ҚАРЗДОР ЧИДОЛМАСДАН КАТТА ҚАРЗИНИ ТЎЛАБ ЮБОРДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 20 июндаги қарздор Маҳмудов Ботирдан ундирувчи Абдулахатов Абдужаббор фойдасига 49 миллион 601 минг 600 сўм қарз ундириш белгиланган ва мазкур суд ҳужжатига асосан Мажбурий ижро бюроси Қўқон шаҳар бўлими томонидан 2019 йил 2 августда ижро иши қўзғатилган эди.

Давлат ижрочиси томонидан қарздор Б.Маҳмудовга суд ҳужжати ижросини таъминлаш учун 15 кун ихтиёрий муддат белгилаб берилган, бироқ қарздор шу муддат давомида ҳам ундирувчи А.Абдулахатовга қарзини тўлашдан бош тортиб келди.

Оқибатда давлат ижрочиси мажбурий ижро ҳаракатларига киришиб, 2019 йил 26 августга қарздор Б.Маҳмудовнинг яшаш манзилида кўздан кечириш ҳаракатини белгилаб, шу куни шаҳар ИИБ профилактика инспектори, бошқа ваколатли идоралар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини раиси, холислар иштирокида кўздан кечириш ва мол-мулкини хатлаш ижро ҳаракати ўтказилаётган вақтда қарздор уйдаги қимматбаҳо жиҳозларини хатлаб олиб кетишига чидаб тура олмасдан суд ҳужжатида белгиланган 49 миллион  601 минг 600 сўм қарзни ундирувчи А.Абдулахатовга тўлиқ тўлаб берди.

Шунга кўра, ижро иши юритуви “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 41-моддаси 1-бандига асосан тамомланди.

Жасурбек ЮЛДАШЕВ, МИБ Қўқон шаҳар бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар