ТЎЙДАН КЕЙИНГИ  ЖАНЖАЛ

Гулханжон Нурматов ва Каримберди Малоновлар танишлари З.Ҳайдаров ўғлини уйлантириб, тўй қилганида таклиф этилган бўлсаларда, бора олмаганликлари учун тўйдан кейин “Қутлуғ бўлсин”га боришди.

Гулханжон Нурматов ва Каримберди Малоновлар танишлари З.Ҳайдаров ўғлини уйлантириб, тўй қилганида таклиф этилган бўлсаларда, бора олмаганликлари учун тўйдан кейин “Қутлуғ бўлсин”га боришди.

Тўй эгасининг уйинини анқи билмасликлари сабабли йўлда шу маҳаллада яшовчи А.Шариповни ҳам бирга олишди ва 2018 йил 6 декабрь куни кеч соат 17лар чамасида З.Ҳайдаровнинг эшигини тагига етиб боришди.

Бу вақтга келиб тўйини ўтказиб олган З.Ҳайдаров уйида бекор ўьтирган эди. Меҳмонларни ҳушкайфият билан кутиб олиб, дарҳол дарвозахонадаги меҳмонхонага бошлади. Меҳмонларни тўрига ўтқазиб, ҳамқишлоғи А.Шарипов билан дарҳол дастурхон тузади. “Тўйдан қолган” деб дастурхон четига бир шиша ароқни ҳам келтириб қўйди. Ароқ очилиб, бир пиёладан ичилганди ҳамки, ён қўшниси У.Ҳусанов меҳмонхонага рухсатсиз кириб келди ва ўтирди. У.Ҳусанов сал аввалроқ бошқа бир қўшниси билан уйида биргаликда бир шишадан ароқ ичиб, тузуккина кайф қилиб олган эди. Негадир биринчи кўришишдаёқ меҳмонларга У.Ҳусанов ёқинқирамади, таюбиийки, маст бўлиб қолган У.Ҳусановнинг кўзига ҳам меҳмонлар хунук кўрина бошлади. Шу сабаб бўлса керак ёнидаги шеригига қарата “Меҳмонлар нега қовоқларини солиб ўтирибди” деб ёқмайдиган гапни баралла айтди. У.Ҳусановга ҳам бир пиёла ароқ қуйиб узатилганди, эплаб ичолмади-да, очиқчасига сўкина бошлади. Қўшнисининг бу қилиғи ёқмаганлиги сабабли уй эгаси ва А.Шарипов уни қўлтиқларига олишиб, уйига олиб кириб ташлаб чиқиришди. Аммо орадан беш минут ўтар-ўтмас У.Ҳусанов яна меҳмонхонада пайдо бўлди ва бу гал дастурхонни четидан тикка юриб меҳмонларга ташланиб қолди… Албатта, икки ўртада жанжал, сўкиниш, мушт отиш бошланиб кетди. Гулханжон ва Каримбердилар тарбиясиз қўшни У.Ҳусановнинг таъзирини бериб қўйиш мақсадида уни ерга босишиб, тепкилай бошлашди. Бу вақтда маст бўлиб қолган эрини қидириб юрган А.Ҳисенова меҳмонхонага кириб келди-да, “Эримни урманглар, ўлдириб қўясизлар” дея ўзини полда ётган эрининг устига  ташлади. Уй эгасининг сўрови билан меҳмонлар уйдан чиқишди ва келган жойларига қайтиб кетишди.

У.Ҳусановни яқинлари аранг кўтар-кўтар қилишиб, уйига олиб чиқиб, шундоқ айвонга ётқизиб қўя қолишди. Уй эгаларининг назарида У.Ҳусанов маст бўлиб ухлаб қолгандек эди. Кечқурун эса совқотиб қолмасин деб ичкарига ҳам олишди.

Эрталаб эса У.Ҳусанов ҳадеганда уйғонавермади. Шунджагина уйдагилари  ваҳимага тушишиб, зудлик билан У.Ҳусановни шифохонага олиб боришди.

2018 йил 9 декабрь куни шифохонага хушсиз ҳолда олиб келинган У.Ҳусанов олиб борилган даволаш муолажаларига қарамай олган тан жароҳатлари туфайли 6 февраль куни шифохонада вафот этди.

Фарғона вилоят суд-тиббий экспертизаси бюросининг 2018 йил
14 декабрдаги 5923-сонли хулосасида, У.Ҳусановда оғир ёпиқ калла-мия жароҳати, бош мия лат ейиши, бош мия ўнг томон қаттиқ мия парда остига қон қуйилиши, бош тепа, энса, қулоқ орти ва ўнг кўз қовоқ соҳалари юмшоқ тўқималари лат ейиши қаттиқ-ўтмас жисмлар таъсирида тиббий ёрдамга мурожаат қилиши (2018 йил 9 декабрь куни соат 10:05да)дан олдин етказилган бўлиб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикастлар тоифасига кирган. Шунингдек, У.Ҳусановда кўкрак қафаси ўнг томон олдинги ва орқа соҳалари қонталашлари қаттиқ-ўтмас жисмлар таъсирида етказилган бўлиб, олти кундан кўп давом этмайдиган, озгина, тез ўтиб кетувчи енгил шикастлар тоифасига кириши, аниқланган жароҳатларни жойлашган ўрни, характери ва хусусиятларига кўра ўз бўйи баландлигидан йиқилиши натижасида олиши инкор этилиши кўрсатилди.

2019 йил 29 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг биносида жиноят ишлари бўйича Сўх туман судини нг навбатдаги очиқ суд мажлисида судланувчилар Нурматов Гулханжон Мухаматович ва Мавлонов Каримберди Раҳмонбердиевичларнинг юқоридаги ҳолат бўйича жиноий қилмишлари кўриб чииқлар экан, гарчанд судланувчи Г.Нурматов суд мажлисида айбига иқрор бўлмасдан, У.Ҳусанов келиб уради деб ўйлаб ўзини ҳимоя қилиш учун қўлларини ҳаракатга келтиргани, лекин ҳеч кимни урмагани, У.Ҳусановага жароҳатларни қўшниси Х.Сунбулжонов ёки турмуш ўртоғи А.Ҳисеновнинг акаси Н.Мирзоев етказган бўлиши мумкинлиги, чунки У.Ҳусанов доимий равишда маст бўлиб, А.Ҳисеновани уриб-калтаклаб келганини эшитганини айтиб, ўзига нисбатан оқлов ҳукми чиқаришни сўради.

Судланувчи К.Мавлонов ҳам суд мажлисида эълон қилинган айбловга иқрор эмаслигини билдириб, кўрсатма берсада, ҳодиса жойини кўздан кечириш баённомаси ва унга илова қилинган фотосуратлар, Фарғона вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2018 йил 14 декабрдаги 5923-сонли ҳамда 2019 йил
11 февралдаги 68-сонли хулосалари, Фарғона вилоят психоневрологик касалликлар шифохонасининг 2019 йил 22 январдаги К.Мавлоновда руҳий касаллик аниқланмагани ҳамда ўзининг ҳаракатларини бошқара олганлигиҳақидаги хулосаси, суд мажлисида ўқиб эшиттирилган гувоҳ Х.Сунбулжонов  ҳамда Э.Аҳмедовларнинг  дастлабки терговдаги кўрсатувлари, юзлаштириш баённомалари, жабрланувчи қонуний вакили А.Ҳисенова ҳамда гувоҳ Н.Юсуповларни кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомалари ҳамда баённомага илова қилинган фото суратлар, жабрланувчи У.Ҳусанов, судланувчилар Г.Нурматов ва К.Мавлоновларнинг шахсига оид ҳужжатлар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан исботланди, деб топди.

Гарчи судланувчи К.Мавлонов ва Г.Нурматовлар айбларига иқрор бўлмасдан У.Ҳусановга тан жароҳатлари етказмаганликлари, унга тан жароҳатлари қўшниси Х.Сунбулжонов ёки А.Ҳисенованинг акаси Н.Мирзоевлар томонидан етказилган бўлиши мумкинлиги ҳақида кўрсатув берган бўлсалар-да, суд уларнинг ушбу важларини жабрланувчининг қонуний вакили А.Ҳисенова, гувоҳлар А.Шарипов, Н.Юсупов, З.Ҳайдаров, Ҳ.Ҳайдарова ва Н.Мирозоевларнинг кўрсатувлари билан рад этди.

Иш ҳолатларига кўра, Г.Нурматов ва К.Мавлоновлар З.Ҳайдаровнинг хонадонига меҳмон бўлиб келганларида уларга олдиндан таниш бўлмаган, маст ҳолатдаги У.Ҳусанов уларни сўкиб-ҳақоратлаб, Г.Нурматовни урмоқчи бўлганда Г.Нурматов жабрланувчининг ғайриқонуний ва ахлоққа зид
хулқ-атвори таъсири остида унга қасддан тан жароҳат етказиш мақсадида У.Ҳусановни ураётган вақтда, К.Мавлонов ҳам шу мақсадда келиб қўшилиб, гуруҳ бўлганлари ҳолда У.Ҳусановга тан жароҳатлари етказишган.

Суд иш бўйича фуқаровий даъво масаласини муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан Сўх туман прокуратураси томонидан киритилган даъво аризасини ҳамда фуқаровий даъвогар А.Хисеновнинг суд мажлисидаги даъвосини қисман қаноатлантиришни лозим топди.

Хусусан Сўх туман прокуратураси томонидан Г.Нурматов ва К.Мавлоновлардан А.Ҳисенова фойдасига 58 миллион 427 минг 192 сўм моддий зарар ундириш ҳақидаги даъво аризаси киритилган.

Фуқаровий даъвогар А.Ҳисенов судда ўғли У.Ҳусанов шифохонада ётганида дори-дармонлар, Фарғона шаҳридан мутахассис олиб келишга, Қирғизистонда “Чай” томонидан жаримага тортилганида, Фарғонада “Чай” томонидан жаримага тортилганида, оила аъзоларининг Фарғона шаҳрига бориб-келишлари ва озиқ-овқатлари, ётоқларига, автомашина ёқилғисига, шунингдек, дафн ва бошқа диний маросимларга сарфлаган пулларни ҳамда Фарғона шаҳрида ўтказилган суд мажлисига жами 32 нафар оила аъзолари ва гувоҳлар билан етиб келишлари учун йўл ҳақига сарфлаган пулларни ундириш ҳақида даъво қўзғатди.

Бироқ, фуқаровий даъвогар А.Ҳисеновга етказилган моддий зарар асосларини исбот қилиш учун муддат берилган бўлса-да, У.Ҳусановга ишлатилган 3 дона плазма, кислород баллони, Фарғона шаҳридан мутахассис олиб келиш ва унинг Сўх туманида бўлган вақти харажатлари, Қирғизистондан кетаётганида “Чай” томонидан тортилган жарима, Фарғонада “Чай” томонидан тортилган жарима, Фарғона шаҳрига
бориб-келиш, озиқ-овқат ва ётоқхона харажатлари, автомашина ёқилғиси харажатлари асосларини исбот этувчи маълумотлар судга тақдим этилмади.

У.Ҳусановни дафн қилишда ва бошқа диний маросимларда сарфланган харажатлар (26 миллион 603 минг сўм) асосларини исбот қилувчи маълумотлар тақдим этилган бўлса-да, мазкур харажатларга келгусида бажарилиши режалаштирилган диний маросимлар учун сарфланадиган харажатлар (12 милиион 334 минг сўм) ҳам киритиб юборилган.

Фарғона шаҳрида ўтказилган суд мажлисига жами 32 нафар оила аъзолари ва гувоҳлар билан етиб келишлари учун йўл харажатларини ундириб бериш сўралган бўлса-да, жабрланувчи қонуний вакил, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг суд мажлисига келиб-кетиш харажатлари асосларини исбот қилувчи маълумотлар тақдим этилмади.

Шунга кўра ҳамда фуқаровий даъво асосларини исбот қилувчи маълумотларга асосан, суд, У.Ҳусановнинг дори-дармонлар учун Сўх туманидаги шифохонада сарфланган 5 миллион 209 минг 692 сўм ҳамда Фарғона шаҳридаги шифохонада сарфланган 11 миллион 739 минг 100 сўм моддий зарар, шунингдек У.Ҳусановни дафн қилиш ва бошқа диний маросимлар учун сарфланган 11 миллион 400 минг сўм харажатлар ҳисобидан фуқаровий даъвогар А.Ҳисенов фойдасига судланувчи Г.Нурматов ва К.Мавлоновлардан солидар тартибда жами 28 миллион 348 минг 792 сўм моддий зарар ундиришни, фуқаровий даъвогар А.Ҳисеновга келгусида оиласига етказилган бошқа моддий зарарлар юзасидан фуқаровий даъвонинг асосларини исбот қилган ҳолда фуқаролик суди тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқини тушунтиришни лозим топди.

Бундан ташқари, суд фуқаровий даъвогар А.Ҳисенов ва унинг оила аъзоларига етказилган маънавий зарарни ундириш масаласини муҳокама қилиб, адолатлилик ва оқилоналик талабларига риоя қилиб, фуқаровий даъвогар А.Ҳисенов ва жабрланувчининг қонуний вакили А.Ҳисеновалар томонидан маънавий зарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини
(100 миллион сўм), шунингдек, жабрланувчининг оила аъзоларига етказилган маънавий азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, яшаш шароитларини, жабрланувчи қонуний вакил А.Ҳисенованинг қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари қолганлигини, судланувчи Г.Нурматов ва К.Мавлоновларнинг моддий аҳволини ҳамда бошқа эътиборга молик ҳолатларни инобатга олиб, маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвони қисман қаноатлантириб, фуқаровий даъвогар А.Ҳисенов фойдасига судланувчи Г.Нурматов ва К.Мавлоновлардан солидар тартибда жами 15 миллион сўм маънавий зарар ундиришни мақсадга мувофиқ деб топди.

Амалдаги қонунларга биноан Нурматов Гулханжон Мухаматович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмини “д” банди билан айбдор деб топилиб, 8  йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Мавлонов Каримберди Раҳмонбердиевич  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисмини “д” банди билан айбдор деб топилиб, 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Г.Нурматов ва К.Мавлоновлардан фуқаровий даъвогар А.Ҳисенов фойдасига солидар тартибда 28 миллион 348 минг 792 сўм моддий ва 15 миллион  сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.

Фуқаровий даъвогар А.Ҳисеновга келгусида мазкур жиноят иши доирасида оиласига етказилган бошқа моддий зарарлар юзасидан фуқаровий даъвонинг асосларини исбот қилган ҳолда фуқаролик суди тартибида даъво қўзғатиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Рустамжон ЗАРИПОВ, жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар