Кўрилди

Президент қарорлари: ҳаётда ва назоратда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида Адлия вазирлигининг асосий вазифаси қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш ҳисобланиши таъкидлаб ўтилган эди.

Маълумки, қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш охирги пайтда кўпроқ расмий характерга айланиб қолган эди, яъни қарорлар бажарилиши устидан назорат қилишга қаратилган эди.

Энди мазкур масалада янги тизим таклиф этилди. Унга кўра, қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорларнинг тўғри ва аниқ мазмун ва моҳияти вилоят, туман (шаҳар) раҳбарларига бевосита етказилади. Мазкур ҳужжатларда белгиланган ижрочилар томонидан айрим масалаларда тушунмовчиликлар юзага келганда, адлия органлари томонидан топшириқ тўлақонли тушунтириб бериш чоралари кўрилади.

Президент ёки бошқа қонун ҳужжатлари билан берилган топшириқни ижро этишда, ижрочи вазирлик ва идоралар томонидан ижрони таъминлашда   қийинчиликлар юзага келганда, адлия органлари ушбу топшириқнинг ижросини ташкил этишга кўмаклашади.

Бундан ташқари, Президент ҳужжатларини ижросини таъминлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан бутунлай янги тизим, яъни тўрт босқичдан иборат “Самарали ижро тизими” (Policy implementation) жорий қилиш таклиф қилинмоқда.

Биринчи босқичда ҳужжат лойиҳалари “Лойиҳада – амалда” тамойили асосида реал имкониятлар ва бажарилмаслик хавфи чуқур таҳлил қилинади. Бунда вазифаларнинг кўлами, муддати ва мураккаблилиги, ташкилотларнинг имкониятларига мослиги, зарур молиявий ресурслар миқдори ва кафотлатланган манбалар мавжудлиги ҳамда иқтисодий-ижтимоий инфратузилманинг тайёрлиги ўрганиб чиқилади.

Иккинчи босқичда Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан топшириқлар ижроси ташкил этилади ва бу жараёнга кўмаклашилади. Хусусан, топшириқларнинг мазмун-моҳияти “пакет” тамойили асосида етказилади, ислоҳотларга қаратилган топшириқлар бўйича инфографика, слайд, таҳлилий материаллар ва видеодарслар тайёрлаб берилади.

Бундан ташқари, ҳокимлар ва раҳбар лавозимига тайинланганлар учун ижро масалалари бўйича ҳафталик дасрлар ташкил этилади (Давлат бошқаруви академияси).

Шунингдек, ҳар бир қабул қилинган ҳужжатларнинг моҳияти давлат органларига, шунингдек, “маҳаллабай” тамойили асосида аҳолига етказилади.

Учинчи босқичда топшириқларнинг баҳолаш тизими жорий этилади.

Биринчи бор Давлат раҳбари топшириқларининг ижроси самарадорлиги ҳамда аниқ амалий натижаларга эришилиши комплекс баҳолаб борилади. Бунда топшириқлар ижроси бўйича киритилган ахборотлар парламент, халқ депутатлари Кенгашлари, Вазирлар Маҳкамаси Раёсати йиғилишларида муҳокама қилинади ва топшириқларнинг бажарилганлиги юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик эшитувлари институтлари киритилади.

Бундан ташқари, топшириқларни юзаки бажарилишига йўл қўймаслик мақсадида улар ижроси соҳалар кесимида жойига чиққан ҳолда ўрганилади.

Ҳар бир фуқаро ислоҳотларни амалда ҳис этишини таъминлаш мақсадида қайта алоқа (feedback) тизими йўлга қўйилади, шунингдек жойларда топшириқларнинг ижроси ҳолати бўйича хабар берувчи мобиль илова дастури яратилади.

Тўртинчи босқичда янги назорат тизими яратилади. Бунда мавжуд штатлар доирасида Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилади. Адлия вазирлигига топшириқларни назорат қилувчи электрон  “Ijro.gov.uz” тизими ўтказилади. Мазкур тизим такомиллаштирилиб, янги версияси ишлаб чиқилади, топшириқлар “Ijro.gov.uz” тизимига киритилади ва масъул ижрочилар белгиланади.

Шунингдек, ижрони таъминлаш чораларини кўриш бўйича уларга огоҳнома ва кўрсатмалар киритилади, айбдор мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилиши таклиф этилмоқда.

 

Шоҳруҳ МАҲМУДОВ, Наманган вилояти, Тўрақўрғон туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *