ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судининг 2016 йил 29 мартдаги қарори билан Ахроров Эркинжондан ундирувчи Юлдашева Машрабхон фойдасига уч нафар вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган бўлиб, 2016 йил 28 апрелда ижро иши юритуви қўзғатилганди.

Бироқ, қарздор ота ўзининг вояга етмаган фарзандларининг олдидаги оталик бурчини виждонан бажариш ўрнига, Мажбурий ижро бюроси Бувайда туман бўлими давлат ижрочисининг алимент тўлаш ҳақидаги талабларига рад жавоби бериб келди.

Хусусан, қарздор ота 2016 йил март ойидан 2019 йил июль ойига қадар  40 ой давомида жами 20 миллион 636 минг сўмлик алимент пулини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келди.

Ҳаттоки, қарздор Э.Ахроровга нисбатан Бувайда туман маъмурий суди томонидан 2019 йил 29 январда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 474-моддаси 1-қисмига асосан тайинланган 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси ҳам таъсир қилмаган кўринади. Жазони ўтаб чиққандан кейин ҳам у ўз фарзандлари учун алимент тўламаслигини маълум қилди.

Шунга кўра, Бюронинг Бувайда туман бўлими томонидан 2019 йил 5 сентябрда қарздор Э.Ахроровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўктамжон АБДУРАСУЛОВ, МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар