АСОССИЗ ҚАРЗЛАР ҚАЕРДАН ПАЙДО БЎЛЯПТИ?

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилгунга қадар электр энергияси ва табиий газдан ҳисобга олиш приборларидан ташқари асоссиз қарздорликни сунъий яратиш ва уларни тўлаш талаб этилганлик ҳолатлари аҳолини қийнаб келган муаммолардан бири эди.

Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганидан кейин аҳоли истеъмолчиларининг “Электрҳисоб” ва “Биллинггаз” дастурлари орқали ноқонуний киритиб қўйилган асоссиз қарзларини ҳисобдан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Биргина Бюронинг Марғилон шаҳар бўлими томонидан 2019 йилнинг  ўтган 8 ойи давомида электр энергияси ва табиий газдан жами 2707 та аҳоли истеъмолчилари ҳисобварақларига нотўғри киритилган қарздорликлар тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосан “Электрҳисоб” ва “Биллинггаз” дастурларидан ҳисобдан чиқарилгани ҳолда, уларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Жумладан, Марғилон шаҳар, “Чилонзор” МФЙ, “Тинчлик” кўчаси, 159-уй, 4-хонадонда яшовчи фуқаро Х.Ҳамиджановнинг яшаш манзили бўйича электр энергиясидан бўлган мавжуд 27 миллион 704 минг 800 сўм қарздорликни давлат инспектори тўлашни талаб қилгани йўқ, аксинча истеъмолчидан ариза олиб, тегишли мутахассислар жалб қилган ҳолда ўтказилган ўрганишда мазкур қарз мутлақо асоссиз эканлиги аниқланди ва тегишли ҳужжатлар асосида дастурдан чиқарилди.

Ёки, Марғилон шаҳар, Зумрад кўчаси, 8-уйда яшовчи фуқаро А.Умурзақовнинг хонадони бўйича 22 миллион 228 минг 400 сўм, Қози розий номли кўча, 39-уйда яшовчи фуқаро Б.Комиловнинг хонадони бўйича 20 миллион 503 минг 300 сўм, “Баркамол авлод” кўчаси, 27-уйда яшовчи фуқаро А.Холмирзаевнинг хонадони бўйича 2 миллион 340 минг 800 сўм асоссиз қарздорликлар белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилди.

Айрим ҳолатларда табиий газ истеъмоли тўхтатилган ҳудудларда яшовчи аҳолига ҳам асоссиз қарздорликлар ёзилишига йўл қўйилган. Жумладан, Марғилон шаҳар, Б.Нақшбандий номли кўча, 200-уйда яшовчи фуқаро Х.Джалиловнинг хонадони 2014 йилда табиий газ тармоғидан узилган бўлсада, унга кейинги 5 йил давомида 5 миллион 848 минг 800 сўм қарз ёзилган. Бюронинг шаҳар бўлими аралашуви билан мазкур қарздорлик “Биллингаз” дастуридаги истеъмолчининг шахсий ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилди.

Шу каби, фуқаро Б.Алиевга 3 миллион 500 минг сўм, Ж.Саидовга 2 миллион 800 минг сўм, М.Расуловга 2 миллион 300 минг сўм, Б.Бекмирзаевга 1 миллион 900 минг сўм асоссиз ҳисобланган қарздорликлар ҳам ҳисобдан чиқарилди.

Бағдод туманида эса аҳолига ичимлик суви етказиб бериш ва хизматлари кўрсатиш бўйича таъминот корхонаси махсус дастурига киритилган жами  35867 та сув истеъмолчилари Бюронинг туман бўлими ходимлари томонидан тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 29249 та истеъмолчиларнинг яшаш хонадонларига ичимлик суви етказиб берилмагани ҳолда 1 миллиард 218 миллион 700 минг сўмлик қарздорлик мутлақо асоссиз ҳисобланганлиги аниқланди ва ҳисобдан чиқарилди.

Ҳозирда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган шу каби ижобий тадбирлар Бюронинг барча туман-шаҳар бўлимлари томонидан давом эттирилмоқда.

Эндиликда истеъмолчи фуқаролар шахсан асоссиз ҳисобланган қарздорликлар масаласида бевосита Бюронинг тегишли бўлимига мурожаат қилишларини тўғри деб ҳисоблай бошламоқдалар.

Жамшидбек БЕГМАТОВ, МИБ Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари.

Дўстларингизга улашинг:

Сўнгги хабарлар
Архив
Рукнлар