ЖАЗО МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2011 йил 19 декабрдаги қарори билан қарздор С.Абдуллаевдан (исм-шарифи ўзгартирилган) ундирувчи М.Ходжиматованинг фойдасига      икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланганди.

Бироқ, қарздор С.Абдуллаев ўзининг икки нафар норасида фарзандлари учун алиментни бир неча ойдан буён тўлашдан бош тортиб келди. Бюронинг Қува туман бўлими давлат ижрочиси Ў.Тўлқинжонов қарздор С.Абдуллаевнинг Қува тумани, Сойкелди қишлоғига бориб, ундан алиментдан бўлган қарздорликни бартараф этиш лозимлигини талаб қилди.

2019 йил 16 август куни соат 14:10 ларда қарздор С.Абдуллаев давлат ижрочиси Ў.Тўлқинжоновга дўқ-пўписа қилиб, қайтариб юбормоқчи бўлди, бироқ давлат ижрочиси ундан алимент ўз вақтида тўланмаганлиги учун қонунда маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланганлигини тушунтиришга уринди. С.Абдуллаев эса ўз фарзандлари учун ҳақ тўламаслигини айтиб, давлат ижрочиси билан ўзаро жанжаллашиб, уйига кириб кетиб, темир жисм кўтариб чиқади ва кўчада алимент тўлови учун пул олиб чиқишини пойлаб турган давлат ижрочисини темир жисм билан уриб-калтаклади.

Оқибатда давлат ижрочиси Ў.Тўлқинжоновнинг чап тизза қопқоғи жойидан травматик силжиб синган ва бошқа ўрта оғирликдаги тан жароҳатлари олиб, Қува туман Тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида унга тез-тиббий ёрдам кўрсатилди.

Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 83-моддасида давлат ижрочиси ҳокимият вакили эканлиги белгилаб қўйилган. Ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиш эса жиноятдир.

Шунга кўра, мазкур ҳодиса юзасидан 2019 йил 10 сентябрда Қува туман прокуратураси томонидан фуқаро С.Абдуллаевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 219-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят учун жавобгарлик ва жазонинг муқаррарлиги албатта, таъминланади.

У.МИРЗААБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бош инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар