди. Шундан сўнг улар қонуний тегишли бўлган ер майдонидан ҳам, ўз маблағлари ҳисобига қуришган савдо дўконларидан ҳам ажрашди. Чунки, Олтиариқ туман ҳокимининг 2011 йил 11 февраль кунги қарори қонун талабларига зид равишда қабул қилинган эди. Амалдаги қонун талабларига биноан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун ер майдонлари олинганида, ер ва мулк эгаси огоҳлантирилиб, давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олинган ер майдонига тенг миқдорда ер майдони ажратиб берилиши, бузиб ташланган савдо дўконларининг қиймати тўлаб берилиши лозим эди. Шикоятчилар юқоридаги ҳолатларни эътиборга олиб, суддан ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш ва туман ҳокимлиги зиммасига “Ўзбекистон” кўчасидаги “Деҳқон бозори”нинг олд қисмида жойлашган, “ким- ошди” савдоси орқали сотиб олинган ер майдонини ўзларининг эгалигига қайтариб бериш мажбуриятини юклашни сўрашди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандида фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, “кимошди” савдосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда, уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли ер участкаси берилади, деб кўрсатилган. Бироқ, ҳокимнинг қарорларида бино ва иншоотларни бузиш эвазига ҳамда мулк эвазига берилиши мумкин бўлган компенсация тўловлари аниқланмади. Ер участкалари олинган фуқароларга мазкур ер участкаларига тенг миқдорда ер участкалари берилмади. Суднинг ҳал қилув қарори билан Олтиариқ туман ҳокимлиги зиммасига аризачилар: камина – Бузрукходжаев Марубжон Абдумаликович, Мадаминов Акбарали Турсуналиевич, Ҳасанов Боқижон, Ҳасанов Қобилжон, Ҳакимов Нематжон Салимжонович, Акбаров Ҳакимжонларга олиб қўйилган ер участкалари ўрнига мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли ер участкаси бериш мажбурияти юклатилди. 2018 йил 4 июнь куни эса Риштон туман маъмурий суди ўзининг 2018 йил 22 май кунги ҳал қилув қарорига қўшимча ҳал қилув қарорини эълон қилди. Қўшимча ҳал қилув қарорига биноан “Олтиариқ туман ҳокимининг 2011 йил 6 февраль кунги 120, 121, 126, 127, 128, 129, 130-сонли қарорлари ҳақиқий эмас деб топилсин” ва “Олтиариқ туман ҳокимлиги зиммасига аризачилар: камина – Бузрукхўжаев Марубжон Абдумаликович, Мадаминов Акбарали Турсуналиевич, Ҳасанов Боқижон, Ҳасанов Қобилжон, Ҳакимов Нематжон Салимжонович, Акбаров Ҳакимжонларга олиб қўйилган ер участкалари ўрнига мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қонунга муофиқ қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилсин” деб тўлдириш билан ўқилиши лозимлиги таъкидланди. Орадан 990 кун ўтишига қарамасдан суднинг юқоридаги мажбурияти Олтиариқ туман ҳокимлиги томонидан бажарилмади. Мана шу сабаб, савдо дўконларининг эгалари ҳозиргача сарсону саргардон бўлиб юришибди. Бундан ташқари, туман ҳокими Холмирза Ниёзов туман “Деҳқон бозори” МЧЖни реконструкция қилиш тўғрисида” 2017 йил 17 март куни чиқарган 1056-сонли қарори билан 53 нафар тадбиркордан 25 нафарига 2 миллиард 993 миллион сўм моддий зарар келтирди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Риштон туман судининг Олтиариқ туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Тўрақуловга нисбатан Ўзбек- истон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-моддасининг биринчи қисми билан юритилган 1515-1901/20 сонли жиноят иши юзасидан ёзилган суд ажримида аниқ ёзиб қўйилган.Шуни айтиш жоизки, туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Ф.Тўрақулов ўз соҳаси бўйича қилган жиноятлари учун 4 маротаба жиноят судларида судланиб, яна ўз лавозимида ишлаётганлигидан фуқаролар таажжубда! Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар давомида Деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуаларини қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 2853-сонли қарор иловасида Олтиариқ “Деҳқон бозори” МЧЖга бир қаватли 515 метр квадратдан иборат ер майдонига IV-типдаги қурилиш ишлари белгиланган бўлсада, Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзов 2018 йил 14 март куни чиқарган 1056-сонли қарорида 2-типдаги савдо мажмуаси, деб Президент қарорига зид равишда қарор қабул қилган. Мана шу сабаб туман ҳокимининг қарорига ўзгартириш киритилиб, Президент қарорига мувофиқлаштирилган. Суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўралган туман ҳокими Х.Ниёзов Олтиариқ “Деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудидаги савдо дўконларини бузишга, Олтиариқ “Деҳқон бозори” МЧЖнинг унга қилган мурожаати, вилоят ЁХБ ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг хулосалари асос бўлганини, ушбу хатларга асосан туман ҳокимининг 2018 йил 24 январдаги 282-сонли, 2018 йил 31 январдаги 389-сонли қарори қабул қилинганини, қарорларнинг ижроси ўз зиммасида бўлганини, бозор ҳудудидаги савдо дўконларини бузишда ердан фойдаланувчиларнинг розилиги олинмаганини, уларни огоҳлантириш бўйича ўринбосари А.Усуббоевга 2018 йил 22 январда топшириқ берганини, бузиш ишлари 24 январь куни бошланганини билдирди. Лекин судда гувоҳ сифатида сўралган А.Усуббоев бозордаги дўконларни бузиш масаласида бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этмаганини, туман ҳокимининг тадбиркорларнинг савдо дўконлари жойлашган ер майдонларини давлат эҳтиёжлари учун олиш, иншоотларни бузиш ва компенсация тўлаш ҳақида қарор қабул қилмагани, бозор ҳудудидаги ердан фойдаланувчиларнинг розилиги олинмагани, ҳоким унга тадбиркорларнинг дўконларини бузиш тўғрисида огоҳлантириш хатини бериш ҳақида топшириқ бермаганини айтиб, кўрсатма берди. Гувоҳлардан А.Назиров, М.Бузрукходжаев, Т.Абдуллаев ва бошқалар судда уларнинг савдо дўконларини бузиш 2018 йил 22 январь куни бошланганини, бузиш устида раҳбар бўлиб, туман ИИБ бошлиғи Саиддинов билан туман ҳокими Холмирза Ниёзов турганлигини айтишиб, савдо дўконларини бузилишига асос бўлган туман ҳокимининг қарори орадан 2 кун ўтиб, 2018 йил 24 январь куни чиққанлигини, ҳозирда улар кўрган зарар қопланмаганлигини баён қилишди. Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низонинг 8-бандига риоя қилмаган. Ҳокимият тадбиркорларга тегишли тартибда огоҳлантириш хатлари тарқатмаган, компенсация пуллари тўлаб берилмасдан туриб, 53 нафар тадбиркорнинг мулки бўлмиш савдо дўконлари бузиб ташланган. 53 нафар тадбиркорнинг 25 нафарининг савдо дўконлари учун кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлганди. Олтиариқ туман ҳокими Холмирза Ниёзов Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган Низом талабларига амал қилмай, иш олиб борганлиги учун тумандаги 25 нафар тадбиркор 2 миллиард 993 миллион сўм моддий зарар кўрди. Суд тадбиркорлар кўрган ушбу зарар ҳақиқатда қопланмаганлигини маълум қилиб, мазкур ҳолат юзасидан Олтиариқ туман хокими Х.Ниёзов ва туман ИИБ бош- лиғи И.Саиддиновларнинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси “а” бандида кўрсатилган жиноят аломатлари борлигини аниқлаган. Суд 2019 йил 15 май кунги ажримида дастлабки тергов органи 2019 йил 2 март куни жиноят ишини туман ҳокими Х.Ниёзов ва туман ИИБ бошлиғи И.Саиддиновларга нисбатан қисмини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 36-моддаси ва ЖПКнинг 36, 38-моддаси 3-бандига кўра тугатиб, барвақт хулосага келганлигини ёзган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Б.Зокиров 2019 йил 28 март куни вилоят ҳокимига, Фарғона вилоят прокуратурасига, Фарғона вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғига, Фарғона вилоят қурилиш соҳаси бўйича назорат инспекциясига, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКнинг Фарғона вилоят филиали раҳбарига ёзган 2106/19-08” сонли хатида “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги “Ўзшаҳарсозлик” ЛИТИ ДУКнинг 2019 йил 26 мартдаги ўрганиш натижаси тўғрисида”ги 1-10/414 сонли хатига асосан қайд этилган қонун бузилишларига йўл қўйган айбдор шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини кўриб чиқишни сўраган.
Фарғона вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими АМИБ катта терговчиси А.Акрамовни туман ҳокими Х.Ниёзов ва И.Саиддиновларнинг жиноят ишини тугатиб, барвақт хулосага келганлигини ва Олтиариқ туман архитектура ва қурилиш бошқармасининг бошлиғи Фарҳод Тўрақуловни эса архитектура соҳаси бўйича жиноят судларида 4 маротаба судланиб, яна ўз лавозимида ишлаётганлигини қандай тушуниш мумкин? Суд Фарғона вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими АМИБ катта терговчиси А.Акрамовнинг 2019 йил 2 март кунги жиноят ишини фуқаро Х.Ниёзов ва И.Саиддиновларга нисбатан бўлган қисмини тугатиш ҳақидаги қарорини бекор қилди ва Х.Ниёзов ва И.Саиддиновларнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний қарор қабул қилиш учун тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда 2019 йил 15 май куни чиқарган ажримини вилоят прокуратурасига юборди. Ана шундан ке- йин “Деҳқон бозори”даги савдо дўконларини бузишда туман ҳокимининг ёнида бўлган туман ИИБ бошлиғи И.Саиддинов эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзовга нисбатан қандай чора кўрилгани номалумлигича қолди. Камина – М.Бузрукходжаевнинг вилоят прокуратурасига Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзовга қандай чора кўрилганлигини аниқлаштиришни сўраб ёзган мурожаатимга вилоят прокуратураси “терговга қадар текшириш давомида Х.Ниёзов ва бошқаларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаганлиги сабали, 2019 йил 6 июнда ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорни бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас” деб 2020 йил 23 декабрь куни 18-300214-20 сонли жавоб хати йўллади. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 114-моддаси ва Ўзбекистон Рес- публикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуниннинг 3-моддасида «Суд ҳокимияти чиқарган ҳужжатлар барча Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир» дейилган. Суд органларининг қарор ва мажбуриятларини бажариш мажбурий эканлиги амалдаги қонунларимизда ифода этилган экан, Холмирза Ниёзовни суд органларининг қарор ва мажбуриятларини 990 кундан бери бажармай келинаётганлиги жиноят эмасми? Ахир қонун ҳамма учун баробар-ку! Шундай экан, Холмирза Ниёзовга фуқаролардан олиб қўйилган ер участкалари ўрнига фуқароларга мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли ер участкасини ажратиб бериш, 25 нафар тадбиркор кўрган 2 миллиард 993 миллион сўм зарарни конпенсация тарзида тўлаш ҳақида ҳокимият қарорини чиқариш вақти келмадимикан? Муаммонинг бу тарзда чигаланишига албатта биргина ҳоким жавобгар эмас. Агар туман архитектура ва қурилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Тўрақулов ва ҳокимият ҳуқуқшуноси Ҳожиакбар Содиқовлар ўз касбининг устаси ва билимдони бўлганда эди, яра бу қадар газаклаб кетмаган бўлар эди. Ҳа, қабристон ҳудудини савдогар ва тадбиркорларга қурилиш қилиш учун тайёрлаган қарор лойиҳаси ва туман истироҳат боғи билан болалар сайилгоҳи ҳудудига жиноят суди биносини қуриш тўғрисида тайёрланган қарор лойиҳа- лари устида ишлаган мутахасиссни тасаввур қилар экансиз, юқорида эслатганимиздек, ўз соҳаси бўйича тўрт маротаба жиноятга қўл уриб, судланган Фарҳод Тўрақуловдан ва уни ҳозиргача архитектура соҳасида раҳбар этиб ишлатиб келаётган Олтиариқ туман ҳокими Ҳ.Ниёзов билан вилоят қурилиш бошқармаси бош- лиғи А.Ғаниевдан нимани кутиш мумкин?
Ҳокимият ҳуқуқшуноси Ҳожиакбар Содиқов ҳуқуқшунос лавозимида ишлаш жарёнида унинг ўзи ҳуқуқий маслаҳатга нақадар муҳтож эканлигини ҳокимиятни судларда ҳақиқий эмас деб топилган юқоридаги қарорлари исботлаб турибди. Чунки, ҳақиқий эмас деб топилган ҳокимият қарорларини чуқур ўрганиш ўрнига хайбаракаллачилик билан амалда ноқонуний бўлган қарорларни қонунан тўғри деб ижобий хулоса бериб, иш вақтининг 3/2 қисмини ҳокимият қарорлари юзасидан ўтказилган ва ўтказилаётган суд мажлисларига сарфлаётгани Ҳожиакбар Содиқовнинг қандай ҳуқуқшунос эканинини очиқ кўрсатиб турибди.
Ҳозирги кунда комьпютер технологиялари соҳасини мукаммал эгаллаган иқтидорли ёшлар турган бир пайтда чаласавод ходимларга туман архитектураси билан ҳокимиятнинг ҳуқуқшунослик бўлимини мерос қилиб бериб қўйилиши ачинарли ҳолдир.

Марубжон БУЗРУКХОДЖАЕВ,
Олтиариқ тумани, тадбиркор.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *