Кўрилди

Ҳуқуқий саводхонлигимизни ошириб…

Ўтган 2020 йил сўнгида муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг анъанавий тарзда Олий Мажлисга Мурожаатномасини энг аввало “Зангори экран” орқали кўриб, тингладик, сўнг эса босма оммавий ахборот воситалари орқали ўқиб, чуқурроқ танишдик.
Албатта, ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниши билан бирга, янги 2021 йилда амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим ишлар – ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалардаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Бу ўринда ўз касбимиздан келиб чиққан ҳолда суд-ҳуқуқ соҳасидаги Президент мулоҳазаларига алоҳида эътибор қаратдик. Табиийки, 4 йилдан буён амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг ажралмас қисми сифатида кўрилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ўзгаришлар мамлакатимизни ҳар томонлама ривожланишида ўзига хос ўрин эгалламоқда. Албатта, Президентимиз Мурожаатномада таъкидлаганидек, “Хабарингиз бор, сўнгги 4 йил давомида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил қадамларни қўйдик. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир. Адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди.
Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак, бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп.
Биринчидан, янги йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инс-танция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлашда бош мезон бўлиши лозим.”
Айни вақтда суд амалиётида бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилди. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди. Янги йилдан бошлаб фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги 3 та судлар битта суд сифатида бирлаштирилди. Бу янгилик аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратди. Шунингдек, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилмоқда. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишни аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.
Албатта, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пираворд мақсади – юртимизни юксалтириш, фуқароларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Иқболжон ИСМОИЛОВ, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар судининг Девонхона мудири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *