АСОССИЗ ҚАРЗДОРЛИКЛАР БАРТАРАФ ЭТИЛМОҚДА

Бағдод туманида фуқароларнинг мурожаатлари ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлимига жорий йилнинг ҳисобот даврига қадар 400 дан ортиқ фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди ва мурожаатларни ўрганиш давомида 176 тасининг ҳуқуқи тикланди.

Соҳа нуқтаи-назаридан келиб чиққан ҳолда келиб тушган мурожаатлар ва ўтказилган мониторинглар давомида туманда истиқомат қилувчи электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва чиқинди бўйича таъминотчи корхоналар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга асоссиз равишда қарздорлик ҳисоблаш ва натижада МИБ ходимлари ҳаракатларини қораловчи фикрлар билан  Ўзбекистон Республикаси Президентига, Халқ қабулхонасига ва бошқа юқори турувчи идораларга мурожаат қилиш ҳолатлари кўпайгани кузатилди.

Масалан, Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлими томонидан Бағдод тумани, Қоракўл маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Ортиқовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига Халқ қабулхонаси орқали электр энергияси ҳисоб-китобидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Мурожаатда кўрсатилган ҳолатлар ўрганилганида, туман электр тармоқлари корхонасининг берган маълумотида Бағдод тумани, Қоракўл қишлоғида жойлашган масжид биноси фуқаро М.Абдуллаев номига расмийлаштирилиб, 62240319-абонент рақами юритилганлиги, электр ҳисоблагичнинг завод рақами 468812, DDS28u-русумли эканлиги, фуқаро Р.Ортиқов томонидан фойдаланилган электр энергияси учун 2019 йил 1 июнь куни кўрсаткич 5131 гача тўловни амалга оширган бўлиб, бугунги кунга 462026 сўм қарздорлик мавжудлигини маълум қилган.

Ушбу ҳолатларга ойдинлик киритиш мақсадида Қоракўл МФЙ ҳудудидаги масжидига бориб, у ерда фойдаланилаётган электр ҳисоблагич кўрилганида, СО-2М типли қора ҳисоблагич ўрнатилганлиги, ушбу ҳисоблагични наряд ҳужжати бугунги кунга қадар расмийлаштирилмаганлиги, ушбу қора ҳисоблагич кўрсаткичи 9017 бўлганлиги аниқланди.

“ПК-электр ҳисоб” дастурида ушбу абонент томонидан фойдаланилган электр энергияси ва амалга оширилган тўловлари таҳлил қилинганида эса, ҳақиқатдан ҳам Қоракўл қишлоғида жойлашган масжид биноси фуқаро М.Абдуллаев номига расмийлаштирилиб, 62240319-абонент рақами юритилганлиги, электр ҳисоблагичнинг завод рақами 468812, DDS28u-русумли эканлиги аниқланиб, ушбу абонент рақамига охирги маротаба 2018 йил 8 июнь куни 230 минг сўм тўлов амалга оширилганлиги, электр ҳисоблагич кўрсаткичи 5131 га ва бугунги кун ҳолатига кўрсаткич 9017 бўлганлиги ҳисобига 971 минг 500  сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланди. Фуқаро М.Абдуллаев номига расмийлаштирилиб, электр энергиясидан фойдаланиш натижасида аниқланган қарздорлик ҳаққоний қарздорлик ҳисобланиб, ушбу қарздорликни кечиш бўйича ҳеч қандай хатлов ўтказилиши мумкин эмас.

Қоракўл маҳалласидаги масжид биносида ҳозирги кунда фойдаланиб келинаётган электр энергияси ҳисоблагичи СО-2М типли қора ҳисоблагич бўлсада, лекин туман Электр тармоқлари корхонасининг масъул шахслари ушбу ҳолатларни тўлиқ ва холисона ўрганмасдан, амалга оширилган тўловларни таҳлил қилмасдан, ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндошиб, панжа ортидан қараган ҳолда “ПҚ-электр ҳисоб” дастурига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритган ва фуқарони сарсон қилиш ҳолатларига йўл қўйган.

2-ҳолат: Хўжақишлоқ маҳалласидаги “Истиқлол” кўчасида яшовчи фуқаро У.Асқарованинг 2019 йил 28 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч телефони” орқали ичимлик сувидан асоссиз равишда 300 минг сўм қарздор қилиб қўйилганлигидан норози бўлиб, ушбу муаммони ижобий ҳал этиб беришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди. МИБ Бағдод туман бўлими томонидан мазкур мурожаат юзасидан фуқаро У.Асқарованинг яшаш хонадонига борилиб кўрилганида, фуқаро У.Асқарова 1-гуруҳ ногирони бўлганлиги сабабли оила қурмасдан ота-онаси билан бирга Бағдод тумани, Матқулобод қишлоғидаги уйида яшаб келганлиги, ота-онаси вафот этгандан кейин ушбу уйда бир ўзи якка-ёлғиз қолганлиги сабабли 2016 йилда Бағдод туман, Хўжақишлоқ маҳалласида яшовчи опаси уни дори-дармонига, соғилиғига қараб туришлик учун ўзи яшайдиган уйга олиб келганлиги ва ҳозирда ҳам бирга яшаётганлиги маълум бўлди. Ҳақиқатдан ҳам Матқулобод МФЙнинг 2019 йил 6 мартдаги 181-сонли маълумотномасида фуқаро У.Асқарова 2016 йилдан буён Матқулобод маҳалласида яшамасдан, Хўжақишлоқ МФЙда яшайдиган опаси билан бирга яшашлигини маълум қилган. МИБ Бағдод туман бўлими томонидан ўрганиш натижасида эса ушбу фуқарога “Сувоқава” ДУК Бағдод туман филиали томонидан асоссиз равишда қарздорлик қўйилганлиги ва ушбу қарздорлик ҳақиқатдан асоссиз эканлиги ўз исботини топганлиги боис фуқаро У.Асқарованинг ичимлик сувидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақида 2019 йил 7 март куни 119-сонли маълумотнома тақдим этди.

3-ҳолат: МИБ Бағдод туман бўлими ўрганиши давомида Бағдод туман Электр тармоқлари корхонаси масъул ходимлари томонидан аҳоли ва юридик истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси соҳасида йўқотилган кВт.соат.ларнинг ҳисоб-китобини тўлиқ ва ҳаққоний юритмасдан ўзларига юклатилган вазифаларга масъулиятсизлик билан ёндошиб келганлиги аниқланди.

Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлими давлат инспекторлари томонидан истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси учун ҳисоб-китобларни белгиланган тартибда амалга оширилиши ва тўғри юритилишини таъминлаш ҳамда “СМС Обход”ларни тасдиқлаш ва бошқа амалиётларни бажарилиши устидан мониторинг ўтказилиб келинмоқда.

“Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2019 йил 4 сентябрдаги 6926-11-3-сонли маълумотномасида МИБ Бағдод туман бўлимининг 5 та давлат инспектори томонидан истеъмолчиларнинг электр ҳисоблагичларини нотўғри кўрикдан ўтказганлиги ҳисобига жами 7780 кВт.соат тўпланиб турганлиги, июль ойи якуни билан туманда 1.9 миллион кВт.соат электр энергияси ўз эгаларига ҳисобланмай қолганлиги, йил бошидан истеъмолчиларга ҳисоб-китоб қилинмай қолган электр энергияси миқдори 4.7 миллион кВт.соатни ташкил қилаётганлиги ҳақида кўрсатилган.

Лекин, Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлими туман электр тармоқлари корхонаси электр энергияси оқимини назорат қилиш бўлими муҳандиси Р.С. билан биргаликда маълумотда кўрсатилган 5 нафар истеъмолчиларни яшаш хонадонига бориб, электр ҳисоблагичлари кўрсаткичлари ўрганилганида, маълумотда кўрсатилган ҳисоблагич кўрсаткичлари умуман нотўғри кўрсатилганлиги, электр тармоқлари корхонаси электр энергияси оқимини назорат қилиш бўлими муҳандиси Р.С. ушбу истеъмолчиларни яшаш хонадонларига бормасдан, электр ҳисоблагични кўзи билан кўрмаган ҳолда “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖга маълумот тақдим этганлиги маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича туман Электр тармоқлари корхонаси электр энергияси оқимини назорат қилиш бўлими муҳандиси Р.С.дан тушунтириш хати олинганда, Р.С. ўз тушунтириш хатида маълумотда кўрсатилган 5 нафар истеъмолчилар ва муқаддам берилган маълумотларни истеъмолчиларни яшаш хонадонига ўрнатилган ҳисоблагичларни кўрмаган ҳолда “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖ сўровига асосан тақдим этиб борганлиги ҳақида баён қилди.

Масалан, Бағдод тумани, Шўроқер қишлоғида яшовчи фуқаро С.И.нинг яшаш хонадонига кириб, электр ҳисоблагичини кўрганимизда, ТЭТК Бағдод туман филиали муҳандиси Р.С. вилоят электр тармоқлари корхонасига тақдим этган маълумотида 9259 кўрсаткич мавжудлиги, МИБ Бағдод туман бўлими давлат инспектори томонидан 8524 кўрсаткич ташлаб 735 кВт.соат тўпланишига сабаб бўлганлиги ҳақида кўрсатган, ваҳоланки, фуқаро С.И.нинг яшаш уйидаги ҳисоблагич кўрсаткичи 8550.05 бўлган. Ушбу ҳисоблагични бўлим давлат инспектори жорий йилнинг 6 сентябрь куни кўрикдан ўтказганида ҳисоблагич кўрсаткичи 8546 бўлган. Маълумотда кўрсатилган қолган истеъмолчилар тўғрисидаги маълумотлар ҳам нотўғрилиги аниқланди.

Шу сабабли Бағдод туман Электр тармоқлари корхонаси электр энергияси оқимини назорат қилиш бўлими (ОРК) муҳандиси Р.С. томонидан  “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари” АЖга жисмоний ва юридик шахсларни жойига бормасдан, электр ҳисоблагичларни кўзи билан кўрмаган ҳолда сохта  маълумотлар тақдим этиб келаётганлиги маълум бўлди.

4-ҳолат: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Сув таъминоти ва сув чиқариш хизмати кўрсатиш соҳасида тўлов интизомини тубдан такомилаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5241-сонли Фармони ва Бюро директорининг 2019 йил 29 мартдаги 30-Ф-сонли Фармойиши асосида туманда ичимлик суви истеъмолчилари ва сув чиқариш хизматидан фойдаланувчиларни хатловдан ўтказиш ишлари олиб борилди.

Ичимлик суви истеъмолчилари ва сув чиқариш хизматидан фойдаланувчиларни хатловдан ўтказиш бўйича Фарғона “Сувоқава” ДУК раҳбари ва барча масъул шахслари ҳамда Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлими мониторинг ва ҳисоб шўъбаси инспекторлари ҳамда давлат инспекторлари иштирокида кенгайтирилган йиғилишда сув истеъмолчиларини ўз вақтида ва сифатли хатловдан ўтказишлари, ҳар бир ходим ва давлат инспекторларига хатлов далолатномаси расмий ҳужжат эканлиги, ҳар бир амалга оширилаётган хатлов ишлари натижасида юзага келаётган реал ёки нореал қарздорликларни аниқ ва тўғри ҳисобланганлигига эътибор қаратилиши, хатлов ўтказилишидан мақсад асоссиз қарздорликларни аниқлаб, дебитор қарздорликларни қисқартиришдан иборат эканлиги ҳақида тушунтиришлар олиб берилган бўлишига қарамасдан “Сувоқава” ДУК Бағдод туман филиали масъул ходимлари томонидан нореал қарздорликларни аниқлаб, хатловдан ўтказиш йўли билан қарздорликларни қисқартириш ўрнига ичимлик сув етиб бормаган, сув таъминоти яхши бўлмаган ҳудудлардан қўшимча абонентларни киритиш ва уларга ҳам асоссиз қарздорликларни ҳисоблаш ишларини давом эттирганликлари аниқланди.

Бағдод туманида 2019 йилнинг 1 авуст ҳолатига ичимлик суви бўйича жами 35867 та истеъмолчилар мавжуд бўлиб, шундан 2102 таси ичимлик суви ҳисоблагич ускунаси ўрнатилганларни, 33765 таси ҳисоблагич ўрнатилмаганларни ташкил этади.

Жорий йилнинг 31 августига қадар 35867 та ичимлик суви истъемолчилари тўлиқ хатловдан ўтказилган бўлиб, хатлов натижасида жами 5717 та ҳақиқатда сув таъминоти ва сув чиқариш хизматидан фойдаланувчи истеъмолчилар мавжудлиги, 3481 та истеъмолчиларнинг 222091.96 сўм дебитор, 2420 та истеъмолчиларнинг 173292.2 сўм кредитор қарздорликлари мавжудлиги аниқланди.

Шунингдек, ўтказилган таҳлиллар натижасида “Water control” дастуридан ҳисобдан чиқарилиши лозим бўлган 30150 та истеъмолчиларни 1314008.0 сўм қарздорликларини, шундан 185 та истеъмолчини 19986.6 сўм асоссиз нореал ҳисобланган қарздорликлари, 698 та 75254.7 сўмлик сувлашган ҳудуддаги истеъмолчилар, 29249 та истеъмолчиларни ҳақиқатдан яшаш хонадонида ичимлик суви мавжуд бўлмасада асоссиз равишда 1218759 минг сўмлик қарздорликлар ҳисобланганлиги аниқланди.

Саиджон ҚЎШМОҚОВ, Мажбурий ижро бюроси Бағдод туман бўлими бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар