Кўрилди

Қонуний меҳнат миграцияси

Маълумки, мамлакатимизда ҳар бир соҳада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан, хорижда ишлаётган фуқароларга нисбатан муносабат тубдан ўзгариб, меҳнат мигрантлари билан мулоқот ўрнатилди. Уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий қилинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 15 сентябрь куни “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4829-сонли қарор қабул қилиниши ҳам ана шундай ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди.

Мазкур қарор хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унинг қабул қилинишига бир қатор омиллар сабаб бўлганлиги кўрсатилган. Хусусан, фуқароларимизни ташкиллаштирилган ҳолда хорижда ишга жойлаштириш, улар билан доимий мулоқот қилиш ва муаммоларини тизимли ҳал қилишни ташкил этиш, Ватанга қайтиб келганидан сўнг иш билан таъминлаш бўйича ваколатли идора ва ташкилотларнинг фаолияти қониқарсиз бўлганлиги, хорижда ишламоқчи бўлган шахсларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш, фуқароларнинг чет элда бўлиш даврида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларининг бандлигини таъминлаш бўйича ишларнинг лозим даражада бажарилмаганлиги қайд этилган.

Қарорга мувофиқ, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизиминининг фаолият кўрсатиш тартиби тасдиқланди ҳамда қуйидагилар унинг асосий йўналишлари сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда юбориш ҳажмини ошириш, ушбу мақсадда вазирлик, идоралар ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг вазифа ва ваколатлари доирасини кенгайтириш,  ташқи меҳнат миграцияси соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ташкилотлари ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, хорижга ишлашга кетишдан олдин Ўзбекистон Республикаси фуқароларини касб-ҳунарга ва хорижий тилларга ўқитиш амалиётини самарали йўлга қўйиш, уларга касбий малакани тасдиқловчи халқаро тан олинадиган сертификатларни бериш тизимини жорий қилиш, хорижда мураккаб шароитга тушиб қолган меҳнат мигрантларини молиявий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш амалиётини кенгайтириш, улар учун маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга ва кўмаклашишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, уларга қулай шарт-шароитларни яратиш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахсларни реинтеграция қилиш, шу жумладан уларнинг бандлигини таъминлаш, касбий малакасини ошириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш белгиланди.

Бундан ташқари, қарор билан 2021 йил 1 январдан бошлаб:

ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш ўзини-ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турларига тенглаштирилади ва унга ўзини-ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқларни тўлаш ҳамда пенсия миқдорини ҳисоблаш тартиби қўлланилади;

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинади;

микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилади;

микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Бунда микроқарз ҳамда унга ҳисобланган фоизлар қарз олувчининг (оила аъзоларининг) топшириғига мувофиқ уларнинг ҳисобварақларига халқаро пул ўтказмалари тизимлари орқали келиб тушган маблағлардан ушлаб қолиш йўли билан ҳамда қонун ҳужжатларида кўрсатилган бошқа усулларда тўланиши мумкин.

Шунингдек, қарорга мувофиқ 2020-2021 йилларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ташқи меҳнат миграцияси соҳасида амалга ошириладиган ишларнинг асосий кўрсаткичлари тасдиқланганлиги фуқароларимизга хорижий давлатларда хавфсиз, адолатли, муносиб ва қонуний меҳнат фаолияти кўрсатишларини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилишига эришиш учун замин яратади.

Эркинжон АБДУЛЛАЕВ, Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг ходими.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *